Ижтимоий тармоқларнинг ижтимоий манзараси

    Интернет саҳифалари, ижтимоий тармоқлар, турли ташкилот ва муассасаларнинг расмий сайти жуда фаоллашиб бораётгани кўзни ҳам, кўнгилни ҳам қувонтирмоқда. Бу ҳаммага ўз фикрини, қарашларини, нуқтаи назарини айтиш учун жуда эркин майдон вазифасини ўтамоқда. Бироқ...

    Кейинги пайтларда бу эркинлик моҳияти одам ўзи тушунган-тушунмаган мавзуларга бемалол бурун тиқиши, ўринлими ёки ўринсиз истаган гапини, ҳатто ҳақоратомуз сўзларини ҳам ёзишидан иборат бўлиб қолди. Видеоларни айтмайсизми...

    Бир сартарош ўшқириб, мижознинг сочини буткул олиб ташлаган, бир жувон боласини калтаклаганини камерага тушириб, шу лавҳани хорижга кетган эрига борган. Эри эса дарров уни ижтимоий тармоққа жойлаган. Бир-бирини тушуниш, муаммони ҳал этиш ўрнига оиланинг икки каттасининг қилган ишини, кўрсатган намунасини қаранг-а. Ёшларнинг муштлашаётгани, тўй-ҳашамда пачкалаб пулларни гоҳ томга чиқиб, гоҳ машина ойнасидан сочаётгани, кимлар уларни олқишлаётгани... Фақат шу пул сочаётганлар нимадан завқ олаётганини тушунолмай ҳайронмиз-да... Хуллас, зерикиш йўқ, ранг-баранг лавҳалар. Камига дори-дармон, кийимкечак рекламалари. Эҳҳе, кўриб, ўқиб “дил яйрайди”, асаблар “дам олади”.

    Бунда ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчи ҳар бир кишининг савияси, саводи, маданияти, маънавий қиёфаси шундоқ кўриниб турадики, “ижодкор”лигидан ҳайратланмай иложи йўқ. Бу тоифадан руҳланиб, ўрнак олиб, бошқалар ҳам нималарнидир суратга оляпти, ёзяпти, чизяпти.

    Фан-техника, инновация тараққиёти туфайли бу майдон қўлингиз тагида турибди. Таҳририятларга бориб рмайсиз, қачон эълон қилишаркан, қораламамнинг савиясини қандай баҳолашаркан деб ҳам бош қотирмайсиз. Шартта икки оғиз фикр ёзсангиз, телефонда ниманидир тасвирга олиб жойласангиз, лоп этиб ижтимоий тармоқ ва сайтларда чиқиб турибди-да. Ёзган қораламаларингиз, олган суратларингизни кўриб, зўр, ақлли гап айтгандек қувониб кетасиз. Аниқроғи, ўзингизни анча зукко, ҳозиржавоб ҳис этасиз. “Қойиллатиб гап айтиб қўйдим, ҳамма ҳайрон қолса керак”, деган ўйингиздан жўшиб кетасиз.

    Метро, автобусларда ўтириб кетаётган айрим ёшлар тик турган ёши катталар, аёллар кўзига тик қарашга “уялиб”, телефонда шуларни томоша қилганча ўзини ўзи банд қилиб кетади.

    Ижтимоий тармоқлар, сайтлардан шу йўсинда фойдаланаётган ишқибозлар, “ижодкорлар”нинг қанчалар саводли ёзаётгани, қанақа фикр-мулоҳаза билдираётганига эътибор бермаётгани ҳам алоҳида мавзу. Масалан, “Хокимлар кайакко карйапти... Свет учиб колса кайирга ориш керак... Блик овга келила” каби гапларнинг тўғри ёзилганини текширишга, ўринли ёки ўринсиз эканини мулоҳаза қилишга вақти ҳам, хат-саводи ҳам, умуман, савияси ҳам йўқлигини мардларча билдириб турибди. Қолаверса, кўпчилик бунга эътибор ҳам бераётгани йўқ, тўғрими? Энг муҳими, халқнинг маънавияти, ақл-идроки инъикоси деб таърифланган она тилида ёзяпти-ку.

    Айрим телеканаллар титрида учраётган имловий хатолар (“Янги йилни нишоллаймиз”, “Ижоткор дўстлар” каби) билан ҳам булардан ўтиб кета олмайди. Чунки уларда баъзан, ижтимоий тармоқларда эса мунтазам ва оммавий кўринишда акс этиб турибди.

    Бу борада кўпчиликнинг ўзбек тилида шундай эркин, истаган кўринишда ёзаётганининг ўзини оқлайдиган муҳим сабабларидан бири — аҳоли китоб, босма нашрларни ўқимай, “қимматли вақти”ни тежаётганида. Китоб ёки газета-журнал учун пул тежаб, бир неча соатлик данғиллама тўй-ҳашам, туғилган кун, ҳеч бўлмаса, улфатлар билан “ўта муҳим гаплар” айтиладиган гап-гаштак учун сарфлаётгани тафаккурнинг ўзгарганидан далолат беради. Қайси томонга эканининг аҳамияти йўқ.

    Энг таъсирлиси, бугунги болалар, ёшлар телефонга бор меҳрини, вақтини ажратган. Улар айрим савиясизлар ёзаётган гап-сўзларни ўқийди, ўрганади, тақлид қилади. Турли видеолавҳаларни мириқиб кўради. Шу маънода, келажак авлодга саводсизлик учун кенг имкониятлар яратиляпти. Ахир улар шундоқ ҳам мактабларда муаллимларнинг хатони кўрсатиши, тузатиши, танбеҳидан безиб кетган.

    Ундан кўра, “Баха 01”, “Даврон сваршик”, “Нигина LY” каби бир-биридан cирли тахаллуслар билан ижод қилаётган “устозлари”дан ўрганганлари яхши-да. Қолаверса, сиз ҳам болангиз (неварангиз)ни овутиб, таълимтарбия беришдек ғалвадан қутқараётгани учун телефонни қўшқўллаб тутқазасиз. Ахир шу бир парча матоҳ ҳам тарбия, ҳам таълим беришга улгуради. Муҳими, буларнинг бари виждонингизни қийнаш тугул, асабингизга ҳам тегмайди. Ана шундай совуққонлик, бепарволик билан кузатишда давом этаверинг.

    Лекин бир гапни айтиб қўйиш керак. Ижтимоий тармоқнинг яна бир ўзига хос жиҳати бор. Масалан, илғор иштирокчилар “лайк” — рағбат олишни биринчи галдаги мақсад деб билади. Сиз ҳам нималар ёзаётганингиздан, бошқалар қандай муносабат билдирганидан кўра, лайклар сонига кўпроқ қизиқинг. Шунда янада машҳур бўласиз. Маънавият, маърифат, савод деганлари бир гап бўлар. Нима дедингиз?..

    Рустам БОЙТЎРА,

    журналист

    Фельетон

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates