Куни кеча юртимиз яна бир нуфузли тадбир – Марказий Осиё университетлари форумига мезбонлик қилди. Минтақада олий таълим соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалаларга бағишланган ушбу форум 60 га яқин халқаро ташкилот раҳбарлари, 97 та хорижий олий ўқув юрти вакилларини бир ерга жамлади. Форумда AҚШ, Буюк Британия, Германия, Хитой, Канада, Жанубий Корея, Ҳиндистон сингари 20 давлатдан таниқли олимлар, илм-фаннинг йирик намояндалари иштирок этди.
Тадбир доирасида “Марказий Осиёнинг маънавий ва интеллектуал уйғониши” номли таълим ҳафталиги бўлиб ўтди. Унда Нобель мукофоти совриндори Жан Тирол, Массачусетс технология институти вице-президенти Эрик Л.Гримсон, Иоганн Вольфганг Гёте номидаги Франкфурт университети профессори Лучиано Ретсолла ва Британия кенгаши инглиз тили дастури раҳбари Майкл Конноли каби олимлар иштирок этди.
Форумда олий таълим тизимидаги долзарб масалалар ва илғор тажрибалар муҳокама қилинди. Жумладан, янги очилган университетларнинг нуфузли муассасалар сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш, ўқув дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, истеъдодлиларни жалб қилиш ва сақлаб қолишда обрў-эътиборнинг ҳал қилувчи роли, замонавий таълим муассасалари учун ҳамкорликнинг янги моделлари каби мавзулар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Ўзбекистондаги 3 та олий таълим муассасаси биринчи маротаба Times Higher Education рейтингида юқори ўринларни эгаллади. Жумладан, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети дунё университетлари орасида 601-ўринга муносиб кўрилган ҳамда кучли 1000 таликка кирган бўлса, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 1001-ўрин, Тошкент ахборот технологиялари университети 1501-ўринда қайд этилди.
Форум доирасида мазкур университетлар Times Higher Education ташкилоти томонидан тақдирланди. Шунингдек, Янги Ўзбекистон университети тез ривожланиб бораётган олий таълим даргоҳи сифатида эътироф этилди.
Ҳилола Умарова, мактабгача ва мактаб таълими вазири:
– Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу бизга таълим соҳасидаги ислоҳотларни янада тезкор ва самарали амалга ошириш зарурлигини кўрсатади.
2016 йилда Ўзбекистонда атиги 77 та олийгоҳ бўлган бўлса, ҳозир бу рақам 211 тани ташкил этмоқда. Олий таълим соҳасида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қисқа муддатда юртимизда 135 та янги олийгоҳ ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 211 тага етказилгани, тизимда қамров даражаси 4 баробардан зиёд ошиб, 9 фоиздан 38 фоизга етгани мисолида буни яққол кўриш мумкин. Талабалар сони 5 баробар ортиб, айни вақтда 1 миллион 300 мингни ташкил қилмоқда.
Бугунги нуфузли форумга мезбонлик қилаётган “Янги Ўзбекистон” университети ҳам ана шу ислоҳотлар самараси сифатида юзага келган. Ушбу таълим даргоҳини ривожлантиришда дунёнинг етакчи таълим масканлари – АҚШнинг Массачусетс технология институти, Германиянинг Мюнхен техника университети ва Буюк Британиянинг Кембриж университети билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.
Ўзбекистон бугун Марказий Осиё университетлари форумига мезбонлик қилиб, олдимизда турган муаммоларга янгича ечимлар изламоқда. Бу нафақат минтақа, балки дунё таълимининг келажагини қайта шакллантириш учун ёрқин имкониятдир.
Форум халқаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиши, катта мақсадларга биргаликда эришиш, жаҳон андозалари даражасида билим олган, глобал меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга замин ҳозирлайди.
Жан Тирол, Нобель мукофоти соҳиби (Франция):
– Иқтисодиёт ва ижтимоий фанларнинг мақсади дунёни инсонлар учун қулай яшаш маконига айлантиришга ҳисса қўшишдир. Бу эса, аввало, жамоатчилик назоратини кучайтириш, мавжуд меъёрларни доимий ўзгартириб боришни талаб этади.
Бугун аксарият давлатлар иқтисодиёти қарорлар билан эмас, балки бозор механизмлари орқали бошқарилади. Бу давлатнинг иқтисодиётдаги ролига ишора қилади. Ўзбекистонда давлатга қарашли корхоналар сонини камайтириш режалаштирилмоқда. Чунки давлат корхоналари хусусий сектор билан таққослаганда камроқ самарадорликка эга бўлади. Маърузамда технология компаниялари ҳақида гапирдим. Лекин айни ҳолат сунъий интеллект ва бошқа соҳаларда ҳам кузатилмоқда. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда рақобатни ривожлантириш истаги бор. Бунинг йўлларини топиш жуда муҳим.
Ўзбекистонга келганимдан жуда хурсандман. Мени мамлакатингизда жуда илиқ кутиб олишди. “Янги Ўзбекистон” университети ва иқтидорли талабаларни кўриш жуда ёқимли бўлди. Мулоқот давомида ёшлар менга кўп қизиқарли саволлар беришди. Улар билан яна учрашиш, маъруза қилишни орзиқиб кутаман.
Доктор Волфганг Ҳерман, “Янги Ўзбекистон” университети фахрий ректори (Германия):
– Ўзбекистон кенг қамровли геосиёсий ривожланиш ва халқаро даражага чиқиш йўлида турган бир пайтда шу каби тадбирлар катта аҳамиятга эга. Aвваллари мамлакатингиз биз — европаликлар учун кўп масалаларда очиқ эмас эди. Энди сиёсий вазият ўзгарган. Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланиш босқичида. Юртингизда таълим тизими ривожланган мамлакатлар тажрибасини қўллаш вақти келди.
Қарийб 50 йиллик тажрибамга таяниб, университет олими ва бошқарувчиси сифатида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва юзага келган қийинчиликларни бартараф этиш учун курашаётган бу каби мамлакатни кўрмаганимни айтмоқчиман. Президентингизнинг таълим соҳасида юрилаётган сиёсати улкан эътирофга лойиқ.
Марказий Осиё университетлари форуми минтақада жойлашган олий таълим муассасалари учун ўзаро тажриба алмашиш, келажак режалар ва кўрсаткичларни таққослаш платформаси сифатида хизмат қилади. Ўзбекистон, хусусан, Тошкент шаҳри шу каби тадбирларни ўтказиш ва университетлараро платформа яратиш, халқаро меҳмонларни жалб қилиш учун қулай марказий ҳудуд саналади.
Майкл Конноли, Британия кенгаши инглиз тили дастури раҳбари (Буюк Британия):
– Мамлакатингиз жуда тез ўзгариб бораётганини кўряпман. Бугун Тошкентни айланаётиб бунга гувоҳ бўлдим. Шаҳар замонавий. Унда бизнес ва таълим учун қулай муҳит яратилган. Таълим тизими вакиллари, ўқитувчилар ва бошқалар билан мулоқот чоғида ўзгариш ва тараққиётга чинакам иштиёқ борлигини кўрдим. Мен мамлакатингиз келажагига катта ишонч билан қараяпман. Юртингиздаги ўзгаришлар дунёда акс садо бермоқда ва Буюк Британия оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида айтилаётган илиқ гаплар бежиз эмаслигини тушуняпман.
Бугун бу ерда таълим тизимидаги ислоҳотларни кўриб, рости, мамнун бўлдим. Ўқитиш жараёнини умумэътироф этилган стандартлар асосида ташкил этиш бўйича бир қанча халқаро олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу келажакда дунё тажрибасининг энг илғор ютуқларини ўзида жамлаган тизим яратилишида муҳим аҳамиятга эга.
Юртингизда хорижий тилларни ўргатишга эътибор катта. Дунёдаги кўплаб илмий тадқиқотлар инглиз тилида олиб борилади. Инглиз тилини халқаро стандартлар асосида ўқитиш сифатини янги босқичга чиқариш, ўрганиш ва баҳолаш, ёшларда рақамли кўникмаларни шакллантириш, илм-фаннинг турли йўналишлари, математика, муҳандислик ва бошқа соҳалар бўйича инглиз тили курслари сонини кўпайтириш муҳим.
Бахтиёр Йўлдошев, Янги Ўзбекистон университети проректори:
– Билим, тажрибанинг чеки йўқ. Шу боис, дунё тан олган олимларнинг кашфиёти, тадқиқотидан хабардорлик, уларнинг тажрибаси, илмда босиб ўтган йўли билан танишиш биз учун жуда муҳим. Ушбу форум ана шу имкониятни тақдим этмоқда. Дунёга машҳур олимларнинг турли мавзулардаги маърузалари таълим соҳаси мутахассислари, илм-фан вакиллари, тадбиркорлар, олий ўқув юртлари талабаларида унутилмас таассурот қолдирмоқда.
Марказий Осиё давлатлари жуда катта капиталга эга. Чунки минтақада аҳоли ўсиш тенденцияси мавжуд. аҳолининг катта қисмини ёшлар ташкил этади. Ўзбекистон ҳам ёшлар мамлакатидир. Бу таълим сифатига эътибор қаратиш ва ҳамкорликни мустаҳкам йўлга қўйишимизни тақозо этади. Ушбу форум ана шу мақсадни ўзида мужассам этган.
Форумда Марказий Осиё олий ўқув юртлари, янги университетлар учун долзарб бўлган муаммолар хусусида фикр алмашилмоқда. Бу каби мулоқот майдонлари бизга доим керак.
“Янги Ўзбекистон мухбири
Рисолат МАДИЕВА ёзиб олди.