Комплекс ёндашув – давр талаби

    Фикр 3 апрел 2024 40

    Ҳаёт аталмиш улкан дарё ҳеч бир муддат оқишдан тўхтаб, ҳаракатдан тиниб қолмайди.

    Табиатда ҳам (баҳор, ёз, куз ва қиш шаклида), ҳатто жамиятда ҳам (шиддатли тараққиёт ва унинг ортидан келадиган инқироз кўринишида) муайян бир муддат гуллаб яшариш, ўсиб униш, авж пардага етгач ортга – заволга қайтиш кузатилса, Ҳаётнинг бирор сонияси йўқки, аввалгисидан бир лаҳза бўлсин секинлашса ёхуд ортга қайтса. Ҳаёт инсонлар, тузумлар, улар юритадиган сиёсат кучи ёки истаги билан ҳисоблашмайди, бўйсунса, фақат ўзини Яратувчиси ҳукмигагина бўйсунади.

    Демак, Сизу биз – инсонлар, ҳаёт деб ном берганимиз ана шу шиддатли оқим ичида эплаб яшамоғимиз, унинг куч ва қудрати билан ҳисоблашмоғимиз, мана шу тўхтовсиз ҳаракат ичида имкон топиб нафас ҳам ростлаб, яна унинг пўртаналарига мослашиб сузмоғимиз, манзил сари талпинмоғимиз керак бўлади. Акс ҳолда бизни, ё унинг комига ғарқ бўлиш, ё ҳар қулочда учрайдиган тош-ҳарсангларга урилиб парчаланиш ёхуд кераксиз хас-ҳашак сингари қирғоққа улоқтириб ташланиш қисмати кутади. Айни мулоҳазани, бизнингча, бир-икки якка шахслар борасида эмас, балки муайян халқ, миллат миқёсида ҳам айтиш, ҳаракат ва мўлжални шунга мувофиқ тарзда белгилаш мумкин.

    Маълумки, ижтимоий ҳаёт жабҳалари, унинг соҳа ва тармоқлари иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларникидан асло кам эмас. Зеро, “ижтимоий” атамасининг ўзагида жаъм – жамоа – жамият тушунчалари ётадики, жамият турмушининг эса қирра, тармоқ ва йўналишининг чеки-чегараси йўқ. Дейлик, биргина фуқаролар таълими ва тарбияси соҳасини оладиган бўлсак, кўз олдимизда оиладаги маънавий-маърифий муҳит аҳволидан, мактабгача тарбия ўчоқларининг сони ва қамров доираси, у ердаги таълим-тарбия сифати ва самарадорлигидан тортиб, Фанлар академиясининг кўплаб илмий-текшириш институтларидаги мавжуд ҳолатгача бирма-бир намоён бўлади. Энди тилга олинган ва олинмаган ҳар бир босқичнинг молиявий ҳамда моддий-техник аҳволи, бино ва иншоотлар билан таъминланганлиги, малакали кадрлар ва уларни тайёрлаш масаласи... ва яна ўнлаб, юзлаб муаммоларни кўз олдимизга келтирайлик. Худди шу сингари “ижтимоий ҳаёт” тушунчаси ичига кирадиган тиббиёт, соғлиқни сақлаш (бу икки тушунча ўртасида муайян фарқ бор: русчада ҳам бири “медицина”, иккинчиси “здравохранение” дейилади!), фан, маданият, маърифат, маънавият, мафкура, оммавий ахборот воситалари... нинг ҳар бири ўзида мужассам этадиган тармоқлар шу қадар кўп ва ранг-барангки, уларнинг барчасида бирдек ўсиш-ўзгаришга, такомил ва самарага эришиш айтишгагина осон иш, холос. Зеро, бу ишларнинг ҳаммаси ва ҳар бири ўзига алоҳида диққат ва эътиборни, ўзигагина хос ёндашув ва ечимни, қолаверса, жуда катта маблағ ва кучни талаб этади.

    Дарвоқе, “маблағ” деяр эканмиз, ижтимоий соҳанинг бошқа аксарият соҳалардан фарқли яна бир жиҳатига урғу бермай иложимиз йўқ. У ҳам бўлса, мазкур соҳанинг деярли барча йўналишлари – таълим-тарбия тизими ҳам, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш ҳам, фан ва илмий-текшириш ишлари ҳам, маданият ва маърифат, ҳатто ҳозирча аксарият оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳам давлат томонидан – бюджетдан молиялаштирилиши талаб этилади. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан фарқли ўлароқ, биз ҳозирча мазкур соҳаларни тўлиқ ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш, “ўз аравасини ўзи тортиш” йўлига ўта олмаймиз. Бунинг фақат маблағ билан эмас, балки халқнинг менталитети, фуқароларнинг даромадлари миқдори, аҳоли таркибида ёшларнинг катта қисмни ташкил этиши, қолаверса, маданият, маънавият ва мафкура соҳаларини бизнесга айлантирмаслик сиёсати ва бошқа кўплаб объектив ва субъектив сабаблари борки, булар алоҳида мақолалар мавзуи саналади.

    Ҳозир эса, айтганимиздек, ижтимоий соҳа, аксарият ҳолда, катта давлат маблағларини талаб этувчи, эвазига эса соғлом ва баркамол авлодни, миллионлаб аҳолининг саломатлигини, тинчлиги ва тотувлигини, маданий ва маърифий жиҳатдан юксак савияли, мафкуравий жиҳатдан соғлом дунёқарашли, олам ва одам ишларига сергак ҳамда чуқур мулоҳаза билан ёндаша оладиган аҳоли қатламларини бунёд этувчи ғоят муҳим соҳа бўлиб қолмоқда. Айтиш мумкинки, мазкур соҳага йўналтирилган маблағлар, киритилган инвестициялар миллионлаб, миллиардлаб миқдордаги маблағлар билан ўлчаб бўлмайдиган, бироқ мамлакат ривожига, халқ ва миллат тараққиётига кучли импульс берадиган, Ўзбекистон Республикаси деган давлатни дунёнинг энг тараққий этган мамлакатларидан бирига айлантирувчи омил саналади. Буни чуқур идрок этган мамлакатимиз раҳбарияти, биринчи навбатда, Президентимиз ижтимоий соҳаларнинг комплекс ривожига жуда жиддий эътибор қаратмоқда, айни соҳалар учун маблағни ҳам, куч ва ресурсларни ҳам аямаяпти.

    Комплекс ёндашув заруратини, айниқса, таълим-тарбия тизими ўзида яққол, аниқ ифода этади. Модомики, униб-ўсаётган болани бир кўчатга қиёсласак, унинг мурғакликдан тик, эркин, ўктам ва соғлом ўсиши айни шу пайтда оладиган парваришига чамбарчас боғлиқдир. Агар дастлабки босқичда палапартишликка, беғамликка, эътиборсизликка йўл қўйилса, бояги кўчат қинғир-қийшиқ, мўрт ва нимжон ҳолга тушса, қадалган заминидаги унга аталган минераллар, сув ва ўғитни атрофини ўраган ёввойи ўт-ўлат, алафлар бемалол шимирса, билайликки, бу кўчатнинг вақтида гуллаб мева бериши бир ёқда турсин, умуман қуриб битмаслигига ҳеч қандай кафолат қолмайди. Инсон боласи тақдири-да худди шу кўчат янглиғдир. Агар у мурғаклигидан соғлом, тоза, покиза муҳитда унмаса, Абдурауф Фитрат ўзининг “Оила” асарида ёзғирганидек, ҳовлидаги мол ва қўйга қаратиладиган эътибор боладан дариғ тутилса, боғчасида тану жонига керакли миқдор ҳамда сифатдаги озиқ-овқатни истеъмол қилмаса, унинг ҳар кун берадигани юзлаб саволлари ота-она ва тарбиячиларнинг бефарқ қўл силкиши билан жавобсиз қолдирилса..., олдиндан тайёр турайликки, кейин бундай боладан яхшилик кутиш соддалик, аниқроғи, гўллик бўлади!

    Бу ва яна бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда мактабгача тарбия, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим ва олий таълимдан кейинги босқичларни яхлит, бир бирига мос тарзда ислоҳ этишдек долзарб масала кун тартибига қўйилган. Эътибор берсак, айни босқичларнинг ҳар бирини замон талабларига мослаш, бир-бирини тўлдирувчи, такомиллаштирувчи яхлит тизим барпо этиш йўлида тўхтовсиз изланиш, янги-янги таклифларни олға суриш ва ҳаётга татбиқ этиш жараёни, бир кун бўлсин, тинмаяпти.

    Аввало, мактабгача тарбия тизимидек “ўгай” ҳолга тушиб қолган муҳим, балки энг муҳим – бошланғич тизимни тубдан янги асосга қўйиш, бунинг учун эса:

    мамлакатнинг барча қишлоқ-овулларида, туман ва шаҳарларида ҳар йили қарийб беш юз мингдан кўпроқ нуфусга кўпайиб бораётган ёш авлодни тўла бағрига қамраб оладиган миқдорда болалар боғчалари барпо этиш;

    улар фаолиятининг, мулкчилик, эгалик шаклига мувофиқ тарзда, қонуний асосларини ишлаб чиқиш;

    болаларнинг ёш хусусиятларини, жисмоний талаб ва имкониятларини инобатга олган ҳолда барча боғча гуруҳларини керакли мебель ва бошқа кўплаб жиҳозлар, аксессуарлар билан тўла таъминлаш;

    худди шундай дифференциал ёндашув асосида ҳар бир гуруҳ тарбияланувчилари учун озиқ-овқат рационини ишлаб чиқиш ва у билан барча боғчаларнинг бир хилда таъминланишига эришиш;

    болалар соғлигини, руҳиятини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳар қандай кутилмаган ҳодисалардан тўла муҳофаза этилишини кафолатлайдиган шарт-шароитларни яратиш;

    болалар таълими ва тарбиясига мос келадиган ўқув, дидактик адабиётлар, қўлланмалар, расм ва ёзув дафтарлари туркумларини яратиш, чоп этиш ва ишлаб чиқариш;

    болалар ўйинчоқларини, ҳар бир гуруҳ талабларига, ҳатто, ўғил бола ва қиз болаларга мос келадиган ўйинчоқлар, ақлни чархлайдиган ҳар турли ёрдамчи жиҳоз ва предметларни яратиш, вақтида ва керакли миқдорда етказиб бериш;

    миллионлаб болажонларга нафақат ўз она тилида, балки хорижий тилларда ҳам бемалол таълим-тарбия бера оладиган, ўн минглаб юқори малакали педагоглар армиясини шакллантириш... сингари кўплаб ва мураккаб муаммоларни тез фурсатларда ҳал этиш талаб қилинади.

    Агар бир қисмигина санаб ўтилган бу масала-муаммолар, айтилганидек, ижтимоий соҳа ичидаги таълим-тарбия тизимининг биргина – дастлабки соҳасига оид гаплар бўлса, аввало, бу тизимнинг, кейин бутун ижтимоий соҳанинг қолган тизимларида ечимини кутаётган масалалар кўламини, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар миқдорини тасаввур қилиш, билмадик, қандай аталар экан: осонми ёхуд ғоят мушкул?

    Бироқ, қандай аталмасин, тасаввуримизга сиғадими-йўқми, бу вазифалар бажарилиши, барча ишлар жойидан силжиши керак, ҳатто, шарт ҳам! Чунки... чунки бунинг сабабини юқорида айтдик: ижтимоий соҳа халқнинг давлатдан, ҳаётдан рози бўлиб яшашини кафолатловчи, ўлкамизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамлик, миллатлар ва динлараро ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамловчи, келажак умидимиз бўлмиш фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан соғлом вояга етиши, уларнинг ўзи ва Ватани тақдирига бефарқ бўлмаган, чинакам элпарварлар бўлиб етишиши учун мустаҳкам тамал тоши вазифасини бажаради.

    Таъкидлаганимиздек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мазкур соҳани замон талаблари даражасига олиб чиқиш учун маблағни ҳам, эътибор ва ғамхўрликни ҳам аямаяпти. Соҳада хизмат қилаётган мутахассислар ойлик маошларини сезиларли даражада ошириш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш бўйича қабул қилинаётган қонунлар, фармон ва қарорлар ҳам бунинг амалий тасдиғидир. Энди Сизу биздан ўзимиз фаолият юритаётган соҳанинг қанчалар аҳамиятли эканини, миллат ва мамлакат равнақида муҳим ўрин тутишини чуқур ҳис қилган ҳолда меҳнат қилиш, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларга лойиқ бўлиш талаб этилади. Соҳанинг қайси тизимида, бўғинида ишламайлик, қандай лавозим ёхуд масъулият эгаси бўлмайлик, зиммамиздаги вазифаларни ўз вақтида, сифатли ва виждонан бажариш фаолиятимизнинг кундалик қоидасига, ҳаётимизнинг бош мезонига айланиши керак. Зеро, “мендан ўтгунча эгасига етгунча”, “кун ўтса бўлди”, “билмайман дедим қутулдим, биламан дедим тутилдим” сингари инсон шаъни, касб обрўсини ерга урувчи тушунчалар билан эмас, “бир бурда бўлса-да топаётган нонимни ҳалоллаб емоғим, болаларимни ҳалол луқма бериб вояга етказишим шарт!” деган содда, шунинг баробарида улуғ инсоний аъмол билан ишлаш, тинимсиз меҳнат қилиш замони бугун.

    Бинобарин, бу гаплар асло қизил гап, йўлига айтилаверадиган ёлғон қасамлар бўлмай, ҳақиқий педагогнинг, мураббийнинг, олимнинг, шифокорнинг, шоиру адибнинг, санъаткорнинг, журналистнинг, мафкурачининг..., бир сўз билан айтганда, ЧИНАКАМ ЗИЁЛИнинг умр қоидасидир!

    Гулнора НОСИРХЎЖАЕВА,

    Тошкент давлат юридик университети

    кафедра мудири, фалсафа фанлари номзоди, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates