Янги Ўзбекистон Конституцияси — барқарор тараққиёт кафолати

    Фикр 6 декабр 2024 355

    Ўзбекистонда жамият, давлатнинг эволюцион ривожланишидан келиб чиқиладиган бўлса, янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш биз учун ҳаётий зарурат эди.

    Бинобарин, ушбу ҳужжат давлатимиз ва халқимизнинг кейинги қадамлари, тараққиёт истиқболларини белгилаб берди.

    Кейинги йилларда эришилган муваффақиятлар, хусусан, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва виждон эркинлиги ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқлар янги таҳрирдаги Конституциямизда муҳрлаб қўйилди. Бу эса уларнинг барчасидан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эркин фойдаланиши кафолатланди, деганидир.

    Бош қонунимизда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Шу ўринда «ижтимоий» тушунчасига алоҳида урғу беришни истардим. Бу инсонга эътибор ва ғамхўрлик дегани. Янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 баробар кўпайтирилди. Ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш, муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш каби ҳуқуқлари шулар жумласидандир.

    Янгиланган Конституцияга кўра, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга номувофиқ ҳолда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.

    Республикамизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадларидан бири. Янгиланган Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан ортиққа кўпайди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимиз, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши борасида қатъий талаб қўйилди. Бу эса давлат органлари ва мансабдор шахслар ўз фаолиятини «инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширишига замин бўлади. Давлат ва инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар инсон фойдасига ҳал этилади.Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда Конституцияга мувофиқ таъминланади. Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак. Қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмас. Бош қонунимизда акс этган ушбу нормалар оддий одамларнинг ҳаётини янада енгиллаштиради.

    Бош қонунимиз юртимиз фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилмаслигини ёки бошқа давлатларга берилмаслигини кафолатлайди. Бу ҳамюртларимизнинг доимий равишда давлат ҳимоясида эканига ишончини мустаҳкамлаб, ватанпарварлик туйғусини жўш урдиради. Шунингдек, хорижда яшаётган ватандошларимиз билан алоқаларимизни сақлаб қолиш ва ривожлантириш масалаларига ҳам давлат ғамхўрлик қилиши белгиланди. Ушбу норма чет элларда яшаётган, ишлаётган, таълим олаётган ватандошларимиз ўз юрти билан доимий алоқада бўлишига, тили, маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаб, янада ривожлантиришга, тарихий ватан — Ўзбекистоннинг обрўсини янада оширишга ҳиссасини қўшишига хизмат қилади.

    Ўзбекистонда ўлим жазосининг тақиқланиши Конституция даражасида мустаҳкамланди. Бу инсонни ҳаётдан ҳатто давлат ҳам маҳрум этишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.

    Шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас. Ушбу қоида инсонларни ноқонуний ҳибсга ёки асоссиз қамоққа олишга ва сақлашга йўл қўйилмасликка қаратилган. Шу тариқа одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши мустаҳкамланди. Яъни одил судловни амалга оширишда «Хабеас корпус» ва «Миранда қоидаси» институтлари янада кенгайтирилди, илк бор айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни «сукут сақлаш» ҳуқуқи берилди.Унда ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳ ақлилиги белгиланди. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усуллар ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.

    Энди ҳар ким Ўзбекистон қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча мавжуд ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, мурожаат этишга ҳақли. Агар халқаро шартномада Ўзбекистон қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистонда халқаро шартнома қоидалари қўлланилиши мустаҳкамланди. Мазкур қоида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳимояланишини таъминлайди. Давлат органлари ёки мансабдорлар томонидан шахсларга нисбатан ғайриқонуний қарор ёки хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олади, шахсларга етказилган зарар ўз вақтида ва тўлиқ қоплаб берилишини кўзда тутади. Бундан буён шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда ўз ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари тушунтирилиши шарт. Айбдорликка оид барча шубҳалар агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилинади. Мазкур норма тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди, натижада шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.

    Бош қонунимизда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги мустаҳкамланди. Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланди. Бу жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланилишининг олдини олишга қаратилган олий ҳуқуқий нормадир.

    Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланди. Шахснинг судлангани ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.

    Энди ҳар бир шахснинг мамлакатимиз бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, юртимиздан ташқарига чиқиш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватанига монеликсиз қайтиш ҳуқуқлари Бош қонунимиз даражасида мустаҳкамланди. Ушбу қоидаларнинг барчаси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларнинг бузилиши ҳолатларига барвақт барҳам беришга хизмат қилади.

    Конституцияга адвокатура институтига бағишланган ва адвокатлар фаолияти кафолатларини мустаҳкамловчи алоҳида боб киритилди. Адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида экани, адвокатнинг касбга оид ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланиши мустаҳкамланди.

    Янгиланган Конституция «шахс — жамият — давлат» тамойилига амал қилган ҳолда демократия, қонун устуворлиги, инсонпарварлик, адолат, ватанпарварлик каби миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида мужассамлаштиради. Айниқса, қонунийлик, тенглик каби конституциявий принципларни таъминлаб беради.

    Бу эса ҳар бир инсон учун Ўзбекистонда муносиб ҳаёт кечириш, ўзининг ҳаёти, соғлиғи каби бебаҳо неъматларини ишончли ҳимоя қилиш, баркамол ривожланиш орқали жамиятимизнинг муҳим аъзоси сифатида шаклланиш учун мустаҳкам замин яратилганидан далолат.

    Пўлат Бобожонов,

    Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates