Каратэ WKF бўйича миллий терма жамоада вазият қандай?

    Спорт 22 январ 2021 649

    Сўнгги пайтларда каратэ WKF бўйича Ўзбекистон терма жамоаси атрофида бўлаётган воқеалар нафақат спорт жамоатчилиги, балки кўплаб ҳамюртларимиз орасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

    Юзага келаётган муаммонинг сабабини аниқлаш, унга ечим топиш мақсадида бугун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида терма жамоа вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Нодир Муротов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдурахмонов, Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Баҳодир Маматназаров, вазирлик ҳамда МОҚнинг масъул раҳбарлари ҳамда спортчи ва тренерлар иштирок этди.

    Йиғилишни Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Н.Муротов очиб берди. Даставвал томонларнинг фикрлари тингланди. Маълум бўлишича, терма жамоанинг етакчи спортчиларидан бири Достон Отаболаев 2020 йил сентябрь ойидан бери терма жамоа йиғинларида иштирок этмаяпти. У ўз хоҳишига кўра жамоадан чиқиб кетганини мураббийлар уни Парижда ўтган Премьер-лига мусобақасида иштирок этишига имкон яратиб бермагани билан изоҳлади. Халқаро каратэ федерациясининг тақвимига назар ташлайдиган бўлсак, ушбу мусобақа 2020 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган. Хўш, спортчи нега энди орадан 10 ой ўтгач жамоани тарк этгиси келиб қолди? Яна бир муҳим жиҳат, нега терма жамоани тарк этиш хақидаги қарорини Вазирлик, Республика олий спорт маҳорати мактаби ёки терма жамоа мураббийлар штабига маълум қилмаган?

    Бу ҳолат бўйича дастлаб терма жамоа бош мураббийи Дилноза Бакировага мурожаат қилинди.

    “Пандемия даврида машғулотларни барча спорт турлари қатори онлайн тарзда олиб бордик. Карантин чекловлари юмшатилгач бошлаган йиғинга Достонни ҳам чақирдик. Йиғинга киришишдан аввал коронавирусга топширган тести мусбат натижа бергач, уй шароитида даволаниш учун Фарғонага жўнаб кетди. Кейинги йиғинда эса пневмония қайд этилгани учун яна жамоани тарк этишга мажбур бўлди. Шундан сўнг унга қўнғироқ қилиб йиғинга қўшилишини сўрасак, турли баҳоналар билан таркибга қайтишни истамади. Кейин билсак, ўзи алоҳида шуғулланаётган экан”, – деди мураббий.

    Спортчининг ўзи бу вазият бўйича шундай деди:

    “Мураббий билан ўртадаги муносабатим сабаб Париж турнирида иштирок этишимга рухсат беришмади. Ҳозир якка тартибда машғулот олиб бормоқдаман ва лицензион мусобақага шундай тайёрланмоқчиман. Ўзим эронлик мураббийимиз Шаҳаб Султани тузиб берган дастур бўйича шуғулланяпман. Энди терма жамоага қайтсам, менга нисбатан ортиқча босим бўлиши мумкин. Бунинг натижасида Токио Олимпиадасига йўлланма ололмайман. Лицензион мусобақага қозоғистонлик дўстларим билан Чимкентда тайёрланмоқчиман”.

    Ўз навбатида МОҚ раиси ҳам вазият борасида фикрларини билдириб ўтди.

    “Спортчи белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида, ўрнатилган тартибда терма жамоа аъзосига айланади. Унинг ўз-ўзидан, яъни Вазирлик, Олий спорт маҳорати мактаби ёки терма жамоа мураббийларини огоҳлантирмасдан таркибдан чиқиб кетишга ҳаққи йўқ. Агар қозоғистонлик каратэчилар билан шундай алоқангиз бўлса, уларни Ўзбекистонга таклиф қилинг. Ўзингиз эмас, бутун жамоа бўлиб шуғулланинглар. Ўз навбатида бунинг учун барча шароитларни яратиб берамиз. Очиғи терма жамоа атрофида бўлаётган гап-сўзларни эшитиб, жуда ҳавотирландик. Президентимиз томонидан спортчиларнинг шуғулланиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Қолаверса, юртбошимизнинг Сиз – ёшлардан умидлари ниҳоятда катта. Португалиядаги Премьер Лига мусобақаси санаси ўзгаргани ва натижада ўқув-машғулотлар режасига ўзгартириш киритилганидан хабардормиз. Вазирлик ва МОҚ терма жамоа мураббийлар штаби сўраётган Россия ёки Озарбайжонда ўтадиган йиғинни ҳам ташкиллаштириб беришга тайёр. Фақат бунинг учун жамоада соғлом муҳит ҳукм суриши керак. Машғулотларни бир зум ҳам тўхтатманг. Бунинг учун сизлардан фақат бир жамоа бўлиб ишлашни сўраймиз. Мақсадимиз – муаммога ечим топиш”, - деди Рустам Шоабдурахмонов.

    Йиғилишда терма жамоа бош мураббийи Д.Бакирова, катта мураббий Ў.Бекпўлатов ва Олий спорт маҳорат мактаби раҳбари Б.Маматназаровга спортчининг йиғинларда қатнашмаётгани, унинг таркибдан тушиб қолаётгани ҳақида федерация, Вазирлик ёки Қўмита раҳбариятини огоҳлантирмагани борасида жиддий эътирозлар билдирилди.

    Маълум бўлишича, Достон Отаболаев 2020 йилнинг иккинчи ярмида режага киритилган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказидаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ҳам ўтмаган. Терма жамоа мураббийлари ва шифокорлар назоратисиз якка тартибда машғулот олиб бориш, уларни ўзи ҳақидаги маълумотлардан хабардор қилмаслик профессионал спортчига хос хислат эмас.

    Таъкидлаш жоиз, 2020 йилнинг ноябрь ойида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида каратэ WKF бўйича миллий терма жамоамиз атрофида юзага келаётган муаммоларга бағишланган йиғилиш ўтказилиб, унда терма жамоани Токио Олимпиадасига тайёрлаш бўйича барча ваколат Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби зиммасига юклатилган эди. Ўзбекистон каратэ WKF федерациясининг эски ва янги раҳбариятига бу ишга аралашиш ман қилинган.

    Олимпия ўйинлари Японияда ўтаётганлиги учун каратэ Токио Олимпиадаси дастуридан ўрин олди. Ундан кейинги Олимпия ўйинларига киритилиши даргумон. Балки бу каратэчиларимизга умрида Олимпиада чемпиони бўлиш учун берилган ягона имкониятдир. Шундай экан, ундан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиш ўрнига ички муаммоларга ўралашиб юриш ачинарли ҳолдир.

    Йиғилишда МОҚ ва Вазирлик мутасаддилари ҳар икки томонни яхшилаб эшитишди. Жорий йил июнь ойида Франция пойтахтида Токио-2020 Олимпия ўйинларига лицензия берувчи сўнгги мусобақа бўлиб ўтади. Унда фақатгина ўз вазн тоифаларида кучли учликка кирган спортчилар Олимпиадада иштирок этиш хуқуқини қўлга киритишади. Бугунги куннинг энг долзарб масаласи мусобақада иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоасига каратэчиларни адолат ва ҳақиқат мезонлари остида саралаб олишдир.

    Ўз навбатида спорт мутасаддилари томонидан тренерларга ўқув-машғулотлар йиғинини узлуксиз ташкил этиш, Олимпия ўйинларига қадар спортчиларни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт яккакурашлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби томонидан доимий назоратда ушлаб туриш тавсия қилинди. Бунинг учун барча шароитлар яратиб берилиши таъкидлаб ўтилди.

    Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда терма жамоада юзага келган бундай вазиятни бартараф этиш учун барча ишларни амалга оширади. Шу билан биргаликда, яқин вақт ичида бу масала Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Умид қиламизки, ҳар икки томон бугунги йиғилишдан тегишли хулосаларни чиқаришади ва бундан буёғига бор эътиборларини лицензион мусобақага муносиб тайёргарлик кўришга қаратишади.

    Йиғилиш якунида МОҚ раҳбари Р.Шоабдурахмонов спортчиларга яна бир бора мурожаат қилиб, олдинда турган Токио олимпиадасига жуда кам вақт қолгани, ҳозирги вазиятда терма жамоа аъзолари учун энг тўғри йўл – ягона мақсад йўлида бирлашиб, баҳамжиҳат ҳаракат қилиш эканлигини уқтирди. Спортчи ва тренерларга бўлажак мусобақаларда омад тилади.

    Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

    Матбуот хизмати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates