Миллий саноат маркетинги: эркин бозорга мослашиш, рақобатбардошликни оширишга хизмат қилади

    Бозордаги фаолият ва ҳаракат — бу маркетинг сўзининг асосий луғавий маъноси.

    Бу тушунча бозор соҳасининг ҳар қандай жиҳати билан боғлиқ: иқтисодий муносабатларни фаоллаштириш, биринчи навбатда, талаб ва таклифни ҳисобга олиш, рўй берадиган ўзгаришларга тез мослашиш, рақобатбардош маҳсулотлар яратиш, конъюктурани ўрганиш, таъсирчан рекламани ривожлантириш каби кўплаб масалаларни ҳал этишни қамраб олади.

    Мутахассислар фикрича, айни пайтда маркетингнинг уч мингдан ортиқ таърифи бўлиб, уларнинг барчасига хос бўлган умумий хусусият асосий эътиборни товар ишлаб чиқаришдан истеъмолчига, унинг хоҳиш ва эҳтиёжларига қаратишдир. Шу боис, ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи маркетологлар “Биз маҳсулот сотмаймиз — истеъмолчи талабини қондирамиз!” дейишади. Америка маркетинг уюшмаси уни янада аниқлаштириб, бундай дейди: “Маркетинг шундай жараёнки, унинг ёрдамида ўйланган ғоя режалаштирилади ва амалга оширилади, нарх шакллантирилади, ғоя, товар ҳамда хизмат кўрсатиш сотиш, айрим шахслар ва ташкилотларнинг эҳтиёж-мақсадлари айирбошлаш ёрдамида қондирилади”.

    Демакки, маркетинг нафақат фалсафа, фикрлаш тарзи ва иқтисодий тафаккур йўналиши, шу билан бирга, айрим фирма, компания, тармоқ ва бутун иқтисодиёт бўйича амалий фаолиятни ўз ичига олади. Унинг эволюцияси, мазмуни бойиб бориши ҳар қайси мамлакатнинг ўзига хос хусусияти ва бозор муносабатлари даражаси билан ҳам узвий боғлиқ.

    Ўзбекистонда бу концепция ижтимоий талабларни ҳисобга олган ҳолда ривожлантириб борилмоқда. Янгича ислоҳотлар, Тараққиёт стратегиясининг муҳим мақсадлари миллий саноат маркетинг сиёсатининг узвий қисмини ташкил этади. Бунинг амалий жиҳатларини Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин.

    Иқтисодиёт эркинлашуви “катализатор” вазифасини ўтамоқда

    Жорий йил май ойида Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг йиллик форуми бўлиб ўтди. Уда асосий эътибор “Барқарорликка сармоя киритиш” мавзусига қаратилди. Сессиялардан бирида мамлакатимиз иқтисодиётининг кутилаётган ўсиш суръатлари ва инвестицияларни жалб этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Том маънода айтганда, замонавий маркетинг талаблари асосида юртимизнинг яқин келажакдаги тараққиётининг асосий жиҳатлари таҳлил этилди.

    — ЕТТБнинг бундай йиғилиши юртимизда 20 йил олдин бўлиб ўтган эди, — дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Нодир Жумаев. — Кейинги олти йилда мамлакатимиз сийрати ва сурати тубдан ўзгарди. Дунёга кенг очилаётган, барча соҳаларда ҳамкорликка тайёр янги Ўзбекистонга айланиб боряпти. Валюта тизими эркинлаштирилгани, ташқи бозорларга чиқиш тўсиқлари олиб ташлангани, 7 мингдан зиёд хомашё ва товарга божхона божи бекор қилингани натижасида ташқи савдо айланмаси икки карра ошди. Йиллик хорижий сармоялар ҳажми 2017 йилдагига нисбатан 3 баробар кўпайди.

    Европа тикланиш ва тараққиёт банки иқтисодий барқарорликка эришишда стратегик ҳамкорга айланган шерикларимиздан бири ҳисобланади. Банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалар портфели қиймати 4 миллиард евродан ошган, шундан 3,3 миллиард евролиги сўнгги тўрт йилга тўғри келади. Хусусан, биргина 2022 йилда Ўзбекистондаги 26 та лойиҳага 900 миллион евро инвестиция ажратилди.

    Албатта, лойиҳа нечоғли муҳим ёки долзарб бўлишидан қатъи назар, хорижий сармоядор ёки нуфузли молиявий муассаса унга пул тикавермайди. Бунда наинки ажратилган сармоя ўзини оқлаши ва вақтида қайтарилишига ишонч, балки инвесторлар учун яратилган ҳуқуқий кафолатдан тортиб, товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат бозорларининг эркинлаштириш даражасигача ҳисобга олинади. Ортиқча бюрократияни қисқартириш ва коррупцияга барҳам бериш билан боғлиқ жараёнлар ҳам маркетинг тадқиқотлари диққат марказида туради.

    Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, ЕТТБ инвестициялари бугунги кунда ўта долзарб бўлган “яшил” энергетика, ичимлик сув, йўл-транспорт инфратузилмаси, экология каби соҳаларга йўналтирилмоқда. Жумладан, қайта тикланадиган энергия соҳасида банкнинг 600 миллион евро маблағи иштирокидаги йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Бундай фаол ҳамкорлик юртимиз иқтисодиётига бошқа хорижий инвесторларни жалб этишда ҳам катализатор вазифасини ўтамоқда.

    — 2017 йилдан буён Ўзбекистон учун муҳим муваффақият омилларидан бири очиқлик бўлди, — дейди ЕТТБнинг минтақавий етакчи иқтисодчиси Эрик Ливин журналистларга берган интервьюсида. — Мижозларимиз орасида кўплаб компаниялар ўз фаолиятини 2018 йилда бошлади, улар учун савдо қилиш, валюта айирбошлаш имкониятлари пайдо бўлди ва компаниялар башорат қилинадиган муҳитда ишлай бошлади. Хусусийлаштириш жараёни ҳам муҳим омил. Тўғри, у жуда тез ривожланаётгани йўқ. Лекин биз Венгриянинг OTP банки томонидан “Ипотекабанк” сотиб олингани банк соҳасида катта ютуқ бўлганини кўрдик. Бу шунчаки банк сотуви эмас, бу унинг ишига муносабатнинг бутунлай ўзгаришидир. Худди шундай ҳодиса Грузиянинг TBC банкига ҳам тааллуқли. Унинг ёрдами билан тартибга солиш ва рақамли банкнинг бутун тизими қайта қурилди. Ҳозир TBC рақамли йўналишга ўтаётган маҳаллий банклар билан мустақил равишда рақобатлашиши керак. Шундай қилиб, ташқаридан келадиган катта рақобат асосий бенефициарлар ҳисобланган истеъмолчилар учун фойдалидир.

    Экспертлар “GSP+” тартиби туфайли юртимизнинг Европа бозорига очилган имкониятлари кенгайиб бораётганини эътироф этишади. Хусусан, жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш қарийб 70 фоиз ўсди. Европанинг етакчи компания ва банклари билан юқори технологик ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар портфели 20 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.

    Ана шу сармояни тезроқ ўзлаштириш Евроиттифоқ билан савдо муносабатларини тубдан кенгайтиришни тақозо этади. Маркетологлар фикрича, бу жараёнда мамлакатимизда барқарор савдо-логистика занжирлари ва ўзаро маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратиш, “GSP+” тартибининг амал қилиш муддатини узайтириш муҳим ўрин тутади. Чунки айни кунда GSP+ дастури доирасида 6 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотимизни Европа бозорларига етказиб бериш имконияти яратилган.

    Тадқиқотлар нимани кўрсатмоқда?

    Ҳозир Европа Иттифоқига 28 давлат аъзо. Жаҳон савдо ташкилотига эса 164 мамлакат бирлашган. Демакки, Ўзбекистоннинг дунёдаги энг йирик ушбу иқтисодий ташкилотга аъзо бўлиши яна 136 давлат билан адолатли савдо тизимини йўлга қўйиш ва барқарор бозорларни яратиш имконини беради. Чунки глобал савдо ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 95 фоизи ЖСТга аъзо мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон товар айланмасининг 97 фоизи ушбу давлатларнинг биргаликдаги улушини ташкил этади.

    Жаҳон банкининг уч йил олдинги маълумотига кўра, Европа Иттифоқи ялпи ички маҳсулотининг 91, Замбияда 70, Канадада 65, Жанубий Африкада 59, Ҳиндистонда 40, Индонезия ва Японияда 37, Хитойда 36, АҚШда 26 фоизи ташқи савдо билан боғлиқ бўлган. Халқаро савдо иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қамбағалликни камайтиришда мисли кўрилмаган имкониятларни таклиф қилади. Бироқ ушбу салоҳият рўёбини таъминлаш глобал савдони халқаро даражада бошқариш ва тартибга солишни тақозо этади. Агар бундай бошқарув ва мажбурий тамойиллар бўлмаса, халқаро глобаллашув ва савдо ҳозирги вазиятни яхшилаш ўрнига иқтисодий тенгсизлик, ижтимоий адолатсизлик, атроф-муҳит таназзули ва маданий бирхилликни кучайтириши мумкин.

    Ўзбекистон келгуси уч йилда тайёр маҳсулот экспортини 2 баробар оширишни режа қилган. Бунга эришишнинг ягона йўли Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш экан, бу, ўз навбатида, товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат бозорларини янада эркинлаштириш, дунёдаги ишлаб чиқариш занжирларига қўшилишни жадаллаштиришни кун тартибига қўймоқда.

    — ЖСТга аъзо бўлиш — узоқ ва мураккаб жараён. Бу борада ислоҳотларни давом эттиришимиз керак. Қонунчилик нормаларимиз ва техник стандартларимизни мувофиқлаштиряпмиз. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун ЖСТга аъзо бўлишимиз катта имкониятлар яратади. Бозорга кириш рақобат дегани, бу даъватни қабул қилишга тайёрмиз, — деди ЕТТБнинг Самарқанддаги форумида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев. — Бозоримизда кўплаб давлат корхоналари бор, уларни хусусийлаштиряпмиз. Мақсад — рақобатбардошликни ошириш. Давлат корхоналари ҳам бозорга чиқиш имкониятига эга бўлади, улар рақобатга киришиши ва рақобатбардош бўлиши керак.

    Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Нодир Жумаевнинг фикрича, ЖСТга аъзолик Ўзбекистон иқтисодий тараққиётига кучли туртки беради. Аввало, янги сармоялар асосида қўшимча иш ўринлари яратилади, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулот сифатини ошириб, дунё бозоридаги кучли рақобатга кўникади. Ўз навбатида, истеъмолчиларнинг арзон ва сифатли товарлар ҳамда хизматларни танлаш имконияти юзага келади. Мамлакат жаҳон миқёсидаги савдо сиёсати бўйича муҳим қарорларни қабул қилишда иштирок этади, яъни ташкилот йиғилишида қатнашадиган ҳар бир давлат ўз овозига эга бўлади. Божхона маъмуриятчилиги ва қонунчилик бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш, тизимдаги коррупция даражасини камайтиришга кўмак беради, дунё миқёсидаги илмий-техник ривожланиш жараёнига интеграциялашувни тезлаштиради. Энг муҳими, ЖСТга аъзо давлатлар билан маҳсулот айирбошлашда катта ютуқларга эришади. Бунда аъзо давлатларга солиқ, божхона имтиёзлари тақдим этилади. Масалан, ҳозирги кунда ушбу ташкилотнинг ҳар бир аъзоси Ўзбекистон товарларига исталган ҳажмда тарифлар киритиши мумкин, бироқ мамлакатимиз ташкилотга аъзо бўлгач, уларнинг бундай чоралар кўришига чек қўйилади. Яъни Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиши билан унда ташкилот аъзоларига божхона тўловларини камроқ тўлаш ёки умуман тўламаслик имконияти пайдо бўлади.

    Агар ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий фаолиятидан ўрин олган товарлар рўйхатида 11 минг 295 номдаги маҳсулот мавжуд бўлса, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида музокаралар олиб борилади. Мақсад — таъсирчан товарни аниқлаш. Яъни шундай товарлар борки, уларнинг бож ставкалари муайян давлат иқтисодиётига ҳеч қандай салбий таъсир қилмайди. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун субсидия тақиқланмаган, аммо аъзоликка қабул қилиш жараёнида келишилган миқдордан ошмаслиги лозим.

    Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан ўзига хос маркетинг таҳлиллар ўтказилиб, асосий макроиқтисодий мувозанатга кўрсатадиган таъсирларга баҳо берилган.

    Тадқиқотда, энг авало, тарифлар ва ички нарх пасайиши туфайли экспорт жозибадорлиги ошиши ҳисобига экспорт ҳажми 0,06 фоиз ортиши ва ички товарлар таклифи 0,03 фоиз камайиши мумкинлиги қайд этилади. Айни пайтда ички бозорда нарх пасайиши натижасида истеъмол ҳажми 0,11 фоиз ортади. Давлат бюджети даромадлари қисқариши ҳисобига жами жамғармалар 0,35 фоиз камаяди. Жамғармалар ҳажми камайиши инвестициялар даражаси 0,16 фоиз тушишига олиб келиш эҳтимоли бор.

    Биринчи босқичда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши ва бунинг натижасида тарифлар пасайтирилиши маҳаллий маҳсулотларга талабнинг муайян даражада пасайишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий компаниялар фаолияти самарадорлигини ошириш заруратини келтириб чиқаради. Акс ҳолда, хорижий компаниялар билан нарх рақобатига дош бера олмайдиган самарасиз корхоналар бозордан чиқиб кетишига тўғри келади.

    Янги шароитга муаммосиз ўтишни таъминлаш ва Ўзбекистонда миллий корхоналарни ташқи рақобат шароитига босқичма-босқич тайёрлаш учун янги муҳитни яратиш тавсия этилади.

    Бу масалани ҳал иш бўйича Жамшид Хўжаев билдирган фикрларга эътибор қаратамиз: “Саноатда давлат субсидияси билан ишлайдиган компаниялар, айниқса, электроника ва қишлоқ хўжалигига алоқадор тармоқларда, эркин бозор шароитларида ишлай олиш учун ҳозирги стратегиясини қайта кўриб чиқиши лозим. Ташкилотга қўшилиш учун кўплаб муҳокама жараёнларида иштирок этяпмиз. Биз учун муҳим омил – саноатимизга зиён етказмасдан муросага келиш. Тренд динамик бўлади, биз бу борада фаол иш олиб боряпмиз. Делегация раҳбари сифатида музокараларни тезроқ ва қисқа муддатда якунлашни хоҳлардим”.

    Ҳақиқатан, эркин бозор шароитида фаолият юритиш ишлаб чиқарувчиларимиз учун дастлабки босқичда осон бўлмайди. Лекин хорижий компанияларнинг юртимиз бозорига кириши билан тарифларнинг босқичма-босқич пасайтирилиши маҳаллий корхоналар учун ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштириш, технологик ва кадрлар базасини такомиллаштириш орқали сифатни ошириш, нарх сиёсатини қайта кўриб чиқиш ҳамда истеъмолчиларнинг диди ва эҳтиёжини тизимли равишда ўрганиб, шу асосда мақсадли маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишига катта туртки беради.

    Замонавий маркетинг тадқиқотлари ҳам буни тасдиқлаб турибди. Бинобарин, ҳозирги кунга келиб кўплаб компаниялар оммавий ва товарларга қаратилган маркетингдан воз кечмоқда. Улар ўрнига мақсадли маркетингни афзал кўрмоқда. Мақсадли маркетинг сотувчиларга қулай бозор имкониятларини, ишлаб чиқарувчиларга эса бозорнинг ҳар бир мақсадли сегменти учун зарур бўлган маҳсулотларни топишга ёрдам беради. Компаниялар ўз товарларини, уларнинг нархларини, тақсимлаш воситаларини ва рекламани ҳар бир мақсадли бозорга муносиб мослаштириб олиши мумкин бўлади. “Автомат” усулидаги умумий ўрганишлардан кўра, жаҳоннинг қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, айнан шу товарни хоҳловчи харидорларга эътибор қаратилади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates