Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, келгуси уч йил давомида дастур орқали мамлакат бўйлаб 600 минг нафарга яқин ёшлар таълим кредитларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Дастур маблағларининг қарийб 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари ва хотин-қизларга таълим кредитлари ажратишга қаратилган.
Ўзбекистонда 14–30 ёшдаги аҳоли сони 10 миллион нафарга яқин бўлиб, ҳукумат уларнинг олий, техник ва касб-ҳунар таълими олиш имкониятларини кенгайтиришни устувор вазифа сифатида белгилаган. Охирги йилларда олий таълим муассасалари сони қарийб уч баробарга ошди, олий таълим билан қамров даражаси эса 2017 йилдаги 8 фоиздан 2024 йилда 48 фоизга етди.
Шу билан бирга, талабалар сонининг кескин кўпайиши давлат бюджетига босимни кучайтириб, таълим кредитлари тизимининг барқарорлигини таъминлашни қийинлаштирмоқда. Мавжуд тизим меҳнат бозори эҳтиёжларини тўлиқ ҳисобга олмаслиги, айниқса, STEM ва ахборот-коммуникация технологиялари йўналишларига етарлича эътибор қаратилмаётгани қайд этилмоқда.
«EduImkon» дастури 2026–2028 йилларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилади. У доирасида таълим кредитлари тизимини модернизация қилиш, ягона онлайн платформа жорий этиш, кредит ажратиш жараёнларида шаффофлик ва самарадорликни ошириш, шунингдек, қарз олувчининг даромадига боғлиқ тўлов механизмини жорий этиш режалаштирилган.
Дастур доирасида 190 миллион доллардан ортиқ маблағ ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, жумладан, кам таъминланган ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Шунингдек, лойиҳа орқали қўшимча 30 миллион доллар хусусий капитал жалб этилиши кутилмоқда.
2028 йил декабрига қадар таълим кредитлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда иш юритадиган 12 та тижорат банки орқали ажратилади.




