Муҳокамада Қонунни ишлаб чиқишда давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси, аҳолининг даромадлари, уларнинг ижтимоий-психологик ҳолати, шунингдек, оилаларни сақлаб қолиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг таклифлари инобатга олинмаганлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Хусусан, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича қонунчиликни ишлаб чиқишга доир БМТ тавсияларида оиладаги зўравонлик содир этганликда айбланган шахсларга жарима солишни жабрланувчига тушадиган юк сифатида қараш ва шунинг учун ҳуқуқбузарлар учун номақбул жазо тури сифатида қараш кераклиги назарда тутилган.
БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси Ўзбекистоннинг 6-даврий ҳисоботи бўйича якуний тавсияларида ҳимоя кўрсатмаларини бажармаганлик учун тегишли тийиб турувчи жазо чораларини қўллаш кераклиги таъкидланган.
Шунингдек, «Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси»нинг 35-тавсиясида ҳимоя чораларини қўллаш зўравонликдан жабрланган ёки зўравонлик натижасида жабрланган хотин-қизларга молиявий, бюрократик ёки шахсий хусусиятга эга ҳаддан ортиқ юкни қўллашни назарда тутмаслиги баён этилган.
Муҳокама жараёнида тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун белгиланган жазо амалда жабрланувчига юк сифатида тушаётганлиги қайд этилди.
Маҳаллий ҳамда хорижий экспертларнинг фикрига кўра, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерини бузгани учун жаримага тортиш Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенциясининг 2-моддаси (хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай камситувчи хатти-ҳаракатлар ва ҳаракатларни содир этишдан ўзини тийиш) бўйича Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган мажбуриятларини бузишига олиб келиш эҳтимолини кучайтиради.
Бу эса, ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳукуматнинг 2020 йил 4 январдаги «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 18-бандида ҳам тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига зўравонликдан жабрланувчини даволаш, маслаҳат бериш, ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш харажатларини, моддий зарарни қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш мажбурияти юкланган.
Мажлис давомида оиладаги тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш учун нафақат жавобгарликни ошириш, балки биринчи навбатда маънавий, тарбиявий ҳамда оилани келгусида ҳар томонлама моддий ва баркамол жиҳатдан яшаб кетишини таъминлаш учун тегишли тизимли ва мантиқий боғлиқ бўлган кетма-кет чораларни келтириб чиқарувчи қонун нормаларни ишлаб чиқиш зарур эканлиги таъкидланди.
Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги Қонунни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.