1 ноябрдан бинолар энергия самарадорлиги бўйича тоифаларга ажратилади

    Фойдаланиш майдони 200 кв.метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун “A”, “B”, “C”, “D”, “E”, “F” ва «G» белгилари жорий этилади.

    Ҳукуматнинг жорий йил 19 октябрдаги тегишли қарори билан ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари ҳамда бино ва иншоотлар энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартиби белгиланди.

    Ҳужжатга кўра, 1 ноябрдан фойдаланиш майдони 200 кв. метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун “A”, “B”, “C”, “D”, “E”, “F” ва «G» белгилари жорий этилади.

    Бунда «А» тоифаси энергия самарадорлиги энг юқори, «G» тоифаси эса энергия самарадорлиги энг кам бўлган бино ва иншоотларни белгилаш учун қўлланилади.

    Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги энергия самарадорликни оширишда энергия аудитидан ўтказиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Шунингдек, вазирлик Рақамли технологиялар вазирлиги билан жорий йил якунигача фойдаланиш майдони 200 кв.метрдан ортиқ бино ва иншоотлар учун ўтказилган энергия аудити якунлари бўйича ҳисоботлар ва энергетика паспортларининг электрон реестрини юритишга мўлжалланган электрон платформани ишлаб чиқади ва ишга туширади.

    Бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифаси энергия ресурслари истеъмоли қийматининг оғиш катталиги (энергия самарадорлик индекси) бўйича аниқланади. Бунда ҳақиқий истеъмол қиймати билан меъёрий (эталон) истеъмол қиймати ўртасидаги фарқ ҳисобланади.

    Ушбу қийматнинг оғиши миқдорига қараб, самарадорлик тоифаси аниқланади. Одатда, паст истеъмолга эга бинолар юқори самарадорлик тоифасига киради.

    Мазкур жадвалга мувофиқ, биринчи гуруҳга қуйидаги тоифалар киради:

    • «А» — энергия сарфи – 40 фоиздан кўпроқ;
    • «B» — — 40 фоиздан – 26 фоизгача;
    • «C» — — 25 фоиздан – 11 фоизгача.

    Мазкур тоифадаги бино ва иншоотлар иқтисодий рағбатлантириш мумкин бўлган энергия самарадорликка эга ҳисобланади.

    Кейинги гуруҳга фақат «D» тоифаси киради ҳамда бу тоифага кирувчи биноларнинг энергия сарфи -10 фоиздан + 4 фоизгачани ташкил этади. Бу нормал истеъмол ҳисобланади.

    Навбатдаги гуруҳга қуйидаги иккита тоифа киради:

    • «E» — +5 фоиздан +14 фоизгача;
    • «F» — +15 фоиздан +25 фоизгача.

    Мазкур тоифаларга кирувчи бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги паст бўлиб, улар исциклик йўқотишларини камайтиришлари зарур.

    Охирги «G» тоифасига кирувчи бинолар энг паст самарадорликка эга бўлиб, улар меъёрдан +25 фоиз ёки ундан кўпроқ энергия сарф қилади. Бу биноларни мукаммал таъмирлаш ёки реконструкция қилиш талаб этилади.

    Кўрсатмаларнинг бажарилиши тоифаси «D» ва ундан паст бўлган бино ва иншоотлар учун мажбурий ҳисобланади. Бундан якка тартибдаги уй-жойлар мустасно.

    Август ойи бошида президент томонидан энергияни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган қонун имзоланганди. Ҳужжат билан бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини белгилаш назарда тутилган.