Меҳмонлар Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган натижалар, шунингдек, коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ҳамда қонун лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида хабардор этилди.
Мулоқот чоғида кейинги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 90 га яқин, шундан бевосита коррупцияга қарши курашиш соҳасини тартибга солувчи 10 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги, шунингдек, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳалари, «комплаенс назорат» тизими жорий этилганлиги, «Йўл хариталари» ва дастурлар доирасида бир қатор ижобий ютуқларга эришилаётганлиги таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистон Европадаги асосий ҳамкорларидан бири бўлган Латвия билан кенг кўламли мулоқотни ривожлантириш масаласига катта аҳамият бериши таъкидлаб ўтилди. Айниқса, мамлакатларимиз халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб, икки томонлама ҳамкорлик салмоқли натижаларга эришаётганлиги эътироф этилди.
Хориж делегацияси томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юқори баҳоланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Учрашув якуни бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.