Икки вилоятда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар аниқланди

    Бухоро ва Андижон вилоятларида 2 000 АҚШ доллари ва 18 млн сўм эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди.

    Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

    Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.Р. фуқаролар С.М. ва К.Ғ.нинг ишончига кириб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳонларидан танишлари орқали ўтказиб бериши эвазига 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

    Шунингдек, Департаментнинг Олтинкўл туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро К.Х. 4 нафар фуқарога 18 млн сўм эвазига гўёки Андижон вилоят ЙХҲБда ишловчи танишлари ёрдамида "В." "С" ва "Е" тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришини ваъда қилиб, олдиндан 9 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

    Ҳозирда ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168 моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211 моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.