Қадимда кўҳна Насаф буюк алломалар етишиб чиққан кўплаб сулолалари билан машҳур бўлган. Шулардан бири Мустағфирийлардир.
Тарихчи аллома Самъоний ўзининг “Ал-ансоб” асарида бу муборак оиланинг энг машҳур вакили – Жаъфар ибн Муҳаммад Насафий Мустағфирий ҳақида қуйидаги маълумотни келтирган:
“Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий Насаф хатиби бўлган. У фазилатли фақиҳ, муҳаддис, ишончли, фаҳми, маърифати ва баркамоллиги етук бўлган. Кўплаб билимларни эгаллаган, ажойиб асарлар ёзган. Хуросонга сафар қилган, Марв ва Сарахсда бир муддат истиқомат қилган.
Абу Али Зоҳир Сарахсийга узоқ вақт шогирдлик қилган, кейинчалик бошқа устозлардан ҳам илм ўрганган.
Насафда Абу Саҳл Ҳорун Астрободий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Розийдан ҳадис тинглаган. Бухорода Абу Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан, Марвда Муҳаммад ибн Маккий ва кўплаб муҳаддислардан сабоқ олган.
У яшаган асрда Мовароуннаҳрда турли илмлар, китоб ёзиш ва ҳадисни тушунишда унга тенг келадигани йўқ эди. У 961 йилда туғилган, 1041 йилда жумодул аввал ойининг сўнгги кунлари вафот этган. Қабри Насафнинг водий тарафида, мен уни зиёрат қилганман”.
Алломанинг тўлиқ исми Абу Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад Мустағфирий Насафий Нахшабийдир.
Мустағфирий – боболаридан бирининг исмига ишора. Буни Самъоний, Ибн Асир ва бошқалар зикр қилган.
Абу Аббос илм талабида турли шаҳарларга сафарга чиққан. Жумладан, Хуросон, Марв ва Сарахсда маълум муддат истиқомат қилган. Аллома бу шаҳарларда ҳадис ва фиқҳни ўрганган. У бу ерларда шунчалар кучли устозлардан сабоқ олдики, пировардида ўша пайтлари илм марказлари саналган Ироқ, Шом ва Ҳижозга алоҳида сафар қилишига зарурат қолмаган. Насафга қайтиб шу ернинг муфтийси ва хатиби бўлган. Имом Заҳабий ўз китобида: “Мендаги маълумотларга кўра, у Ироққа бормаган”, дегани шундан бўлса керак.
Абу Аббос кўплаб шайхлардан ҳадис ривоят қилган. Уларнинг энг машҳурлари сифатида Зоҳир ибн Аҳмад Сарахсий, Иброҳим ибн Луқмон, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Розий, Жаъфар ибн Муҳаммад Бухорий, Ҳорун ибн Аҳмад Астрободий ва Мовароуннаҳрнинг катта муҳаддисларидан Ҳофиз Аҳмад ибн Али Сулаймоний каби алломаларни келтириш мумкин.
Алломадан жуда кўплаб муҳаддислар ҳадис тинглаган, ривоят қилган. Улар орасида машҳурлардан ўғли Абу Зар, Ҳасан ибн Абдулмалик Насафий, Абу Наср Аҳмад ибн Жаъфар Косоний, Ҳофиз Ҳасан ибн Аҳмад Самарқандий, Муҳаммад ибн Абдулжаббор Самъоний, Ҳофиз Абдулазиз ибн Муҳаммад Нахшабий, Исмоил ибн Тоҳир ибн Юсуф Насафий бор.
Абу Аббос “Насаф ва Кеш тарихи”, “Самарқанд тарихи”, “Фазоил ул-Қуръон” (“Қуръон фазилатлари”), “Китоб ул-вафо” (“Вафо ҳақида китоб”), “Далоил ун-нубувва” (“Пайғамбарлик далиллари”), “Китоб уд-даъавот” (“Дуолар китоби”), “Китоб хутаб ун-набий” (“Пайғамбар хутбалари китоби”), “Китоб тибб ун-набий” (“Пайғамбар табобати китоби”), “Китоб уш-шеър ваш шуаро” (“Шеърият ва шоирлар ҳақидаги китоб”), “Маърифат ус-саҳоба” (“Саҳобаларни билиш”) ва яна бир қатор асарлар муаллифи ҳисобланади.
Алломанинг “Тибб ун-набий”, “Фазоил ул-Қуръон” ва “Далоил ун-нубувва” асарлари тадқиқ қилиниб, замонавий нашрдан чиққан ва ҳозир кенг тадқиқотчилар оммаси томонидан ўрганилмоқда. Бу Абу Аббос Мустағфирий қолдирган катта илмий мерос ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганидан далолатдир.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими