Мўйсафид тарих саҳифаларида дунёнинг турфа қиёфалари битикларини ўқиш мумкин. Қадим асрлардан буён унинг шаклу шамойили неча бор ўзгарган экан?! Лекин бугунгидай таҳликалар, жиддий синовлар қаршисида мардона туриш, бунда миллий давлатчилик, ўзликни сақлаб қолиш, тинчлик-осойишталикни, халқ фаровонлигини таъминлаш ниҳоятда мушкул вазифа бўлиб қолмоқда.
Қувонарлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ана шу ғоят мураккаб ва буюк вазифа моҳирона уддаланмоқда. “Янги Ўзбекистон руҳи”ни ўзида жо этган бу тарихий ўзгаришлар ҳар бир юртдошимиз шуурига кўтаринкилик кайфиятини сингдириб келаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Бугун бундай қутлуғ эврилишлар солномаси бизни 2024 йилда эришилган ютуқларимизнинг катта таҳлилига чорлаб турибди. Зеро, нимагаки эришган, халқимиз ҳаётида қандай яхши ўзгаришлар қилган бўлсак, уни биров четдан келиб, ўринлаб бергани йўқ. Уларнинг барига ўз қудратимиз, бирлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз, фидойи меҳнатларимиз эвазига эришдик.
Ҳа, бу натижаларга эришиш учун давлатимиз раҳбари бошчилигида йил бўйи тинимсиз меҳнат қилинганини яхши биламиз. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти 2024 йилда халқимиз турмуши фаровонлигига хизмат қилган ислоҳотларни бирма-бир ёритиб боришни ва бу йўналишдаги мақолаларни “2024 ЙИЛ: ислоҳотлар сарҳисоби” деган рукнда бирлаштиришни мақсад қилди.
Шундай қилиб, бу туркумдаги биринчи мақола Президентимиз Шавкат Мирзиёев етакчилигида “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган конституциявий тамойил асосида аҳолини камбағалликдан чиқариш ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган жозибадор саъй-ҳаракатларнинг янги босқичга қадам қўйгани ҳақидадир.
Ташаббускор давлат
Мамлакатларни ривожланган, ривожланаётган ёки қолоқ давлатлар сафига бўлиш мумкин. Бу мезонлар ўз йўлига, аммо кейинги йилларда бошқа бир сифат пайдо бўлдики, у инсонларнинг ўз она юртидаги тақдири билан боғлиқ.
Демак, сиёсий можаролар, қуролли тўқнашувлар, уруш гирдобида яшаётган, эртанги куни нима билан тугаши мавҳум бўлиб қолаётган, қорни тўйиб овқат емаётган, фарзандлари таълимдан бебаҳра, келажаги қоронғи мамлакатлар бир томон, бутун дунёдан узилиб, якка-ёлғиз кун кўриш йўлини танлаган, замонавий тараққиётдан холи давлатлар ўзи билан ўзи бошқа томон, тинчликсевар оламга кенг очилиб, барча қитъаларни ўзаро боғлиқликда, ҳамжиҳатликда ривожланишга, сиёсий аҳилликка чорлаб келаётган мамлакатлар эса алоҳида камёб томондир.
Яратганга беҳад шукрки, янги Ўзбекистон ана шу учинчи сафга киради, нафақат шундай, балки бу мақомда ташаббускор давлат сифатида ўзининг мустаҳкам позициясига эга.
Албатта, бу баландпарвоз гаплар эмас. Асосланган ва эътирофларга тўла фикрлар.
Биринчидан, Ўзбекистон дунёга борича очилди. Ўтган асрдан буён елкамизда оғир юк бўлиб келаётган ташвишли муаммолар тан олинди. Ва энг муҳими, уларга бирин-кетин ечим топилиб, вазият бутунлай ўнгланди.
Масалан, мамлакатда камбағаллик даражаси очиқланди. Пахта сиёсати билан боғлиқ асрий қарашлар ўзгартирилди, мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Ўзимизнинг тадбиркорлар, чет эллик инвесторлар учун адолатли, ҳуқуқий асоси мустаҳкам муҳит яратилди.
Иккинчидан, қўшни давлатлар билан “музлаган” алоқалар қайта тикланди, чегаралар очилди. Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан дўстона муносабатларга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Учинчидан, мамлакатда илк бор иқтисодий ўсиш динамикаси маънавиятга эътибор қаратиш даражасига етди.
Тўртинчидан, аҳолини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олиш ҳаракатлари бошланди.
Бешинчидан, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро аҳамиятга эга ўта долзарб ташаббусларни илгари сура бошлади ва уларни халқаро ҳамжамият ҳам қизғин қўллаб-қувватламоқда.
Буни ўтган даврда Ўзбекистоннинг ташаббуслари асосида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 11 та резолюция қабул қилингани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Ижтимоий адолат факторлари
Мана шу беш муҳим асос миллий жамиятимизнинг янги қиёфасини яратишга замин бўлди. Унинг бугунги қиёфаси таҳлилини бир мақолада кенг қамров билан очиб бериш имкони йўқ.
Биз янги Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш сиёсати ҳақида гаплашиш истагида эдик. Поёнига етиб бораётган йилда бу йўналишларда жуда катта тарихий ислоҳотлар амалга оширилди.
Уларни атрофлича, мазмун-моҳиятини кенг тафаккур қилиш учун, аввало, “Ижтимоий давлат” тамойили замиридаги ўзак мақсадларни англаб олишимиз керак бўлади.
Содда қилиб айтганда, ижтимоий давлатда халқ хоҳиш-иродасига устувор аҳамият қаратилади. Бунда фуқаролар давлат учун эмас, аксинча, давлат халқ учун хизмат қила бошлайди.
Хўп, шундай бўлса, жамиятда нималар ўзгаради? Буни 2024 йилда эришилган натижалар мисолида таҳлил қиламиз.
1. Тўртта туман тажрибаси
Биз узоқ йиллар боқимандалик кайфиятида яшашга ўрганиб қолган эдик. Боиси, мамлакатдаги, атрофимиздаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий муҳитнинг ўзи шундай эди.
Бундай шароитда одамларга давлатнинг ишончи, ўз навбатида, одамларнинг ҳам давлатга, ислоҳотларга ишончи жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатлар чуқур ўйланган ҳолда, агар хоҳиш-ирода бўлса, ҳар бир инсон яхши яшаши мумкинлиги ҳаётий намуналар мисолида кўрсатиб берилди.
Хусусан, 2024 йилда Уйчи, Сайхунобод, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибалари юртдошларимиз ҳаётида катта ўзгаришларни бошлаб берди.
Мазкур туманлар тажрибаси доирасида йил бошидан буён 3 миллион 300 минг аҳоли доимий даромадга эга бўлди. Расман иш билан банд бўлган аҳоли сони эса илк бор 10 миллион 500 мингга етди.
Шу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратишимиз керак бўлади: 4 та туман тажрибаси халқимизга нима берди? Аввало, илм билан меҳнат қилиш кўникмасини.
Яъни атроф-муҳит, жиддий иқлим ўзгаришлари кузатилаётган бир шароитда табиат билан уйғунликда томорқадан унумли фойдаланиш тажрибаси шаклланди. Шунингдек, ишлаб чиқариш маҳсулдорлигини ошириш имконини берди. Бунда тадбиркорлик маданиятидан тортиб, илғор фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, бозор талаблари асосида маррани баланд олиш кўникмалари янада такомиллашмоқда.
Энди анъанага кўра, бир рақам шарҳига ўрин берсак. Биз 4 та туман тажрибаси доирасида 2024 йилнинг ўзида 3 миллион 300 минг аҳоли доимий даромадга эга бўлгани ҳақида айтдик. Бундан келиб чиқадики, аҳоли ўртасида томорқачилик, тадбиркорлик кўникмалари шаклланиб боряпти. Қовун қовундан ранг олади, деган гап бежиз айтилмаган. Эртага 3 миллиондан зиёд аҳоли ёнига яна шунча юртдошимиз қўшилади ва бу ҳаракат мамлакат миқёсида қўр олади.
Шунга асосланиб айтиш мумкинки, аслида, бизнинг юртда камбағалликнинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Чунки Ўзбекистон аҳолиси энг кўп шахсий томорқасига эга давлатлар қаторида туради. Ҳар бир оилага тадбиркорлик, деҳқончилик учун барча шароитлар яратиб берилаётган, қўллаб-қувватланаётган бир пайтда томорқада меҳнат қилган одам камбағал бўлмаслигини меҳнаткаш, уддабурон халқимиз яхши билади.
2. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ишга тушди
Ҳаёт инсониятга берилган катта синов ва жиддий масъулият. Синов шуки, бу дунёда ҳар биримиз инсоний феъл-атворимизни тарбия қилиб, эзгу амаллар ижрочиси бўлишимиз жоиз. Масъулият эса ҳаёт давомийлиги билан дахлдор бурчларимиз жамланмаси. Шулардан бири ўзимиз ва фарзандларимиз келажаги учун масъулият билан ёндашишдир.
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони айнан шу масъулиятимизни тўлақонли адо этиш учун муҳим дастуруламал, катта имконият бўлди.
Гап шундаки, ушбу фармон билан мамлакатимизда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ишга тушди. Дастур 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида ижрога йўналтирилди.
Агар бу имконият ва масъулиятларни халқчил тилда шарҳлайдиган бўлсак, кўз олдимизда шундай манзара пайдо бўлади.
Энди маҳаллаларда тадбиркорлик муҳити ривожлантирилиб, пировардида барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришилади.
Бунинг учун маҳаллаларга етакчи тадбиркорларни жалб қилиш, томорқадан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш, ҳар бир туман ва шаҳарда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга туртки берувчи “драйвер” лойиҳаларни амалга ошириш, қўшимча 50 минг гектар экин майдонларини камбағал оилаларга ижарага топшириш, уларга кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситаларни бўлиб тўлаш шарти билан бериш чора-тадбирлари амалга оширилади.
Камбағал оилалар фарзандлари таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганишига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилади.
Уларнинг камида битта фарзандини хорижий тилларга, касб-ҳунарга ёки мутахассисликка ўқитиш, битта фарзанди, хусусан, қиз фарзандининг олий маълумотга эга бўлиши учун шароит яратиш мақсад қилинган.
Камбағал оилаларнинг ҳар бир аъзоси бир йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилади.
Бунда уларнинг ўз соғлиғи учун масъулиятини ошириши, фарзандлари спорт тўгаракларига қатнашиши учун имкониятлар яратиш, оиланинг тиббий хизматларга ўз ҳисобидан сарфлайдиган харажатларини икки баробар қисқартириш кўзда тутилган.
Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш кўлами оширилади.
Шу мақсадда оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш, хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш, болаларни тарбиялаш ва кундузги парваришлаш хизматлари йўлга қўйилмоқда.
Умуман, оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, давлат органлари ходимлари билан тўғридан тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, раҳбарларни камбағал оилаларга бириктириш, уларнинг муаммоларини биргаликда ечишга кўмаклашиш каби ҳаётбахш тизим янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат сифатида халқимизни рози қилиш йўлидаги катта сиёсатини ифодалайди.
3. Меҳрнинг ижтимоий портрети
Биз мақоламизнинг шу қисмига қадар кўпроқ камбағалликни тугатиш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритдик. Боиси, камбағаллик ва ижтимоий ҳимоя бир-бирига боғлиқ оқибатлардир.
Аслида, 2024 йил мамлакатимиз ҳаётида камбағалликни тугатиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги чора-тадбирларга ҳуқуқий, маънавий ва иқтисодий пойдевор қўйилган йил сифатида тарихда қолмоқда.
Юқорида янги Ўзбекистонни эзгу ташаббуслар мамлакати, дея таърифлаб, унинг асосларидан бири сифатида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳаракатлари бошланганини бежиз таъкидламаган эдик. Мамлакат қачон ўз фуқароларининг бугунги ва эртанги ҳаёти учун қайғуради. Қачонки, бу юртда барқарор ривожланиш босқичига ўтилса, ислоҳотлар узоқни кўзлаб амалга оширилаётган бўлса.
Президентимизнинг 2023 йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, шунингдек, туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилгани жорий йилда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида янги босқичга ўтишга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди.
Бу тизим минглаб оилаларга ҳаётбахш кўтаринки кайфият бағишлади. Айниқса, маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилгани жуда катта ютуқларимиздан бири бўлди.
Мисол учун, “Инсон” марказлари очилиши билан маҳаллаларда 102 та ижтимоий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, шу йил реестрда бўлмаган 95 минг муҳтож одамга ёрдам кўрсатди. 51 минг нафар одамга ногиронлик белгиланди, 26 минг нафари протез олди. Ётиб қолган 4 минг ёлғиз кекса аниқланиб, уларга уйининг ўзида парвариш ташкил этилди. Ногиронлиги бор 5 минг нафар бола боғча-мактабга жойлашди. Пировардида бундай манзилли ишлар туфайли халқ қабулхоналари ва ҳокимликларга ижтимоий хизмат ва ёрдам бўйича мурожаатлар 35 фоиз камайди.
Уч ой олдин вилоятлар ва туманлардаги 14 минг раҳбар 75 минг камбағал оилага бириктирилиб, улар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилди. Натижада бу оилалардаги 17 минг одам доимий ишга жойлаштирилди, тадбиркорлик ва томорқа орқали 14 минг аҳолининг даромади оширилди. 30 минг бола боғча, тўгарак ва касбга ўқитиш билан қамраб олинди, 45 минг муҳтож аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилди.
Бу рақамларнинг ҳар бирида катта ижтимоий юк бор. Жамиятимиз янги қиёфаси шаклланишининг энг таъсирчан асоси бу рақамлар.
Мен бир имконияти чекланган инсон тақдирига гувоҳ бўлганман. У тақдир тақозоси билан юролмай, тўшакка михланиб қолган кекса киши эди. Олис вилоят марказидаги кўп қаватли уйлардан бирида яшарди. Ўзининг айтишича, ўн-ўн беш йилча кўчага чиқмаган, ҳаётни деразадан кузатиб яшаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иқтидори билан халқ ва давлат идоралари ўртасида мулоқот механизми йўлга қўйилгач, бир гуруҳ мутасаддилар унинг уйига қадам ранжида қилиб, ногиронлик аравачаси совға қилгани ва у илк бор ҳовлига чиқиб, ҳаётни чанқоқ ҳавас билан томоша қилгани ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Камбағал, меҳрга ва ёрдамга муҳтож оиланинг ижтимоий портрети ҳақида гап кетса, ҳамон шу манзара хотирамда жонланаверади...
Айтмоқчимизки, аҳолини ижтимоий ҳимоя тизими билан атрофлича қамраб олиш, айниқса, бугунги таҳликали даврда ҳар қандай давлатнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун юқорида ҳам айтганимиздек, барқарор тараққиётга эришганлик, келажакка ишонч сиёсати мустаҳкам бўлиши керак бўлади.
Ҳаммамиз масъулмиз
Бугун камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мавзусида сўз юритяпмиз. Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай ижтимоий-иқтисодий қудратли сиёсат чуқур ва атрофлича ўйлангани билан бошқа давлатлар тажрибасидан фарқ қилади.
Қайси жиҳатлари билан?
Давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартиришда, аввало, уни келтириб чиқарувчи омилларга эътибор қаратмоқда.
Биринчидан, камбағалликнинг бош айбдори — билимсизлик, ҳунар эгалламасликдир.
Шу боис, Президентимиз ота-оналар, маҳалла фаоллари, нуронийлар олдига фарзандларда болаликдан бошлаб китобхонликка меҳр уйғотиш, уларни хорижий тиллар, касб-ҳунар ва санъатга ўргатиш, аёли ва қизининг ўқиши ва ишлаши учун шароит яратиш — муҳим ҳаётий вазифа, деган қарашни сингдириш вазифасини қўйди.
Иккинчидан, одамлар, айниқса, ёшларимиз ўз олдига катта мақсадлар қўйиб, бу мақсадларга ҳалол меҳнат, доимий изланиш ва шижоат орқали эришишга интилиб яшашни кундалик ҳаёт тарзига айлантирмоқда.
Учинчидан, томорқага экин экиш, уй-жойида шинам ва файзли муҳит яратиш, тозаликни сақлаш, тўғри овқатланиш, пиёда юриш, зарарли одатлардан воз кечиш бўйича фаол тарғибот ва ташвиқот олиб бориляпти.
Тўртинчидан, оила ва маҳалланинг тинчлиги, фаровонлиги учун куйиниш, ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатликни таъминлаш, ҳаётимиздаги ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш бўйича мунтазам таъсирчан иш олиб борилмоқда.
Бошқа тажрибалардан фарқли ҳаётий шу каби жиҳатлар бизнинг эртанги кунимизни белгиловчи муҳим омиллардир. Хулоса ўрнида эса битта муҳим гапни эсга олмоқчимиз.
“2025 йил бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлади”, деди давлатимиз раҳбари жорий йил 16 декабрь куни банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида.
Демак, олдинда бизни янада муҳим ва долзарб вазифалар кутиб турибди. Энг аввало, бу мақсадларга эришиш учун мамлакатимизда мустаҳкам асослар яратилган. Уларнинг энг муҳимлари — камбағалликни камайтириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги катта ислоҳотларни эса имкон қадар таҳлил қилдик.
Салим ДОНИЁРОВ