Қонун лойиҳаси Бош прокуратура томонидан тайёрланган, у билан Жиноят кодексининг Умумий қисмини саккизинчи бўлим “Мулкий йўсиндаги мажбурлов чоралари” билан тўлдириш таклиф қилинмоқда. У махсус мусодара қилиш тарзидаги мулкий йўсиндаги мажбурлов чоралари суднинг ҳукми ёки ажримига асосан ҳақ тўламаслик шарти билан олиб қўйиш ва давлат фойдасига ўтказиш мақсадида қуйидаги мол-мулкларга нисбатан қўлланилиши мумкинлигини белгилайди.
Бундай мол-мулклар жумласига:
- жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк, шунингдек ушбу мол-мулкдан фойдаланиш орқали олинган ҳар қандай фойда ёки наф;
- жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулк тўлиқ ёки қисман бошқа мол-мулкка айлантирилган ёхуд ўзгартирилган ёки қонуний манбалар ҳисобидан олинган мол-мулкка қўшилган пул маблағлар ва бошқа мол-мулк;
- экстремистик ёки террорчилик фаолиятини, оммавий қирғин қуролини тарқатишни ёхуд уюшган жиноий гуруҳ ёки жиноий уюшмани молиялаштириш ёки бошқача тарзда таъминлаш учун мўлжалланган ёки фойдаланиладиган пул маблағлар ва бошқа мол-мулк;
- жиноят содир этиш қуроли, нарсалар, ускуналар ёки бошқа воситалар киритилади.
Жиноят содир этиш натижасида олинган ва жиноят содир этган шахс томонидан бошқа шахсларнинг эгалигига ўтказилган мол-мулк ҳам мусодара қилинади.
Жиноят содир этиш натижасида олинган пул маблағлари ва мол-мулк тўлиқ ёки қисман бошқа мол-мулкка айлантирилган ёхуд ўзгартирилган ёки қонуний манбалар ҳисобидан олинган мол-мулкка қўшилган ёки бошқа шахслар эгалигига ўтказилган бўлса, махсус мусодара қилиш жиноят содир этиш натижасида олинган мол-мулк қисмига нисбатан қўлланилади.
Суд махсус мусодара қилишни қўллаш вақтида мусодара қилинадиган мол-мулкни аниқ кўрсатиши лозим бўлади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Баҳодир Бухорий.