Бу борадаги кенг кўламли ислоҳотлар шундан далолат беради. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам илк бор қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мулк дахлсизлигини таъминлаш, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароит вужудга келтириш бўйича давлат ўзига аниқ мажбуриятлар олди. 2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” дея эълон қилингани ишларни жадаллаштириб юборди.
Бизнес ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида янги Ўзбекистонда янги тадбиркорлар синфи шаклланди. Бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 ишбилармон бор. Улар минглаб одамни доимий иш билан таъминлаган.
Президентимизнинг тадбиркорлар билан анъанавий тус олган очиқ мулоқоти кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш борасида ишчан муҳит яратишга замин ҳозирламоқда. Мазкур учрашувларда тадбиркорлар оёққа туриб олиши, фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар илгари сурилмоқда. Хусусан, ўтган йилги очиқ мулоқотда соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа тайёрлаб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор, бизнесига шерик топиш бўйича яхлит экотизим яратиш бўйича муҳим ташаббуслар билдирилган эди. Давлатимиз раҳбарининг АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”ни “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантириш ташаббуси молия муассасаси фаолияти, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмларининг янгиланишига пухта замин яратди.
Президентимизнинг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури тасдиқланди. Молия муассасаси мазкур дастур ижросини таъминлаш ва мунтазам такомиллаштириб бориш бўйича асосий таянч банк этиб белгиланди. Шунингдек, кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий ва консультатив қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор янги дастаклар жорий этилди. Дастурни амалга ошириш учун 2023-2026 йилларда давлат маблағи ҳисобидан 6 триллион сўм ва халқаро молия институтларининг 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағи йўналтирилиши белгилаб қўйилди.
Айнан шу дастур асосида банк томонидан ҳудудларда 14 та Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази таъсис этилди. Уларнинг асосий вазифаси ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитиш, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилиш, бизнес вакиллари учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматлари кўрсатишдир. Эътиборли жиҳати, марказларда ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаси энг қулай шартлар асосида молиялаштирилади. Пировардида мамлакатимизда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича “узлуксиз хизматлар занжири” яратилди.
Натижалар — рақамларда
Ўтган қисқа муддатда банкимиз Ўзбекистон банк-молия секторида ўз ўрнини эгаллашга эришди. Аҳоли орасида қиёфасини ярата олди. Банк стандарт усуллардан воз кечиб, ўз қадрият ва тажрибасига таянган ҳолда янги шароитга тезкор мослашиб, молия бозоридаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Шунингдек, замонавий ва қулай хизматларни жорий этиш, хизматлар таркибини кенгайтириш, мижозлар ишончини қозониш ҳисобига молиявий хизматлар бозоридаги кучли рақобат шароитида фаол илдамламоқда.
Бугун Бизнесни ривожлантириш банки 60 та Банк хизматлари офиси ва Банк хизматлари марказлари орқали 1,6 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатмоқда. Жумладан, жисмоний шахс мақомидаги мижозлар сони 1,5 миллиондан ортиқни ва юридик шахс мақомидаги мижозлар сони 80 минг 300 тани ташкил этмоқда. Жорий этилаётган янги хизматлар мижозлар сони муттасил ошиб бориши ва юқори молиявий кўрсаткичларга эришишга имкон бермоқда.
2024 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, банкнинг умумий капитали ўтган йилдагига нисбатан 800 миллиард сўмга ёки 25,7 фоиз ошиб, қарийб 4 триллион сўмга етди.
Банк активлари ўтган йилга нисбатан 23,1 фоиз ўсиб, жами активлари қарийб 33,3 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бу ўтган йилдагига нисбатан 6,3 триллион сўмга кўп. Даромад келтирувчи жами активлар 29,5 триллион сўмга етиб, ўтган йилдагига нисбатан 24,1 фоиз ўсган ёки 5,7 триллион сўмга ошган. Даромад келтирувчи активларнинг жами активлардаги улуши 88,5 фоиз ўсган.
Депозит сиёсати молиявий барқарорлик ва ишончлиликни таъминловчи омиллардан. Шу боис, банк фаолиятида депозит сиёсатининг иқтисодий мақсадга мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 11 ойида банкдаги банклараро депозитлар қолдиғи қарийб 3 триллион 135 миллиард сўмга етди. Бу ўсиш 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1 триллион 55 миллиард сўмга кўпайганини англатади. Банкнинг умумий депозит базаси 10,6 триллион сўмдан ошиб, 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 триллион сўмга кўпайган ва бу борада ўсиш 14,1 фоизга тенг бўлди.
Банкнинг кредит қўйилмалари 2023 йилдагига нисбатан 1,9 фоиз ўсиб, 22,6 триллион сўмдан ошди. Мижозларга таклиф этилаётган қулай шартлардаги хизматлар, соддалаштирилган кредит амалиёти, юқори даромадли омонатлар, ҳисоб рақамларини ишончли бошқариш барқарор ривожланишда муҳим омил бўлмоқда. Шу бўйича 15 та стандарт ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинди. Банк хизмат кўрсатиш офислари ва Банк хизматлари марказлари фаолияти мижозларга йўналтирилганлик модели асосида ташкил этилмоқда. Натижада 24 мингдан ортиқ янги мижоз жалб қилинди. 184 та валюта айирбошлаш шохобчаси орқали 650 минг жисмоний шахсга хизмат кўрсатилди. 157 та халқаро пул ўтказмалари шохобчаси орқали мижозларга берилган сумма қарийб 308,6 миллион долларни ташкил этди.
Таклиф этилаётган омонатларга қулайлиги ва оммабоплиги сабабли мижозлар ишончи ортмоқда. Жорий йил 1 декабрь ҳолатига кўра, банк омонатчилари сони 720 мингдан ошди. Омонатларни мобил илова орқали масофадан расмийлаштириш ва бошқариш имконияти яратилгани айни муддао бўлди.
Банкимиз мижозлар ишончи ошишига мос равишда мунтазам такомиллашиб бормоқда. Тизимда фаол янгиланишлар ва трансформация жараёни кечмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар банк эришаётган барқарор молиявий кўрсаткичларда ўз ифодасини топмоқда.
Фаровонлик йўлидаги ҳаракатлар
Банк томонидан иқтисодиётнинг таянч соҳаларини таркибий жиҳатдан қайта қуриш, истеъмол ва экспорт товарларни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга йўналтирилган кредит сиёсати юритилмоқда. Мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ривожлантириш, хусусий тадбиркорлар сонини ошириш устуворлиги ҳисобга олинган ҳолда сармоялар ушбу секторга йўналтирилмоқда.
Кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаб, фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Худудларда янги иш ўринлари очиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган бизнес лойиҳалар фаол молиялаштирилмоқда.
Жорий йилнинг 10 ойида тадбиркорлик субъектларига 4 триллион сўмга яқин кредит ажратди. Йўналтирилган маблағнинг 46 фоизи, яъни 1,8 триллион сўми тижорат кредитидир.
“Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида 1,7 триллион сўмдан ортиқ кредит ажратилди. Бу ажратилган жами кредит суммасининг 45 фоизидир. Шунингдек, давлатнинг бошқа дастурлари асосида ажратилган имтиёзли кредитлар миқдори 330 миллиард сўмни ташкил этди.
Кредит маблағларининг энг катта қисми корпоратив мижозларга тегишли бўлиб, уларга 1,1 триллион сўм сармоя йўналтирилган. Ўрта бизнес вакилларига 371,7 миллиард сўм, кичик бизнесга 612,9 миллиард сўм, микро бизнесга 1 триллион 824 миллиард сўм кредит ажратилган.
Шунингдек, тармоқлар кесимида саноатга 941,2 миллиард сўм, қишлоқ хўжалигига 339,6 миллиард сўм, қурилишга 495,8 миллиард сўм, савдо ва умумий овқатланишга 857,5 миллиард сўм, транспорт ва коммуникацияга 63,2 миллиард сўм кредит йўналтирилган. Бундан ташқари, бошқа соҳалар учун яна 1,2 триллион сўм кредит тақдим этилган.
Жисмоний шахсларга таклиф этилаётган кредитлар қулайлиги, оммабоплиги, замон талабларига мослиги билан жозибадор кўриниш касб этмоқда. Ҳозир чакана бизнес мижозларига 29 турдаги кредит таклиф этилмоқда. 2024 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, 62 мингдан ортиқ чакана бизнес мижози учун 2,1 триллион сўмга яқин кредит ажратилди. Бунинг натижасида чакана йўналишидаги банк даромади 21 фоиз ўсди.
Мижозларга банк мобил иловаси орқали онлайн автокредит, таълим кредити ва микроқарз олиш имконияти яратилган. Бунда инсон омилини чеклаш, автоматлаштирилган скоринг тизими жорий этилиши эвазига кредитни маъқуллаш учун сарфланаётган вақт (Time to yes) 5-6 соатдан 30 дақиқагача, кредит маблағини ажратиш (Time to money) учун сарфланаётган вақт 3-4 кундан минимум 40 дақиқагача (микроқарз), максимум 3-4 соатгача (автокредит) қисқарди.
Мижозлар талабидан келиб чиқиб, “Бизнесга биринчи қадам” кредит тури жорий этилиши орқали 317 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бунинг натижасида 21 минг 388 фуқаронинг иш билан бандлиги таъминланди.
Тизим ҳам, услуб ҳам янгича
Банк кичик бизнесни молиялаштириш билангина чекланаётгани йўқ. Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ишончли ҳамкори бўлишга интилмоқда. Ташкил этилган 14 та Кичик бизнесга кўмаклашиш марказида кичик бизнес лойиҳаларини танлаш, ташаббускорларни ўқитиш, ахборот билан таъминлаш, бизнес режалар ва техник иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, бозор топиш билан боғлиқ комплекс хизматлар кўрсатилмоқда. Бунинг учун марказлар зарур шарт-шароитлар билан таъминланди ва замонавий жиҳозланди.
Марказлар томонидан танлаб олинган ташаббускорлар бизнес кўникмаларини шакллантириш йўналишида қисқа ва ўрта муддатли амалий ўқув курсларида ўқитилмоқда. Янги жорий қилинган тизим асосида шу кунгача 54 минг 901 ташаббускор ўқиб, тегишли сертификатга эга бўлди.
Тадбиркорликка ўқитишга қаратилган лойиҳалар ҳам татбиқ этилмоқда. Бу борада банк ва Япониянинг Ямагата университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унинг доирасида мамлакатимиздаги 10 мингга яқин тадбиркорни ўқитиш мақсад қилинган.
Япония университети профессорлари мамлакатимиз ҳудудларида бўлиб, тадбиркорлар билан учрашди. Бу сафарлар давомида 150 фаол тадбиркор иштирокида ўқув курси ташкил этилди. Кейинги босқичда тадбиркорлар Япониянинг “u-hope” дастури асосида ўқитилмоқда. Айни вақтда 2 мингдан ортиқ тадбиркор ўқув жараёнига жалб қилинган. Шунингдек, 500 га яқин тадбиркор ўқув курсини тамомлаб, сертификат олди.
Япониялик мутахассислар ўқув дастурлари жараёнида муваффақиятли қатнашган тингловчилардан 24 менторни саралаб олди. Бу тингловчилар дастлаб Ўзбекистонда, кейинги босқичда Япониянинг Ямагата университетида малака оширди. Режага мувофиқ, хорижда малака ошириб қайтган ҳар бир ментор 296 тренер тайёрлайди. Тадбиркорларни ўқитиш жараёни кейинчалик мазкур менторлар томонидан ташкил қилинади.
Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган янгича тизим дастлабки самарасини бера бошлади. Энг муҳими, бу тизим самараси ўлароқ, ҳудудларда янги тадбиркорлик субъектлари вужудга келмоқда ва минглаб бизнес лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Булар эса, ўз навбатида, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Мақсад аниқ, интилиш қатъий
Банк ўз зиммасига юклатилган вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилган стратегик мақсадларни белгилаб олган. 2024 йилда халқаро миқёсдаги етакчи консалтинг компания – KPMG билан ҳамкорликда Бизнесни ривожлантириш банкининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди. Мазкур стратегияда тўртта асосий мақсад белгилаб олинди:
биринчиси, кичик бизнесга комплекс хизматлар кўрсатишда биринчи рақамли банк бўлиш. Банк кичик бизнес вакилларига турли молиявий ва маслаҳат хизматлари таклиф қилиш орқали улар фаолиятини қўллаб-қувватлайди;
иккинчиси, бизнес рентабеллиги ва акциядорлик капиталини ошириш. Банкнинг асосий эътибори мижозлар даромадини кўпайтириш ва ўз ресурсларидан самарали фойдаланишига қаратилади;
учинчиси, инновацион IT ечимлар ва юқори операцион самарадорликни таъминлаш. Замонавий технологиялар банк операцияларини тезлаштириш ва мижозларга хизмат кўрсатишни соддалаштиришга ёрдам беради;
тўртинчиси, кучли корпоратив маданият ва аниқ натижага интилувчи жамоани шакллантириш. Банк ўз ходимларининг малакасини ошириш ва мотивациясини кучайтириш орқали корпоратив маданиятни мустаҳкамлашга интилади.
Ушбу мақсадларни амалга ошириш орқали 2026 йил якунига қадар банк активлари 27 триллион сўмдан 62 триллион сўмга ва капитал 3,2 триллион сўмдан 7,1 триллион сўмга етказилади.
Мижозларга энг қулай ҳамда фойдали шартларда кредитлар тақдим этилиши натижасида 2026 йил якунига қадар банкнинг кредит портфели 25 триллион сўмга ёки 2,1 баробар ошиб, 46,8 триллион сўмга етказилади. Депозитлар қиймати эса 12,2 триллион сўмга ёки 2,3 баробар оширилиб, 21,6 триллион сўмга етказилади.
Банк олдида турган муҳим мақсадлардан яна бири 2027 йилгача кичик ва чакана бизнес бозорида қамровни оширишдир. Жумладан, кичик бизнес вакиллари бўлган фаол мижозлар сонини 115,1 минггача ҳамда бозорнинг 17,7 фоизини, чакана бизнесдаги мижозлар сонини 2,5 миллионгача ошириб, бозорнинг 16,7 фоизини эгаллаш белгилаб олинган.
Шунингдек, келгусида мижозларнинг 75 фоизига онлайн хизмат кўрсатишни йўлга қўйиб, уларни фаол мобил илова ва интернет-банкинг фойдаланувчиларига айлантириш режалаштирилган.
Бизнесни ривожлантириш банкининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясида кўзда тутилган мақсадларга эришиш учун 11 йўналишда 70 дан ортиқ ташаббус ва 250 га яқин вазифа белгиланган. Шундан ахборот технологияларини ривожлантириш йўналишида 27 та ташаббус, инсон капиталини ривожлантириш йўналишида 48 та ташаббус, бизнесни ривожлантириш бўйича 83 та ташаббус амалга оширилиши кўзда тутилган. Бизнесни ривожлантириш бўйича ташаббуслардан 39 таси кичик, 44 таси чакана бизнес йўналишида татбиқ этилади.
Ҳозир стратегик мақсадларга эришиш учун мунтазам изланиш олиб борилмоқда. Бунинг учун 11 та Agile гуруҳи шакллантирилди ва улар томонидан мижозлар эҳтиёжи ҳамда талабини қаноатлантириш учун замонавий талабларга мос янги кредит турлари жорий қилиняпти.
Президентимизнинг 2023 йил 15 ноябрдаги “Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2024-2026 йилларда кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар қолдиғини 1,7 баробар ошириш орқали кредит портфелидаги улуш 28 фоиздан 43 фоизга етказилади. 150 мингта кичик тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, кенгайтирилади.
Кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жами 800 миллион АҚШ доллари миқдоригача ресурслар жалб қилиш вазифаси юклатилган.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Ўзбекистондаги кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Жамоанинг муттасил изланиши орқали банк фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлишига эришилмоқда.
Келгусида ҳам кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш энг устувор йўналиш бўлиб қолади. Банк бундан буён ҳам янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадини ошириш ва жаҳон истеъмол бозорида рақобатбардош экспортни таъминлашга қаратилган бизнес лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этади. Шунингдек, халқаро стандартларга мос, замонавий хизматларни тақдим қилиш орқали молия бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлаш ва мижозлар ишончини қозонишга интилади.
Шуҳрат Орипов,
Бизнесни ривожлантириш банки ахборот хизмати раҳбари