Интернет Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни бузадими?

    Фикр 2 феврал 2023 492

    Интернет ва интеллектуал мулк билан боғлиқ яна бир муаммо, Интернетда товар белгиларидан фойдаланиш, чунки товар белгиларига бўлган ҳуқуқлар ҳудудий хусусиятга эга, яъни улар фақат товар белгиси рўйхатдан ўтган ёки фойдаланилган мамлакат ҳудудида ҳимояланганлиги сабабли пайдо бўлди.

    Мамлакатимизда 2022–2026 йилларда Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Мазкур стратегиянинг бош мақсади «Интеллектуал мулкнинг самарали ҳуқуқий муҳофазасидан — кучли ҳуқуқий ҳимояси сари» тамойили асосида Ўзбекистонни илмий-техникавий ва ихтирочилик жиҳатдан тараққий этган давлатлар қаторига киритиш ҳамда минтақавий брендларни ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантирувчи восита сифатида юзага чиқаришга қаратилган.

    Таъкидлаш ўринлики, интеллектуал фаолият натижаларини яратишда муаллифларнинг ва бошқа ижодкорларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, хорижий компанияларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби йўналишларда қатор масалалар ҳанузгача долзарбдир.

    Бунда Интернет билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар эса муаллифлик ҳуқуқини тартибга солиш соҳаси билан бевосита алоқадаор ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ҳар қандай фото, видео, босма асарлар компьютер файлларига айлантирилиши мумкин: Интернет бу маълумотларнинг барчасини минимал харажат билан такрорлаш ва тарқатиш имконини берди.Ўз ўрнида барча тармоқ фойдаланувчилари ушбу нашрлар, тасвирлар ва маълумотларни такрорлаш учун ҳуқуқий эгаларининг розилигини олишлари керак. Бу, афсуски, ҳар доим ҳам содир бўлмайди.

    Интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқига риоя қилмаслик ҳам ҳуқуқбузарлик бўлиб, унинг моҳияти муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган фан, адабиёт ва санъат асарларини муаллифлар ёки муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг рухсатисиз ёки қонун ҳужжатлари қоидаларини бузган ҳолда рухсатсиз тарқатиш, нусха кўчириш, фойдаланишдан иборатдир. Муаллифлик ҳуқуқини бузишнинг асосий усуллари асарни ноқонуний нусхалаш ва тарқатиш, шунингдек, плагиат ҳисобланади.

    Бугунги кунда Интернет ёрдамида мутлақо ҳамма нарса ўзлаштирилди, бошқача айтганда, мутлақо ҳамма нарса ўғирланиши мумкин: муаллифлик ҳуқуқи фотосуратлари, чизмалар, мусиқа, фильмлар, матнлар ва бошқалар. Ҳаттоки муаллиф Интернетда бошқа бировнинг номи билан имзоланган ўз ишини топиши ҳам мумкин. Бундай маълумотларни юклаб олиш тартиби доимо соддалаштирилганлигини ҳисобга олсак, Интернет муаллифлик ҳуқуқини бузувчи материаллар билан тўладир. Интернетда жуда кўп мақолалар, китоблар ва журналлар, аудио ва видео асарлар, фотосуратлар муаллифларнинг розилигисиз ёки уларнинг келишмовчилигига қарамай жойлаштирилган. Кўпгина ҳолларда, сайт эгалари бошқа сайтлардан маълумотларни ўзларининг сайтларига оддийгина жойлаштириб қўйишади, бунинг натижасида бошқа сайтларда жойлашган барча турдаги материаллар ўз ҳақиқий муаллифини йўқотиб қўяди.

    Бугунги кунга келиб, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг асосий манбалари қуйидагилардир: интеллектуал фаолият натижаларига бепул киришни таъминловчи ва ташриф буюрувчиларга реклама кўрсатиш орқали даромад келтирадиган сайтлар; муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг рухсатисиз интеллектуал фаолият натижаларига пуллик киришни таъминловчи сайтлар; фойдаланувчиларга файлларни мустақил равишда юклаш имконини берувчи ва интеллектуал фаолият натижаларини жойлаштиришнинг қонунийлигини текширмайдиган ижтимоий тармоқлар; фойдаланувчилар ўртасида файл алмашиш имконини берувчи маҳаллий тармоқлар; фойдаланувчиларнинг компютерлари ўртасида интеллектуал фаолият натижаларини тўғридан-тўғри алмашиш имконини берувчи файлларни алмашиш тармоқлари (торрентлар).

    Интернет ва интеллектуал мулк билан боғлиқ яна бир муаммо, Интернетда товар белгиларидан фойдаланиш, чунки товар белгиларига бўлган ҳуқуқлар ҳудудий хусусиятга эга, яъни улар фақат товар белгиси рўйхатдан ўтган ёки фойдаланилган мамлакат ҳудудида ҳимояланганлиги сабабли пайдо бўлди. Аммо Интернет глобал тармоқдир. Шунга кўра, турли мамлакатларда бир хил ёки ўхшаш товарлар ёки хизматлар учун рўйхатдан ўтган бир хил ёки чалкаш даражада ўхшаш товар белгиларига қонуний равишда эга бўлган жисмоний шахслар ёки компаниялар ўртасидаги низоларни ҳал қилишда муаммолар пайдо бўлади. Ушбу соҳадаги қонунчилик ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда ва турли мамлакатлар ушбу муаммони ҳал қилишда турлича ёндошмоқдалар. Гап шундаки, Интернет глобал тармоқ ҳисобаланди, уни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳам глобал (умумий) бўлиши керак. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Интернет тармоғини, шу жумладан ундаги интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишни тартибга солувчи қонунчилик бутун дунёда амал қилиши керак, бу объектив ва субъектив сабабларга кўра амалга ошишининг деярли иложи йўқдир.

    Интернетни амалдаги миллий қонунчилик доирасида чеклаш қийин. Ушбу тармоқ мустақил равишда ривожланишига одатланган, чунки Интернетдаги фаолият ва ҳаёт қонун чиқарувчи органлар даражасида ва у пайдо бўлган пайтдан бошлаб тартибга солиниши кераклигини ҳеч ким тасаввур қилмаган.

    Шунинг учун муаллифнинг ўзи муаллифлик ҳуқуқларини интернет тармоқларида ҳимоя қилиш учун қуйидагиларга эътибор бериши лозим деб ҳисоблаймиз:

    1) Муаллифлик ҳуқуқларига эган эканлигини тушуниши ва ўз ҳуқуқларидан қандай фойдаланиш лозимлигини билиши керак;

    2) Муаллифларга ёрдам бера оладиган мутахассисларнинг ҳуқуқий ёрдамларидан тўғри фойдаланишни билиши;

    3) муаллифлар ва ҳуқуқ эгалари дунё бўйлаб қароқчилик даражаси жуда катта эканлигини тушуниши керак, баъзан муаллиф бутун муаллифлик ишини дунё веб-сайтларига юкламаслиги лозимлигини тушуниши даркор.

    Муаллифлик ҳуқуқи эгаси томонидан асардан фойдаланаётганда асарга бўлган ҳуқуқларни амалга оширишда виждонлилик ҳам катта аҳамиятга эга.

    Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳозирги пайтда интернетда фан, адабиёт ва санъат асарларига фуқаролик ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг ҳақиқатан ҳам самарали усуллари етарли эмас, ҳозирги пайтда муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза қилиниши билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатларига амал қилинишидан кўра қонунни айланиб ўтиш ҳолатлари жуда кўп учрамоқда.

    Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон қонунчилиги киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар баъзи камчиликларни ва бўшлиқларни бартараф этганлигига қарамай, муаллифлик ҳуқуқи ҳали ҳам такомиллаштиришга муҳтож, шу жумладан интернетда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича янги қоидаларни киритиш масаласи ўрганилиши керак. Фан ва техниканинг ривожланиши муаллифлик ҳуқуқини қонуний мустаҳкамламасдан туриб амалга оширилмайди.

    Ирода Якубова,

    Тошкент давлат юридик университети

    Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси

    доценти, ю.ф.ф.д. (PhD)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates