Меҳнат муносабатларида ижтимоий шeрикликнинг ўрни қандай?

    Фикр 16 декабр 2024 49

    Ўзбекистонда аҳоли сони кўпая боргани сари, мамлакатда янги иш ўринларига бўлган талаб ҳам тобора ортмоқда. Шу сабабли, Ўзбекистон ҳукумати иш ўринларини кенгайтириш учун хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилган.

    Аммо маълум кафолатлар бўлмас экан, меҳнат бозори ўз жозибадорлигини йўқотиши, мавжуд ишчи-ходимларни ҳам сақлаб қола олмаслиги мумкин. Ана шундай кафолатлардан бири эса – ижтимоий шерикликдир.

    Ижтимоий шериклик тушунчаси нима?

    Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида унга шундай таъриф берилган:

    «Ижтимоий шериклик – давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорлигидир».

    Халқаро тажрибада меҳнат муносабатларидаги ижтимоий шерикликка «...кичик фирмалардан тортиб макроиқтисодий даражада бўлган турли корхоналарнинг икки ва уч томонлама кооператив ишлаб чиқариш муносабатларини тартибга солиш», деб таъриф берилган.

    Яъни ижтимоий шериклик меҳнат бозорида тенгсизликка қарши курашиш воситаси ҳисобланади. Бу ишчиларга иш берувчи эга бўлган имтиёзлардан, шароит ва имкониятлардан тенг фойдаланишни кафолатлайди. Давлат органларини эса ҳар қандай ижтимоий муаммони ҳал қилишда жамият билан ҳамкорлик қилишга ундайди.

    Ўзбекистон ва дунё амалиётида ижтимоий шериклик асосан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллиги ва бандлигини таъминлаш, атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ҳаётидаги тўлақонли иштирок этишини таъминлаш каби соҳаларда амалга оширилиб келинмоқда.

    Ижтимоий шерикликда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни беқиёс бўлиб, улар жуда кўплаб ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни ҳал қилишни ўз зиммасига олади. Шунга асосан, мамлакатда уларнинг эркин фаолият юритишлари учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар яратилмоқда.

    Уларга яққол мисол эса «Маҳалла еттилиги» бўлиб, бу жамиятдаги муаммоларни давлат органлари, маҳалла институти ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари биргаликда ҳал қилишини англатади. Шунинг учун ҳам 2024 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллада «еттилик» ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлса, ишсизлик, жиноят бўлмаслигини айтган эди.

    Қолаверса, меҳнат муносабатларида ижтимоий шериклик нодавлат нотижорат ташкилотларисиз амалга ошмайди.

    Шу сабабли ҳам бугунги кунда Ўзбекистон эркин, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантириш доирасида жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотларни ҳам амалга оширмоқда.

    Масалан, «Мадад» ННТ, «Ниҳол» жамоат бирлашмаси ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ишчи-ходимларнинг меҳнат муносабатларидаги ҳуқуқ ва имтиёзларини тиклаш, юридик ёрдам кўрсатиш ҳамда ушбу соҳадаги билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.

    Хусусан, Тошкент вилоятидаги «Ниҳол» жамоат бирлашмаси томонидан АҚШ Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси молиявий кўмагида «Ўз ҳуқуқларингни бил» лойиҳаси амалга оширилиб, унда ногирон аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва шахсий ҳуқуқлари ҳақида хабардорликни оширишга қаратилган бир қатор тренинглар ўтказиб келинмоқда.

    Бундан ташқари, телеграм ижтимоий тармоғининг «Меҳнат ҳуқуқларингиз», «Меҳнат муносабатлари муҳокамаси», «Юристкадр» гуруҳларида меҳнат соҳасида ҳуқуқий маслаҳат ва ёрдам бериш тизими йўлга қўйилган.

    Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг 12-мақсадида ҳам ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баробарга ошириш белгиланган.

    Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси 27-мақсадида мамлакатда 2030 йилгача бўлган давр оралиғида камбағаллик даражасини қисқартириш, ушбу соҳага ижтимоий шерикликни жалб қилган ҳолда 500 минг нафар малакали мутахассислар тайёрлаш устувор вазифа сифатида алоҳида қайд этилган.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил

    18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида «...фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш мақсадида ҳар бир қўмита қошида уларнинг вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашларини тузиш» бўйича парламентга қўйилган вазифа ҳозирда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ривожлантириш муҳим эканлигидан далолат беради.

    Республикадаги меҳнат муносабатларини тартибга солувчи устувор норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ижтимоий шериклик муносабатларини тартибга солиш бўйича алоҳида бўлим мавжуд. Унга кўра, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик «...ўз вакиллари тимсолида ходимлар, иш берувчилар, уларнинг вакиллари, давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими бўлиб, бу тизим якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш масалалари юзасидан ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини мувофиқлаштиришни таъминлашга қаратилганлиги» белгиланган.

    Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка алоҳида боб ажратилган бўлиб, унда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари, тарафлари ва шакллари кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар фаолияти белгилаб берилган.

    Ўз навбатида, уюшма томонидан 2023 йилда ва 2024 йилнинг январь май ойларида 4 минг 17 нафар меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 29 млрд 713 млн сўмдан ортиқ зарар пуллари ундириб берилган. Шу жумладан, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган ходимлар аввалги лавозимига тикланиб, мажбурий ишдан четлатилганлик (прогул) вақти учун жами 789 млн 119 минг сўм ҳақ ундириб берилган.

    Бироқ меҳнат ҳуқуқларини тиклашда жамоа шартномалари ва келишувлари, қўшма қарорлар, локал ҳужжатлар, касаба уюшмалари билан келишиб қабул қилинадиган бошқа ҳужжатларни тузиш ва татбиқ этиш лозим бўлади.

    Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳужжатларида ушбу тамойил «ижтимоий мулоқот» деб номланган ва давлат, иш берувчилар ва ходимлар ўртасидаги уч тарафлама ҳамкорлик асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

    Ҳар бир поғонадаги ижтимоий шерикликнинг ўзига хос ҳужжати мавжуд бўлиб, булар қуйидагилар:

    • Бош келишувлар;
    • Тармоқ келишувлари;
    • Ҳудудий келишувлар;
    • Жамоа шартномалари ҳисобланади.

    Касаба уюшмалари ва иш берувчилар, уларнинг бирлашмалари (иттифоқлари, уюшмалари), давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шериклик тенг ҳуқуқлилик, вакилларнинг ваколатлилиги, тарафларнинг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш, мажбуриятларни қабул қилишнинг ихтиёрийлиги принциплари асосида қурилади.

    Шубҳасиз, мамлакатда олиб борилаётган ушбу тадбирларнинг барчаси ижтимоий шерикликликнинг ижобий маҳсули ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг талабидир.

    Шу сабаб, Ўзбекистонда меҳнат соҳасида ишчи-ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда ушбу тизимда ижтимоий шерикликни ривожлантириш муҳим ҳисобланади.

    Қайд этиш жоизки, 2022 йилги Меҳнат ҳуқуқлари индексида Ўзбекистон дунё давлатлари орасида «меҳнат муносабатларини тартибга солиш» кўрсаткичи бўйича 73,5 балл (100 баллик тизимда) билан ўртача давлатлар қаторидан жой олган.

    Маълумот учун: ушбу рейтинг учта кўрсаткич — Касаба уюшмаларининг ўрни (0 балл), адолатли меҳнат тизими (40 балл) ҳамда муносиб иш ҳақи (60 балл) бўйича баҳоланган.

    Эътиборлиси, ушбу рейтингда мамлакатнинг ўрнини яхшилашда касаба уюшмалари ҳамда меҳнат соҳасидаги фуқаролик жамиятлари институтлари фаолияти билан боғлиқ статистик маълумотларнинг яхшиланиши, Ўзбекистоннинг келгусида эълон қилинадиган рейтинглардаги ўрнини янада яхшилаш имконини беради.

    Жумладан, Халқаро Меҳнат ташкилотининг «Ўзбекистон Республикаси учун муносиб меҳнат дастури 2021-2025» ҳисоботида ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ягона орган сифатида Касаба уюшмалари федерацияси фаолиятини халқаро меҳнат стандартларига мослаштириш, бунда ижтимоий мулоқотни ривожлантириш, Касаба уюшмалари фаолиятини соддалаштириш ва ваколатларини ошириш таклиф қилинган.

    Бу тизимнинг тўғри йўлга қўйилиши ишчи-ходимлар меҳнат жараёнларида ўз ҳуқуқ ва имкониятларидан муносиб равишда фойдаланишини кафолатлайди. Қолаверса, мамлакатнинг халқаро нуфузини оширади.

    Республикада олиб борилаётган меҳнат муносабатларидаги ижтимоий шерикликни ривожланиш бўйича давлат сиёсатини янги йўналишларини танлаб олиб, мавжудларини жадаллаштириш мақсадида халқаро тажрибага мурожаат қилиш талаб этилади.

    Халқаро тажрибага назар ташласак, аввало яқин қўшни давлат –Қозоғистонда ишчи-ходимларнинг ижтимоий, меҳнат ҳуқуқлари ҳамда касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш бўйича меҳнат жамоаларида (ташкилотларда) доимий равишда ўқув курслари ташкил этиб борилади. Бу эса ўз навбатида ташкилотлардаги ишчиларнинг, хусусан иш фаолияти бошланганига кўп бўлмаган ходимларнинг меҳнат компетенциялари ошишига хизмат қилади.

    Ўз ўрнида, Россияда ҳам тегишли амалиёт шаклланиб, унга кўра, ижтимоий ва меҳнат муносабатларининг ривожланишида фуқаролик жамияти институтлари иштирокида доимий равишда давра суҳбатлари, тренинглар ўтказиб келинади. Тренингларда меҳнат ҳуқуқи ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ходимлар иштирокида иш жараёнларида юзага келган кейслар кўриб чиқилади ва ҳуқуқий ечим берилади.

    Буюк Британияда иш берувчи ва ходим ўртасида юзага келган муаммони ҳал этиш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши таъминланади ҳамда улар иштирокида музокаралар олиб борилади. Аксарият мамлакатларда ишчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилот сифатида Касаба уюшмалари фаолият борса, Буюк Британия, хусусан Англияда эса нафақат бу ташкилот, балки бошқа фуқаролик жамияти институтлари (якка ёки уюшган ҳолатда) ҳам ишчиларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини ҳимоя қилишда фаол иштироки кузатилади.

    Сингапурда меҳнат муносабатларида ижтимоий шерикликнинг аҳамиятини ошириш учун академик журналлар, газеталар, статистик маълумотлар, дарсликлар ва интернет қидирувларида бу борада материаллар жойлаб бориш тизими йўлга қўйилган. Бу орқали ходимлар учун меҳнат соҳасидаги янгилик, имтиёз, мажбурият ҳамда ижтимоий шериклик муносабатларидан доимий равишда хабардор бўлиш тизими йўлга қўйилган. Бу тизимнинг ташкилотчилари сифатида давлат, касаба уюшмалари ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтлари қайд этилган.

    Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий шериклик меҳнат соҳасининг асосий томонлари бўлган ходим ва иш берувчи ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг таъминланиши иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштиришга хизмат қилади.

    Бу борада ривожланган халқаро мамлакатлар тажрибасига таянаётган Ўзбекистон ижтимоий шериклик томонларнинг тенглиги, шунингдек, уларнинг манфаатларини максимал даражада ҳисобга олиш принципи тамойилларини қўллаб-қувватламоқда.

    Натижада эса, мамлакат меҳнат бозорини ислоҳ қилиш, яратилаётган янги иш ўринларининг янада жозибадорлигини ошириш каби мақсад сари муҳим қадамлар ташланмоқда.

    Суҳробжон Узоқов,

    Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

    Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси масъул ходими

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates