Жануб гавҳарига айланган воҳа

    Мамлакатимизда истиқлол туфайли қўлга киритилаётган ютуқлар, энг аввало, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий соҳада бугунги кун талаби даражасидаги замонавий тармоқлар ва қудратли ишлаб чиқариш қувватларининг йўлга қўйилиши, бунинг натижасида давлатимиз иқтисодий салоҳиятининг сезиларли даражада ўсиб бораётгани ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва аҳолига кўрсатилаётган хизмат турлари ортишида намоён бўлмоқда.

    Асосийси, ишлаб чиқариш сифатининг тубдан такомиллашиб бориши, бир сўз билан айтганда, иқтисодиётимизнинг янгича мазмун-моҳият касб этишида давлатимизнинг мустақил тараққиёт йўлини тўғри танлагани ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати энг муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 февралда “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳам давлатимизнинг мустақил тараққиёт йўлини муваффақиятли босиб ўтишига имкон яратмоқда. Бугунги кунда ҳам салбий таъсир ва оқибатлари сақланиб қолаётган пандемия дунё мамлакатлари иқтисодиётининг заиф жиҳатларини ошкор этиб қўйди. Лекин шундай мураккаб шароитда давлатимиз иқтисодиёти, тараққиётимизга асос бўлиб хизмат қилаётган Ҳаракатлар стратегияси яна бир бор ҳаёт синовларидан муваффақиятли ўтиб, ўзининг амалий жиҳатларини намоён қилди. Ўтган йиллар давомида жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қўлга киритилган ютуқларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, эътироф этилган ютуқларга амин бўламиз.

    Баралла айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистон жаҳонда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлди. Ўзбекистон мустақиллик туфайли ўз халқининг юксак маънавияти, маданияти, ахлоқи, бағрикенглиги, меҳмондўстлиги, улкан салоҳияти ва яратувчанлик қудрати билан жаҳоннинг илғор мамлакатлари сафидан муносиб ўрин эгаллади. Айниқса, сўнгги беш йил ичида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, унга муносиб ҳаёт тарзини яратиб бериш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар бутунлай янги босқичга чиқди.

    Мустақил Ўзбекистоннинг жанубий дарвозаси, тарихий обидаларга, осори атиқаларга бой саналган кўҳна ва доимо жўшқин Сурхон заминининг Тешиктош ғорида илк одамзод қолдиқларининг топилиши бу ҳудуднинг нақадар қадимийлигини кўрсатса, Зараутсой қоятошларидаги рангли тасвирлар бу юртнинг дунёдаги энг қадимий санъат шаклланган воҳалардан бири эканини намоён этади. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Термиз Археология музейига ташриф буюрсангиз, бунга ўзингиз амин бўласиз. Вилоят ҳудудида 800 га яқин номоддий маданий мерос объекти аниқланган бўлиб, улардан 364 таси рўйхатдан ўтган ва музей томонидан 61 та объект манзиллари жадвали тузилган.

    Сўнгги йилларда воҳада муқаддас қадамжоларни тиклаш, буюк аждодларимиз мангу ором топган мақбараларни ободонлаштириш масаласига энг устувор вазифалардан бири сифатида қараб келинмоқда. Президентимиз 2016 йил октябрь ойида Сурхондарёга ташрифини Ҳаким Термизий зиёратгоҳидан бошлагани, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шундай улуғ ишлар силсиласининг янги босқичи сифатида тарихий аҳамиятга эга.

    Сурхон воҳаси мамлакатимизнинг жанубий ва серқуёш ҳудуди бўлиб, бу ўз-ўзидан сувга эҳтиёж юқорилигини англатади. Шуни инобатга олган ҳолда, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан биридир.

    Президентимиз жорий йил 2 июнда Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Тўпаланг” сув омборидан ичимлик сув тармоғи тортиш бўйича кўрсатма берган эди. Ушбу лойиҳанинг қиймати 138 миллион доллар бўлиб, 400 километр қувур тортиш орқали воҳанинг Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланиши мақсад қилинган. Бу эса воҳанинг ҳақиқий жануб гавҳарига айланишида асосий омиллардан бири бўлиши шубҳасиз.

    Бугунги глобаллашув даврида воҳамизнинг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантиришдаги роли ошиб, давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланган аҳил қўшничилик принципларининг рўёбга чиқишида катта аҳамият касб этмоқда. Сурхондарё вилояти Афғонистон билан чегарадош. Шу нуқтаи назардан, қўшни афғон халқи билан дўстона муносабатларни ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ва таълим соҳаларига оид алоқаларни мустаҳкамлашда воҳанинг аҳамияти беқиёс. Жумладан, 2017 йил 13 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга қадар кўплаб афғон ёшлари ушбу марказда таҳсил олмоқда. Шунингдек, 2021 йил 2 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши қўшни Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим қадамлардан бири бўлди. Бундан ташқари, “аср лойиҳаси” деб аталаётган, Ўзбекистонни дунё портларига олиб чиқувчи темир йўл қурилиши лойиҳасида ҳам Сурхон воҳасининг, хусусан, Термиз шаҳрининг аҳамияти юқори бўлиб, бу лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг шиддат билан ривожланишига асос бўлиб хизмат қилиши кўплаб экспертлар томонидан эътироф этилмоқда.

    Албатта, юқорида тилга олиб ўтилган ислоҳотлардан, имкониятлардан фойдаланиш натижасида Сурхон элининг турмуш шароити, фан, таълим ва спорт соҳасидаги ютуқлари кундан-кунга ошиб бораётгани қувонарли. Яқин йилларгача вилоятда ягона — Термиз давлат университети фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб олий таълим муассасаларининг сони 6 тага етгани Сурхондарёда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришга, ижтимоий-иқтисодий, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ривожига хизмат қилмоқда.

    Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлардан асосий мақсад демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдан иборат. Ўз тараққиёт йўлини танлаган мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчил амалга ошириш доирасида аҳоли кенг қатламлари томонидан қўллаб-қувватланадиган, мустақил иш олиб борадиган, барқарор фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий ва моддий шароитлар яратилган.

    Сурхондарё вилоятида ҳам фуқаролик жамияти институтларининг аҳоли фуқаролик онги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ўстиришдаги роли ошмоқда, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаоллиги кучаймоқда.

    Айни пайтда вилоятда 600 га яқин ННТ фаолият юритади. Уларнинг 35 фоиздан ортиғи аҳолига касб таълими, ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий кўмак, шунингдек, ногиронлиги бор ва ижтимоий муҳофазага муҳтожларга ёрдам кўрсатишга ихтисослашган. Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлар аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш йўналишлари бўйича ҳам фаолият юритади.

    Изчил ислоҳотлар ва улар натижасида қўлга киритилган ютуқларнинг барчасида, энг аввало, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, оқкўнгил, ориятли ва меҳнаткаш Сурхон халқининг муносиб ўрни бор.

    Бахшилар тилида турфа оҳангларда куйланган Сурхон замини бугун ўзгача чирой касб этади. Минг йиллар қаъридан садо берувчи қадим обидалари кўҳна тарих ҳақиқатларидан сўзласа, шаҳар ва туманларда қад ростлаётган замонавий иншоотлар, ишлаб чиқариш корхоналари бу замин учун янги тараққиёт даври бошланганидан дарак беради. Кўнгли кенг, жануб қуёшидай истараси иссиқ, меҳри қайноқ сурхонликлар замон билан ҳамқадам тарзда ҳалол меҳнат қилишдан, шу юрт тараққиётига ҳисса қўшишдан чарчамайди.

    Рустам НОРЛИЕВ,

    Термиз давлат университети фуқаролик жамияти кафедраси мудири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates