Картошкачилик: инновацион усуллар ва кластерлар

    Ҳозирги кунда 156 мамлакатда йилига 377 миллион тоннага яқин картошка етиштирилади.

    Картошка, халқимиз таъбири билан айтганда, иккинчи нон. Чунки у ҳам нон каби меъдага тегмайди. У нафақат тўйимлилиги, балки шифобахшлиги билан ҳам ўзига хосдир. Картошка таркибида оқсил, ёғ, углеводлар, органик кислоталар, В1, В2, РР, С, D, K, E, A витаминлари, натрий, калий, магний, кальций, темир, фосфор, йод каби элементлар мавжуд.

    Бошқа жиҳатдан, “иккинчи нон” атамасининг ўзи унинг ижтимоий аҳамиятини белгилайди ва озиқ-овқат истеъмолида муҳим ўрин тутади. Унинг сифатли ва арзон бўлиши ҳар бир оила фаровонлигига таъсир қилади.

    Ҳозирги кунда 156 мамлакатда йилига 377 миллион тоннага яқин картошка етиштирилади. Хитой, Ҳиндистон, Россия, Украина, АҚШ, Германия, Бангладеш, Польша, Франция ва Нидерландия энг етакчи ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади.

    Ўзбекистон бу рўйхатда 23-ўринда туради. 2020 йилда барча тоифадаги хўжаликларда 2,9 миллион тонна картошка етиштирилди, шундан 1,5 миллион тоннаси фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳиссасига тўғри келди.

    “East fruit” компанияси таҳлилича, юртимизда картошка етиштириш ҳажмлари йилдан йилга аҳоли сонидан ҳам тезроқ ўсиб боряпти. Натижада 2000 йилдан 2020 йилга қадар аҳоли жон бошига картошка етиштиришнинг йиллик ҳажми 29,5 килограммдан 91 килограммгача, яъни 3 баравардан кўпроқ ўсган.

    Бу жуда катта муваффаққият. Лекин таҳлиллар картошканинг қайси навини қаерга экиш аниқ ҳисобга олинмаётгани, айниқса, фермер ва томорқа хўжаликларида топилган уруғ қадалаётгани, пировард натижада ҳосилдорлик паст даражада бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шу боис, юртимизга истеъмол учун йилига 200-300 минг тонна, уруғлик учун 17 минг тонна картошка четдан келтирилади.

    Венгрия тажрибаси қандай натижа берди?

    Шу йил март ойи охирида мамлакатимиз картошкачилиги соҳасида муҳим воқеа юз берди. Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик илмий маркази иш бошлади. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу муассаса Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети билан ҳамкорликда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими негизида ташкил этилди. Марказ Венгриядан келтирилган навларни синовдан ўтказиш ва уруғлик картошка ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

    Бу ерда маҳаллий ва хорижий навларни чатиштириш орқали картошка етиштиришнинг барча босқичларида сифатни таъминлашга қаратилган комплекс тизим ишлаб чиқилиши, 50 дан ортиқ нав маҳаллийлаштирилиб, картошка генофонди яхшиланиши учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, in vitro, ўсимликлар патологияси, картошкани сақлаш физиологияси, сифат назорати бўйича лабораториялар, намуналар тайёрлаш, етиштириш ва сақлаш хоналари фаолияти йўлга қўйилди.

    — Венгрия қишлоқ хўжалиги ва табиий фанлар университети билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан, ушбу мамлакат селекциясига мансуб 6 та — “Aranu clipke”, “Balatoni Rossa”, “Demon”, “Botant”, “White”, “09-688” нав намуналари юртимиз тупроқ-иқлим шароитида синаш мақсадида олиб келинди, — дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Рустам Низомов. — Уларнинг уруғлик туганакларини экиш ишлари Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти тажриба майдонларида, шунингдек, Бўстонлиқ тажриба участкаси, Самарқанд илмий тажриба станцияси ва “Бўстонлиқ картошкачилик маркази” қўшма корхонасида амалга оширилди.

    Тажриба майдонларига томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди ва ўсимликларни суғориш ҳамда озиқлантириш ишлари улар орқали автоматлашган ҳолда олиб борилди. Ниҳолларга зарар келтирувчи ҳашарот ва касалликларга қарши тадбирлар институтимизнинг Ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш лабораторияси олимлари томонидан тавсия этилган биологик ва кимёвий препаратлар асосида ўтказилди. Экилган навлар ўсиб-ривожланиши бўйича фенологик кузатувлар ва биометрик ўлчовлар ўз муддатида қайд этиб борилди.

    Таҳлил ва хулосалар асосида 6 та нав намунасидан барчасининг ўсиб-ривожланиши, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашишини ижобий баҳолаш мумкин. Ўсув ва мева шаклланиши жиҳатидан “09-688” (меваси сарғиш рангда), “Demon” (қизил рангда), “Aranu clipke” ( оқ-сарғиш рангда) бошқаларига нисбатан эртароқлиги кузатилди. Мевалари йирик кўринишга эга “Demon”, “Balatoni Rossa”, “Botant” (меваси қизил рангда) нав намуналарида бозорбоплик хусусияти юқорироқ баҳоланди.

    Таққосланганда, олимларимиз томонидан реестрга киритилган “Пском” навида ўртача ҳосилдорлик гектар бошига 18,6 тоннани ташкил этган бўлса, Венгриянинг “Botant” навида 39,5 тоннадан кўпроқ тош босди. Бу кўрсаткич ўз стандарт навига нсбатан 112 фоиз юқори ҳисобланади. Шу жиҳатдан олганда, “Araniy Clipke” нави республикамиз тупроқ-иқлим шароитига тўлиқ мослашмагани боис стандарт навига нисбатан ўртача ҳосилдорлиги 3,3 тонна кам бўлди. Дегустация усулидаги таҳлиллар ҳосилдорлиги энг юқори бўлган “Balatoni Rossa” ва “Botant” навларида тугунаклар таъми бошқаларига нисбатан анча яхши ва шакли бозоргир эканини кўрсатди.

    Мавсумий тажрибаларга асосланиб, ишлаб чиқаришга эртанги муддатда “Balatoni Rossa”, “Botant”, “White” “Demon”, “09-688” навларини экиш тавсия этилади.

    Венгрия селекциясига мансуб эртапишар картошка навларини ҳар томонлама баҳолаш ишлари давом эттирилади. Шу билан бирга, институт лабораториясида фузариоз вилти ва фитофтора қўзғатувчиларини ажратиш, уларнинг тур таркиби, ривожланиши, кўпайиши ва баъзи биоэкологик хусусиятларини ўрганиш ишлари олиб борилади.

    Инновацион усуллар самарасида 2021-2023 йилларда ҳосилдорликни 30-50 фоизгача ошириш мўлжалланган. 2024 йилга бориб 21 минг тонна уруғлик картошка етиштириш, бу борадаги импорт ўрнини тўлиқ қоплаш мақсад қилинган.

    Бу ва бошқа самарадор навлар

    Ўзбекистонга юқори авлодли уруғлик картошка етказиб берувчи асосий давлатлар Нидерландия ва Россия ҳисобланади. Бундай картошканинг нархи транспорт харажатлари ва сотувчи устамасидан келиб чиққан ҳолда, уни мустақил равишда етиштириш имконига эга бўлган мамлакатларга қараганда камида икки баравар юқори бўляпти. Уруғлик картошка қиймати эса одатда уни етиштириш харажатларида энг катта улушни эгаллайди.

    Масалан, Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги “Шамсиддин Жалилов даласи” фермер хўжалиги ўтган йили Нидерландиядан 340 тонна уруғлик картошка олиб келиб, ҳудуддаги фермер хўжаликларига етказиб берган. Унинг сифатидан фермерлар мамнун бўлди, лекин таннархи “чақиб” олгани бор гап. Чунки ҳар бир килограмм уруғлик нархи 11 минг сўм бўлиб, шундан йўл харажати 8 минг сўмни ташкил қилган. Ҳисоб-китоблар агар ана шу уруғ ўзимизда етиштирилса, унинг нархини қарийб тенг ярмига пасайтириш мумкинлигини кўрсатади.

    Қайд этганимиздек, уруғлик элита навларининг асосий қисми юртимизга четдан олиб келинади. Президентнинг 2020 йил 6 майдаги “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорида ана шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, хориждан келтириладиган уруғлик 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатга божхона божидан озод этилган. Шу вақт мобайнида мамлакатимизда соҳа уруғчилигини ривожлантиришга катта эътибор қаратилади. Хусусан, картошка экиш учун мўлжалланган экин майдонининг камида 50 фоизида супер элита ва (ёки) элита ва авлод уруғларини етиштиришни йўлга қўйилишини таъминланиши белгиланган. Уруғлик картошкани сақлаш, саралаш, етказиб бериш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш, соҳага илғор технологиялар, инновацион ечимлар (ноу-хау) ва илм-фан ютуқларини жорий этиш ҳам устувор вазифалар сирасига киради.

    Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, картошканинг Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия этилган 131 та нави давлат реестрига киритилган, шундан 19 таси маҳаллий илмий тадқиқот институтлари томонидан яратилган.

    — Уларнинг 11 таси институтимиз олимларининг кўп йиллик илмий тадқиқотларининг амалий самарасидир, — дейди Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Рустам Низомов. — “Тўйимли”, ”Ақраб”, “Диёра”, “Кўксарой”, ”Ҳосил” ва, айниқса, кейинги пайтда яратилган “Феруза”, “Боғизғон” каби навлар кенг майдонларга экилиб келиняпти.

    Лекин ўсиб бораётган бозор талабига четдан келтирилиб, заминимиз бағрида етиштирилаётган картошка кўпроқ маъқул келмоқда. Бу, ўз навбатида, маҳаллий ва хорижий селекция ҳамда биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини йўлга қўйиш, уруғлик бўйича маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни янада кенгайтиришни тақозо этяпти.
    Картошкачилик соҳасини ривожлантириш ҳамда янги навлар яратишда Жаҳон картошкачилик маркази (CIP) билан ҳамкорликда ишланмоқда ва ботаник уруғлардан картошка етиштиришга катта аҳамият берилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигидаги умумий қиймати 195 минг доллар бўлган лойиҳа 2021-2023 йиллар давомида амалга оширилади. Унинг асосий мақсади картошка ишлаб чиқариш соҳаси салоҳиятини оширишга қаратилган бўлиб, бунга навларни рўйхатга олиш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар йўналишини модернизациялаш, юқори сифатли картошка ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва тайёр маҳсулотларни омборхоналарда сақлаш шароитларини яхшилаш орқали эришилади.

    Жорий йилдан Бўстонлиқ, Булунғур, Янгиқўрғон, Андижон, Олтиариқ, Музработ, Мирзаобод туманларида сабзавот, полиз экинлари қатор орасида картошканинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илмий изланишлар ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

    Картошкачилик кластерлари

    Юртимизда истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, бу соҳада кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, ушбу маҳсулотга бўлган ички талабни тўлиқ қондириш мақсад қилинган. Юқорида қайд этилган қарор асосида 40 та туман картошка экишга, шундан, 23 та туманда уруғлик картошка ва 9 та туман юқори авлодли уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилди. Ушбу туманларда 8 та картошкачилик кластери ташкил этилди.

    Ишлаб чиқаришнинг уруғчиликдан тортиб чуқур қайта ишлашгача бўлган бутун жараёнини қамраб олган “Agrover” агросаноат картошкачилик кластери фаолиятини намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Кластер ишлаб чиқариш жараёнларини мақбуллаштириш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун замонавий технологиялар ва ускуналардан самарали фойдаланиб келади. Хусусан, минг гектарга яқин ер майдонда ёмғирлатиб суғориш ва механизациялаштириш тизими жорий этилган. Бу наинки обиҳаётни, балки минерал ўғит ва озуқлантириш тадбирларини 40 фоизгача тежаш, ҳар гектар ердан 50 тоннагача ҳосил олиш имконини беряпти.

    — Мамлакатимиз мураккаб иқлим шароитида жойлашгани сабабли картошка етиштириш ачайин мураккаб, — дейди “Agrover” кластери раҳбари Фарҳод Тоҳиров. — Биздаги иссиқ ва қуруқ ҳаво картошка илдизи бир текисда, бир хил ҳажмда ўсиши учун муайян агротехник чора-тадбирларни ўтказишни талаб қилади. Бунда анъанавий усулда суғориш жуда заҳматталаб ва серхаражат ишдир. Биз картошка етиштиришда таннархни тушириш, сарф-харажатларни қисқартириш мақсадида барча жараённи механизациялашга қарор қилдик ва бунга тўла эришдик. Масалан, спринклер (масофадан туриб) айланма суғориш имконини берувчи қимматбаҳо технологияни харид қилдик, Fregat ёмғирлатувчи машиналаридан ҳам унумли фойдаланяпмиз. Бу эса юртимизнинг айрим ҳудудларида йилига уч маротабагача ҳосил олиш имконини беряпти. Сурхондарё вилоятида биз картошканинг супер эрта ва кечки навларини етиштирамиз. Декабрь – январь ойларида супер эрта навини экиб, апрель – май ойларида, кечки нав эса август ойида экиб, декабрда йиғиб олинади. Улар оралиғида эса бошқа экинлар экилади. Тошкент вилоятидаги пастқам жойларга март ойида картошка уруғи қадалади, июнда пишиб етилади. Унинг супер эрта ва эрта навлари фақат истеъмол бозори учун етиштирилади. Тоғолди ҳудудларида картошканинг ўрта ва кечки навларини экамиз. Бу истеъмол бозорига юборилувчи ва кейинги йилга сифатли уруғли фондини шакллантируви асосий манба ҳисобланади. Шу тариқа турли табиий шароитни ҳисобга олиб, 9 ой мобайнида картошка экиб, 7 ой давомида ҳосил олишимиз мумкин.

    Кластерга қарашли “Вoʻstonliq kartoshkachilik markazi” MЧЖга Бўстонлиқ туманидаги фойдаланилмаётган ва захирадаги ерлар ҳисобидан жами 1400 гектар ер ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилган. Яхлит плантация майдонларида уруғлик картошка етиштириш йўлга қўйилган. Унинг йиллик ҳажми қарийб 20 минг тоннани ташкил этади.

    Мазкур маҳсулотнинг алоҳида сақлаш шароитларини талаб этиши ҳам инобатга олинган. Агросаноат логистика марказининг ишга туширилиши 50 тоннагача картошкани музлатгичли омборларда сақлаш, бирламчи қайта ишлаш (саралаш, калибрлаш, қадоқлаш) қувватини эса соатига 100 минг тоннага етказиш имкониятини берди.

    — Мамлакатимизда 2021 йил фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида жами 76 минг гектар майдонда картошка экилди, — дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Фахриддин Қирғизбоев. — Эрта баҳорда асосий майдонларга 48,5 минг гектар ва боғ-ток қатор ораларига 6,4 минг гектар ҳамда ғалладан бўшаган такрорий майдонларга 21,1 минг гектар картошка уруғи қадалди. Барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 3,2 миллион тонна (1,5 млн тонна фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида ва 1,7 млн тонна деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа майдонларида) картошка етиштириш кўзда тутилган.

    Картошкачилик соҳаси салоҳиятини ошириш, янада юқори, барқарор ҳамда сифатли маҳсулот етиштириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Сифатли уруғ – бўлиқ ҳосил, деганларидек, картошкачиликнинг инновацион усуллар ва замонавий технологиялар асосида ривожлантирилиши дастурхонимизда “иккинчи нон”нинг тўкин бўлишига мустаҳкам замин яратади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates