Семинар доирасида раҳбар кадрларнинг аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор берилди.
Тадбирда Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев ўз маърузаси билан иштирок этиб, раҳбар кадрларнинг эътиборини маҳаллий ҳокимликлар томонидан фуқароларнинг мурожаат қилишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлашда йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалаларига қаратди.
Хусусан, мамлакатимизда ҳар бир шахснинг давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституция даражасида кафолатланган бўлиб, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш масъуллар олдидаги энг муҳим ҳамда долзарб вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.
Шундай экан ҳар бир раҳбар фуқароларни ташвишга солаётган муаммолардан хабардор бўлиши, аҳоли билан доимий мулоқот қилиши, уларнинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ ва тезкор чоралар кўришни ўзи учун энг муҳим ва устувор вазифа, деб билиши шарт эканлиги белгиланди.
Маърузада аҳоли муаммолари билан маҳаллабай ишлашда секторларнинг Халқ қабулхоналари ва давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари ҳам кўтарилди.
Юртбошимиз томонидан Президент Халқ қабулхоналари ва секторларнинг ташкил этилиши ҳамда ҳамкорликда ишлаши аҳолини йиллар давомида қийнаб келган муаммоларнинг ҳал этилишига имкон яратди. Ушбу тизим йилдан-йилга такомиллашиб, мазкур йўналишдаги ишлар барқарор давом этаётган бўлса-да, ҳамон муаммолар мавжуд эканлиги таъкидланди. Маъруза давомида уларни бартараф этиш ҳамда бу соҳадаги ишларни янги сифати босқичига кўтариш бўйича қатор чора-тадбирлар ва таклифлар ўртага ташланиб, муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, семинар давомида ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, ислоҳотларнинг ҳудудлардаги самарадорлигини ҳамда мансабдор шахслар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш каби долзарб мавзуларда вазирлик ва идора раҳбарлари, соҳа мутахассислари томонидан маърузалар ташкил этилди.