Учрашув давомида томонлар “Мўғулистон – Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи доирасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Мўғулистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани алоҳида қайд этилди.
С.Эрденебат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва ҳудудий вакиллик органларига сайловлар юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб, сайлов жараёнининг барча босқичлари шаффоф, очиқ ва холис ўтганини, халқаро демократик стандартларга мувофиқ бўлганини эътироф этди.
Парламент сайлови янгиланган Конституция асосида мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказилгани таъкидланди.
Учрашув якунида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, “Мўғулистон – Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек, кенг ҳамкорлик учун аниқ тадбирлар режасини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.