Ироқ билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди

    Ироқ Республикаси дипломатик вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари У.Сафаров ва Ироқнинг Остонадаги муваққат ишлари бўйича вакили Жобир ал-Тамимий ўртасида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.

    Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Ироқ билан савдо айланмаси 2022 йилда 12,1 миллион долларни ташкил этган ва бу рақам 2023 йилда 22,1 миллион долларга ошган ва ушбу кўрсаткичлар савдо-иқтисодий алоқалар янада ривожланаётганлигини намоён этяпти.

    Мулоқот давомида икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш таклифи билдирилди. Ўзбекистон ва Ироқ ишбилармон доиралари иштирокида қўшма тадбирлар, бизнес форумлар ва B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилиши ҳақида келишиб олинди.

    Хусусан, Ўзбекистон ва Ироқ вакиллари томонидан савдо-иқтисодий ва логистика масалалари муҳокама этилиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга Ироқ бозорида талаб юқори эканлигини инобатга олган ҳолда, тўқимачилик, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди, деб хабар беради Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.