Киритилаётган ўзгаришлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳокимлар, божхона органлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатларига ҳамда МЧЖни мажбурий аудитдан ўтказиш талабига оид.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидаги ваколатлари бекор қилинади;
- тиббий ёрдам сифатининг клиник-статистик стандартларига риоя этилишини назорат қилиш;
- йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назоратини амалга оширади.
Ҳокимлар уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчиларидан коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида даъволар билан судга мурожаат қилиш ваколатидан маҳрум бўлади.
Шунингдек, активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан кўп бўлган МЧЖлар учун ҳар йилги ташқи аудиторлик текширувидан ўтиш мажбурияти бекор қилинади.
Эндиликда чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситаларининг эгалари томонидан мажбурий суғурта бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни божхона органлари амалга оширмайди. Ушбу ваколат давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида сақланиб қолинади.
Вазирлар Маҳкамаси, Молия ва иқтисодиёт вазирлигининг аудиторлик фаолиятини тартибга солиш бўйича айрим ваколатлари нодавлат нотижорат ташкилотлари — аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига ўтказилади. Хусусан, аудиторлар бирлашмаларига:
- аудиторлар малакасини оширишнинг намунавий дастурини тасдиқлаш;
- малака имтиҳонини ўтказиш тартибини белгилаш (Молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда);
- номзодни малака имтиҳони топширишга қўйиш ёки рад этиш;
- сертификатни расмийлаштириш ва қайта расмийлаштириш, сертификат ва уни дубликатини бериш ваколатлари ўтказилади, деб хабар беради «Norma».
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2023 йил 21 январдан кучга кирди.