Бу услуб эришилган натижаларнинг миқдорий кўрсаткичини ҳисоблаш, ҳудудлар ривожланишида маҳаллий ҳокимликлар ўрнини баҳолаш, уларнинг фаолиятида мавжуд камчиликларни аниқлаш ва ўз вақтида бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини беради.
KPI диагностикаси 4 та йўналишдаги мезонлар (43 та расмий статистик кўрсаткич, 10 та барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичи, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари бўйича 8 та кўрсаткич, 66 та саволдан иборат сўровнома) ёрдамида амалга оширилди.
Дастлабки баҳолаш ишлари 2021 йил январь-июн ойлари бўйича амалга оширилди. Институт экспертлари томонидан мазкур икки туманда машғулотлар ташкил этилиб, баҳолаш натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Натижада ўтган йилнинг тегишли даври билан солиштирганда 2022 йилнинг январь-июн ойларида иккала туманда ҳам КPI бўйича кўрсаткичларда ижобий ўзгаришлар кузатилди.
Жумладан, маҳаллий ҳокимлик фаолияти самамарадорлиги Косонсой туманида 55,8 баллдан 60 баллга, Деҳқонобод туманида эса 57,2 баллдан 59,9 баллга кўтарилган. Бунга инвестиция, туризм, экспорт салоҳиятини ошириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича эришилган нисбатан юқори натижалар сабаб бўлган.
Хусусан, статистик кўрсаткичлар бўйича ижобий натижалар Косонсой туманида 15 дан 19 га, Деҳқонобод туманида 20 дан 21 га кўтарилди. Барқарор ривожланиш мақсадлари кўрсаткичлари бўйича ижобий натижалар Косонсой туманида 5 дан 6 га, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида баҳолаш кўрсаткичлари бўйича Деҳқонобод туманида 4 дан 5 га ошди. Деҳқонобод туманида сўровнома саволларидан 51 таси бўйича ўсиш кузатилди.
Ўтказилган сўров натижасига кўра, туманлар аҳолиси қуйидаги кўрсаткичларни энг қониқарли, деб баҳолаган:
- Косонсой туманида электр энергияси таъминоти, маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари, хусусий тиббий клиникалар фаолияти, маҳаллий ҳокимлик вакилларининг аҳоли ва тадбиркорлар билан муомала маданияти сифати, мобил алоқа сифати.
- Деҳқонобод туманида: электр энергияси таъминоти, спорт билан шуғулланиш учун яратилган шароитлар, интернет, кутубхоналар билан таъминланганлик ва ҳоказо.
Услубнинг амалиётда қўлланилишини текшириш учун Косонсой, Деҳқонобод, Бахмал, Шўрчи туманлари кесимида қиёсий баҳолаш ўтказилди. Натижада Бахмал туманида маҳаллий бошқарув самарадорлиги нисбатан юқори (70 баллдан юқори), Косонсой ва Деҳқонобод туманларида – ўрта даражада (60-70 балл), Шўрчи туманида эса нисбатан мўтадил (40-60 балл), деб баҳоланди.
Айтиш мумкинки, бу услуб Деҳқонобод ва Косонсой туманларида ўзининг ижобий натижасини берди. Шунга асосланиб, экспертлар томонидан келгусида ушбу йўналиш бўйича ишларни республиканинг бошқа туманларида ҳам давом эттириш режалаштирилмоқда.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати