“Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ўз ишини бошлади

    Бугун, 15 ноябрь куни Тошкентда “Ипак йўлида туризм” 28-Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

    Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси, “Milliy PR-markazi” давлат унитар корхонаси ҳамда “Team & Co Group”компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

    “Uzbekistan Airways” AЖ Тошкент халқаро туризм ярмаркаси-2023 нинг бош ҳамкори сифатида иштирок этаяпти ва анъанага кўра, ярмарка ўтказиладиган жой сифатида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильони танланди.

    Маълумот учун Тошкент халқаро туризм ярмаркаси 1995 йилдан буён БМТнинг Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили кўргазма бутун дунёдан сайёҳлик соҳасининг юзлаб мутахассисларини ўзида жамлайди ва ушбу соҳани халқаро миқёсда ривожлантириш учун палтформа вазифасини бажаради.

    Расмий очилиш маросимини Экология вазири А.Абдуҳакимов Самарқанддан видеоконференс алоқа воситасида боғланиб, кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, маросимда Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, “Uzbekistan Airways” AЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Умид Ҳусанов, Қирғизистон Республикаси Туризмни ривожлантириш жамғармаси президенти Абулқосим Шерниязов, Озарбайжон Республикаси Туризм давлат агентлиги раиси маслаҳатчиси – Кенан Гулузаде, халқаро туризм бизнеси вакиллари, қатор маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    “Тошкент халқаро туризм ярмаркаси Ўзбекистонда бутун мамлакатимиз ва хорижда тан олинган сайёҳлик тадбири бўлиб, кўп йиллар давомида мамлакатимизнинг ижобий имижини яратишга хизмат қилиб келмоқда. Шу билан бирга, уч кун мобайнида, етакчи халқаро экспертлар билан форум ва сессиялар, миллий ошпазларнинг маҳорат дарслари, мамлакатимиз маданий меросини намойиш этувчи Ўзбекистон ҳунармандларининг кўргазмаси, шунингдек, маҳаллий ва халқаро дизайнерлар иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари, бу йил ҳам ярмарка иштирокчилари ўртасида кўплаб B2B учрашувлари режалаштирилган”, деб таъкидлади Қўмита раиси Умид Шодиев очилиш маросимидаги нутқида.

    Ярмарканинг биринчи кунида етакчи халқаро ва миллий экспертлар иштирокида “Мамлакат туризмининг ривожланишишда маданиятнинг ўрни”, “Янги туристик йўналишлар тақдимоти” мавзуларида иккита сессия ва хусусий лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтмоқда.

    Мазкур ярмарка доирасида 20 та хорижий давлат иштирок этадиган сайёҳлик кўргазмаси, таниқли ошпазлар иштирокидаги гастро-бозор, туризм соҳасидаги етакчи халқаро ва маҳаллий мутахассислар иштирокидаги форум, шунингдек турли мамлакатларнинг хусусий компаниялари вакилларининг B2B учрашувлари, давра суҳбатлари, сайёҳлик хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари бўлиб ўтмоқда.

    Жорий йилда Тошкент халқаро туризм ярмаркаси-2023га маҳаллий аҳоли ҳамда МДҲ, Осиё ва Европа давлатларидан 15 минг нафаргача меҳмон ташриф буюриши кутилмоқда. Ярмаркага ташриф буюрувчилар ва иштирокчилар янги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш ва хорижий мамлакатларнинг ранг-баранг муҳити, маданияти ва анъаналарига шўнғиш учун ноёб имкониятдан фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги янги манзилларнинг туризм салоҳиятини баҳолаш мумкин бўлади.