Мурожаатда келтирилган ҳолатларни ўрганиш жараёнида хонанда М.Ҳ томонидан шоир Эркин Йўлдошга тегишли бўлган «Уйланамиз» номли шеърий асарни муаллиф билан ҳеч қандай шартнома тузилмасдан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз барчанинг эътиборига етказилганлиги ва омма олдида ижро этилганлиги аниқланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддасига асосан муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда, хусусан асарни барчанинг эътиборига етказиш, асарни омма олдида ижро этишда мутлақ ҳуқуқларга эга.
Шунингдек, Қонуннинг 62-моддасига кўра ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.
Юқоридагиларга асосан, фуқаро М.Ҳ ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177(1)-моддасининг биринчи қисмида белгиланган асардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги сабабли ҳолат бўйича Андижон вилояти Адлия бошқармаси томонидан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилиб, Жиноят ишлари бўйича Андижон туман судига юборилди.
Суд томонидан фуқаро М.Ҳ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177(1)-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, белгиланган тартибда жарима жазоси тайинланди.
Ҳурматли ижод вакиллари! Муаллифлик ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун Муаллифларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларга аъзо бўлинг ёки бевосита Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти ҳамда ҳудудлардаги Адлия бошқармаларининг Интеллектуал мулк ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўлимларига мурожаат қилинг!









