Айнан шу даврда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш ва ишсизликни бартараф этишнинг асосий воситаси сифатида маҳаллабай ишлаш тизимига асос солинди. Аҳолини, айниқса, ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, оила хўжаликларида бизнес ташкил этишига кўмаклашиш, эҳтиёжманд фуқаролар билан манзилли ишлаш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилиш бу тизимнинг пировард мақсадидир.
Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида маҳаллабай ишлаш тизимининг мақсади ва муҳим аҳамияти ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай дедилар: “Юртимиз аҳолиси йилига ўртача 700-800 минг кишига кўпаймоқда. Меҳнат бозорига ҳар йили 500-600 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. Бунча одамни ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш, уларга иш топиб бериш ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Бунинг учун мунтазам ишлайдиган тизим, кафолатли инвестиция ва инфратузилма керак.
Шуни олдиндан чуқур ўйлаб, биз бу йўналишда аниқ дастурларни қабул қилдик. Биз маҳаллагача тушиб, ўзини ўзи банд қилган тадбиркордан тортиб, йирик бизнесгача — барчасини алоҳида ёндашув асосида қўллаб-қувватлаш бўйича тизим барпо этдик”.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 2026 йилга қадар камбағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробар, 2030 йилга қадар эса кескин қисқартириш кўзда тутилган. Айтиш жоизки, камбағалликка тушиш хавфи мавжуд 4,5 миллион киши даромадини ошириш каби устувор мақсадларга эришишда айнан маҳаллабай ишлаш тизими муҳим ўрин тутади.
Президентимиз раислигида 2024 йил 16 декабрь куни банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги янги имкониятлар ва режалар муҳокама қилинганди. Хусусан, охирги 6 йилда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 750 минг киши кредитини вақтида қайтариб, даромадли бизнесга эга бўлгани ва улардан 58 минги янги корхона очгани қайд этилиб, республика тижорат банклари зиммасига мана шундай синовдан ўтган мижозларни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнес даражасига олиб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, 60 та илғор шаҳар ҳамда туман ишсизлик ва камбағалликдан холи бўлиш имкониятига эга экани, бунинг учун 2025 йилда улардаги 2 миллион кишини банд қилиб, 417 минг оилани камбағалликдан олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Ҳокимликлар билан банкларнинг маҳаллаларда мувофиқ ишлаш тизими кўрсатиб ўтилди. Бунда туман ҳокимлари лойиҳани жой ва инфратузилма билан таъминлаш мажбуриятини олиши, банклар эса тадбиркорлар лойиҳаларига кўмаклашиб, муаммосини ҳал этиши, ишсизларни бизнесга жалб қилиши белгиланди. Шу мақсадда ҳудудларда маҳалла банкирлари фаолиятини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Мазкур йиғилишда кўриб чиқилган масалалар чуқур таҳлил ва аниқ ҳисоб-китобларга асосланган эди. Шунинг баробарида қўйилган долзарб вазифалар маҳаллабай ишлаш тизимида янги босқич бошланаётганини англатарди. Бу босқич камбағалликни қисқартириш, ишсизликни бартараф этишга доир янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этишни тақозо этарди.
Маҳалла банкирлари институти айнан мана шу омил самараси ўлароқ, маҳалла салоҳиятини юзага чиқаришда янги бунёдкор куч сифатида майдонга келди.
Маҳалла банкири ким?
Маҳаллада тадбиркорлик қилиш имконияти йилдан йилга кенгайиб бормоқда. “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш”, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш”, “Маҳалла лойиҳаси”, “Бизнесга биринчи қадам”, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш “Ҳамроҳ” дастури ва бошқа қатор дастурлар қабул қилиниши билан бу йўналишда янги имкониятлар пайдо бўлди. Бу дастурларнинг ҳар бирида тадбиркорлик фаолияти учун ўзига хос қулайликлар ва алоҳида имтиёзлар белгиланган.
Тан олишимиз керак, бу имкониятлардан аҳолининг барча қатлами ҳам бирдек хабардор эмас. Одамлар орасида тадбиркорлик ғояларини ва давлат дастурларида кўзда тутилган қулайликларни тарғиб қилиш ҳолати бугунги кун талабларига тўла жавоб бермайди.
Илгари маҳалла тизимида ҳудуддаги бизнес имкониятларини ўрганадиган, одамларнинг ғоялари ва қобилиятини лойиҳаларга айлантирадиган масъул шахс йўқ эди.
Бундан ташқари, тижорат банкларининг ишлаш услублари эскича — мижозга йўналмаган эди. Банк ходимлари асосан ўз офисларида мижозлар билан ишларди. Аксарият ҳолларда улар фақат мурожаат қилган тадбиркорларнинг лойиҳаларини кўриб чиқар ва молиялаштирарди. Чунки тижорат банкларининг ташкилий тузилмаларида уйма-уй юриб, хонадонбай ишлаб, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларни аниқлаб, топиб, банкнинг янги мижозига айлантирадиган мутахассислар аввал бўлмаган.
Бирор-бир ғояни бизнесга айлантириш учун фуқаро, албатта, иссиқда ёки совуқда йўл босиб, туман марказидаги банк идорасига бориши, тегишли мутахассисга мурожаат қилиши лозим эди. Ўша вақтларда бунга ҳамма ҳам ҳафсала қилмасди. Банкка борган фуқаронинг масаласи доим ҳам тез битмасди — сансалорлик бор эди. Мазкур мурожаат кунларни, баъзида ойларни талаб этарди. Аҳолига кўпинча бу малол келар, норози бўларди.
Президентимиз ташаббуси билан вужудга келган маҳалла банкирлари айнан мана шу бўшлиқларни тўлдирди. Бу билан, биринчидан, лойиҳа тижорат банкларини халққа янада яқинлаштирди. Бошқача айтганда, банклар ўз офисидан ташқарига чиқди.
Иккинчидан, аҳолининг тижорат банкларига муносабати кескин ўзгарди. Фуқароларда банкларга ишонч ошди, аҳоли ва банклар ўртасидаги жарлик йўқолди.
Учинчидан, маҳаллада тижорат банклари учун янги мижозлар оқими вужудга келди. Банклар орасида ҳар бир мижоз учун кураш, соғлом рақобат муҳити пайдо бўлди.
Тўртинчидан, маҳалла банкирлари воситасида маҳаллалардаги тадбиркорлик салоҳияти, мавжуд имкониятлар кенгроқ юзага чиқа бошлади. Аввал бизнес бошлаш ва кредит олишга иккиланиб юрган фуқаролар ҳаракатга келиб, янги тадбиркорлар авлодига айланмоқда.
Бешинчидан, ҳудудларнинг иқтисодий фаоллиги ошди. Маҳаллаларда янги иш ўринлари, қўшимча даромад манбалари ва ишлаб чиқариш қувватлари пайдо бўлмоқда.
Ўтган қисқа муддатда маҳалла банкирлари аҳолининг энг яқин маслакдоши ва молиявий кўмакчисига айланиб улгурди. Маҳалла банкирини том маънода “маҳалладаги бунёдкор куч” дейиш мумкин. Чунки унинг асосий мақсади ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш ишларини бажариш ҳамда шу орқали ишсизлик ва камбағаллик даражасини пасайтириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришдир.
Маҳалла банкири:
- аҳолига бизнесни йўлга қўйишни, маҳсулот ва хизматларини сотишни, кредит олиш ва қайтаришга доир молиявий тартибларни ўргатади, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилади;
- аҳоли орасидан ўзига бириктирилган маҳаллаларда хонадонларни яхши биладиган ёрдамчи-агентларни ёллаб, фуқароларни банк хизматларига қизиқтириш ва лойиҳа таклифларини топиш ишларини ташкил қилади;
- тадбиркорлик субъектларининг янги лойиҳаларини амалга оширишда ишбилармонлар билан бирга бизнес режа ишлаб чиқиш ва молиялаштиришда амалий ёрдам беради;
- “ўзини ўзи банд қилган шахс — якка тартибдаги тадбиркор — кичик бизнес — ўрта бизнес — йирик бизнес” занжирининг ҳар бир босқичида молиявий хизмат турларини таклиф этиб боради;
- маҳалланинг барча статистик кўрсаткичларини таҳлил қилиб, янги ва мавжуд тадбиркорларнинг салоҳиятини ошириш, маҳаллада тадбиркорликка қизиқиши юқори аҳолига бизнес ташаббусларини татбиқ этишда маслаҳат ва молиявий кўмак беради;
- аҳоли ва тадбиркорларнинг таклифлари ҳамда кўтарилган муаммоларни банк филиалига етказади.
Қисқаси, энди маҳаллада тадбиркорлик ривожига масъул, фуқаролар билан бирма-бир гаплашиб, уларнинг лойиҳасини ғояга, бизнес режага айлантирувчи, керак бўлса, елкама-елка туриб уни амалга оширувчи вакил бор. У — маҳалла банкири!
Юзага чиқаётган яширин салоҳият
Янги тизим жорий этилиши ортидан маҳалладаги аввал маълум бўлмаган яширин имкониятлар юзага чиқа бошлади. Хусусан, тадбиркорликка иштиёқи бор, лекин таваккалчиликдан ва муваффақиятсизликдан чўчиб ўз бизнесини бошлай олмаётган фуқаролар ҳаракатга келди. Маҳалла банкирлари тимсолида улар том маънода ўзига яқин кўмакчини ҳис этди, ўзига ишончи ортди.
Ўтган қисқа даврда тижорат банклари фаолиятида мижозлар билан ишлашда фойдаланилмаётган катта салоҳият мавжудлиги ҳам кўриниб қолди. Банклар аҳоли билан бутунлай янгича ишлай бошлади. Натижада маҳаллада бизнесни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари таркиб топди.
“Бизнесни ривожлантириш банки” акциядорлик тижорат банки Ўзбекистондаги етакчи молия муассасаларидан бири сифатида янги тизимни жорий этиш ва унинг амалий самараларини юзага чиқаришда фаол иштирок этмоқда. Ҳозир республика бўйича мазкур банкка бириктирилган 614 та маҳаллада 232 маҳалла банкири ва 614 ёрдамчи агент ишламоқда.
Жорий йил давомида маҳаллаларда 255 минг 117 кишини даромадли меҳнат билан банд қилиш, шундан 106 минг 523 нафарини доимий ишга жойлаштириш ва 148 минг 594 нафарини тадбиркорликка жалб этиш белгиланди. Бунда кичик ва ўрта бизнесга 5 триллион 737 миллиард сўм ва дастурлар доирасида 1 триллион 350 миллиард 300 миллион сўм ҳамда “Маҳалла лойиҳаси” дастурлари доирасида 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратилиши кўзда тутилди. Бандлик, камбағалликдан чиқариш ва тадбиркорликка жалб қилиш доирасида 2025 йилнинг январь-июль ойларида “Бизнесни ривожлантириш банки” кўмагида 162 минг 901 киши даромадли меҳнат билан таъминланди. Бу борадаги режа кўрсаткичлари 115 фоиз бажарилди.
Банкимиз томонидан жорий йил январь-июль ойларида 58 минг 625 кишини доимий ишга жойлаштириш режалаштирилган эди, амалда 60 минг 860 фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.
Мазкур даврда 83 минг 496 фуқарони тадбиркорликка жалб этиш кўзланган бўлиб, амалда 102 минг 41 одамни тадбиркорликка жалб этишга кўмаклашилди. Бу борада режадаги кўрсаткич 122 фоиз бажарилди.
“Уйчи тажрибаси” асосида тадбиркорлик субъектлари билан 798 та учрашув ўтказилди, мулоқотларда 3445 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 3340 таси жойида ижобий ҳал этилди ва натижада 4413 та янги иш ўрни яратилди.
Масалан, Кўкдала туманида рўйхатдан ўтган “Эштемир Яхшибоевич” МЧЖ раҳбари учрашувда чорвачилик фаолиятини кенгайтириш мақсадида кредит сўраб мурожаат қилган эди. Корхонага “Маҳаллада бизнес” кредит маҳсулоти орқали 64 миллион сўмлик кредит ажратилди. Натижада тадбиркор 2 та янги иш ўрни очди.
“Сайхунобод тажрибаси” асосида банкимизга бириктирилган маҳаллаларда жами 14 минг 432 та микролойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 17 минг 231 та микролойиҳа ажратилди. Бу саъй-ҳаракатлар ҳисобига режадаги 28 минг 864 нафар ўрнига амалда 35 минг 369 киши ишга жойлашди.
“Бизнесни ривожлантириш банки” йилнинг ўтган даврида аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш доирасида кичик ва ўрта бизнес субъектларига 2 триллион 337 миллиард сўмлик, шунингдек, маҳалла лойиҳаси дастури доирасида 669 миллиард 200 миллион сўмлик кредит ажратди.
Бу рақамлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган янги иқтисодий механизмнинг амалий натижалари, холос. Маҳалла банкирлари лойиҳаси аҳоли учун ҳам, тижорат банклари учун ҳам бирдек манфаатли бўлмоқда.
Халқимизга илҳом бераётган ғоя
Тадбиркорлик халқимизнинг қонида бор. Бугун мана шу ҳақиқат юртимизнинг ҳар бир маҳалласида бўй кўрсатмоқда. Маҳаллаларимиз тобора обод бўлиб, янги тадбиркорлар ва янги лойиҳаларга йўл очилмоқда.
Маҳалла банкирлари эса лойиҳаларни ишлаб чиқишдан бошлаб маҳсулотларни сотиш, экспорт қилишгача бўлган барча жараёнда бош-қош, ташаббускорларнинг энг яқин кўмакчиси сифатида жонбозлик кўрсатмоқда. Улар маҳаллалардаги яширин салоҳиятни юзага чиқариш орқали қўшимча иш ўринлари очишга ва мавжуд қувватни кенгайтиришга камарбаста бўлмоқда. Бу қанчадан-қанча янги лойиҳалар, харидоргир маҳсулотлар, иш ўринлари, қўшимча даромад ва экспорт ҳажми демакдир.
“Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур”, деган эди Президентимиз. Маҳалла тараққиёти йўлидаги иқтисодий ислоҳотлар бугун халқимизнинг ҳаёт тарзи, кундалик турмушида намоён бўла бошлади. Маҳаллаларда “Берсанг — ейман, бермасанг — ўламан” қабилидаги боқимандалик кайфиятида ва “Давлат мени боқсин” деган ўй-фикрда юрадиган фуқаролар тобора камайиб бормоқда. Одамларда ташаббус билан яшаш, ўзини банд ва даромадли қилишга интилиш ҳисси кучайиб бормоқда.
Энг муҳими, фуқаролар юртимиздаги ҳар қандай ислоҳот “Инсон қадри учун” экани, улар халқимизнинг эртага эмас, бугун яхши яшаши учун амалга оширилаётганини тобора теранроқ тушунмоқда. Бу ҳақиқатни англаган инсон борки, ўз меҳнати билан оиласи, маҳалласи ва ватани равнақига ҳисса қўшишга интилмоқда.
Президентимиз Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллик тантаналарида ўтган даврда биргина кичик ва ўрта тадбиркорлар сони 2 карра кўпайганини, бугун ушбу тармоқда 10 миллиондан ортиқ аҳолимиз меҳнат қилиб, даромад топаётганини таъкидлади:
— Биз йил бошида 5,5 миллион аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича катта марра олган эдик. Саккиз ойдаёқ 5 миллионлик режани уддаладик. Энг муҳими, ислоҳотларимизга ишониб, шу йилнинг ўзида четда ишлаётган 700 минг фуқаромиз юртимизга, ўз оиласи бағрига қайтди, — деди давлатимиз раҳбари.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш шунчаки мақсад ёки баландпарвоз ғоя эмас, балки Президентимиз томонидан узоқни кўзлаб, пухта ишлаб чиқилган сиёсатнинг маҳсулидир. Бу сиёсат ўзининг кучли ғоявий асосларига, аниқ ижтимоий-иқтисодий дастакларига эга ва Конституциямизда ҳуқуқий мустаҳкамланган “ижтимоий давлат” тамойилларига тўла мос келади.
Давлатимиз раҳбари иш бошлаган илк даврда асос солинган, йилдан йилга такомиллашиб, ҳаётимизда чуқур қарор топаётган ва халқимизни том маънода уйғотаётган маҳаллабай ишлаш тизими бугун иқтисодий ислоҳот даражасидан юқори кўтарилиб, жамиятимизга бунёдкор руҳ ва азалдан тадбиркор халқимизга илҳом бағишлаётган умуммиллий ҳаракатга айланди.
Шуҳрат ОРИПОВ,
“Бизнесни ривожлантириш банки”
АТБ ахборот хизмати раҳбари

