Меҳнат муносабатлари тизимида эришилган натижалар халқаро меҳнат ташкилоти томонидан эътироф этилди

    Халқаро ҳамкорлик 22 ноябр 2022 1894

    Жорий йил 22 ноябрда Тошкент шаҳрида Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг собиқ маслаҳатчиси Кари Тапиоланинг «Пахта далаларида ишончнинг мустаҳкамланиши: Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти» номли монографияси тақдимоти бўлиб ўтди.

    Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари тизимида эришилган натижалар сарҳисобида ҳамда мамлакатда муносиб меҳнат тамойилларини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғояларни ишлаб чиқишда салмоқли ўрин тутади.

    Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси директори Ольга Кулаева, Ташкилот Бош директорининг собиқ маслаҳатчиси Кари Тапиола ва қатор халқаро ташкилотлардан мутахассис ва экспертлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

    Жумладан, Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева сўзга чиқиб, қуйидагиларни маълум қилди. «Бугун кенг халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ўзига хос миллий тажрибаси кўплаб давлатлар учун намуна бўлиши кераклигини тасдиқлаяпти. Шу билан бирга, белгиланган мақсадларга эришиш йўлида кўплаб ишлар амалга ошириляпти. Мажбурий меҳнатнинг айрим ҳолатларига ҳали ҳам дуч келяпмиз, улар бошқа соҳаларда ҳам намоён бўляпти, бу эса жойлардаги айрим раҳбарлар, иш берувчилар онгида ҳалигача сақланиб қолган маъмурий-буйруқбозлик усулларининг қолдиқлари эканлигининг далолати – булар биз аёвсиз курашаётган совет ўтмишининг қолдиқларидир. Бугунги кунда мамлакатимизда ўрта ва кичик бизнес жадал ривожланяпти, янги иш ўринлари яратиш жараёни тўхтовсиз давом этяпти ва биз уларни халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини таъминлашимиз керак.»

    Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа қатор халқаро ташкилотлар билан сўнгги йиллардаги амалий ҳамкорлиги меҳнат муносабатлари тизими мустаҳкамланиши ва ривожланишига хизмат қилди, хусусан, соҳада 10 та юксак кўрсаткичга эришилди. Жумладан, соҳада мавжуд муаммолар белгилаб олинди, улар кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятига очиқ эълон қилинди ва тез фурсатда уларни ечими бўйича амалий ишлар бажарилди, инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ўзига хос мутлақо янги тизими яратилди ҳамда мамлакатда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича уч босқичли тизим (Миллий комиссия – кичик комиссиялар – ҳудудий комиссиялар) шакллантирилди.

    Шунингдек, халқаро нормалар асосида меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилди, фуқаролик жамияти вакиллари мониторинг фаолиятини олиб боришда асосий локомотив кучга айланди, халқаро ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан меҳнат масалалари бўйича мулоқот ва ҳамкорлик кенгайтирилди ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди. Бундан ташқари хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни тизимли қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, қишлоқ хўжалиги тизими ислоҳ қилинди, кластер тизими яратилди, тизимли болалар ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди.

    Муҳими, ўзбек пахтасига бойкот бекор қилиниб, АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтани «Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати» дан чиқарилди.

    Тадбирда халқаро экспертлар томонидан меҳнат муносабатлари соҳасида эришилган натижалар ва бугунги кунда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар халқаро майдонда юксак эътироф этилиши ва бу борада Ўзбекистоннинг миллий тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

    Ушбу масалалар Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директорининг собиқ маслаҳатчиси К.Тапиола муаллифлигидаги монографияда ҳам ўз аксини топган бўлиб, унда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат соҳасига оид халқаро стандартларни жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар ва натижалар кенг ёритилган.

    К.Тапиола эришилган барча ютуқлар – бу барчаси мамлакат хизматлари, Ўзбекистоннинг кенг кўламли ишлари натижаси экани, ХМТ эса бунда фақатгина кўмак кўрсатганини таъкидлаб ўтди.

    Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси директори О.Кулаева, Ташкилот Бош директорининг собиқ маслаҳатчиси К.Тапиола ва қатор халқаро ташкилотларнинг мутахассислари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари мазкур муҳим нашр юзасидан ўзларининг хулоса ва фикрларини баён қилиб, меҳнат соҳасида Ўзбекистон эришган юксак натижаларни халқаро майдонда тарғиб этиш муҳимлигини таъкидлади.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates