Мурожаатнома мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ижросида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўрни муҳокама қилинди

    Мамлакатимизда 24 январ 2023 1213

    Жорий йил 24 январда Олий Мажлис Сенати томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда вакиллик органларининг роли» мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

    Видеоконференсалоқа тизими шаклида ўтказилган мазкур ўқув семинарида Олий Мажлис Сенати аъзолари, барча даражадаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари ҳамда котибиятлари мудирлари иштирок этди.

    Семинарда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Олим Солиев, Адлия вазирининг ўринбосари Актам Муҳаммадиев, Президент таълим муассасалари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Кенжаев, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков, сенаторлар ва бир қатор мутасаддилар маъруза қилди.

    Таъкидланганидек, Давлат раҳбарининг навбатдаги Мурожаатномасида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар чуқур таҳлил этилиб, давлат ва жамият тараққиётини таъминлаш борасидаги муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

    Президент ўз Мурожаатномасида олтита устувор йўналишни ва уларнинг ҳар бирини кенг таҳлил қилиб берди. Бу борада Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари ўз маърузасида ушбу йўналишларнинг барчасига тўхталиб, семинар иштирокчиларига батафсил тушунтириб берди.

    Жумладан, С.Сафоев ижтимоий давлат тамойилини рўёбга чиқариш борасидаги вазифаларга тўхталар экан, 2023 йилдан мактаб таълими халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилинишини, она тилимизга эътибор оширилишини, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси оширилишини, инвестиция дастурларини маҳалла даражасига тушириш чоралари кўрилишини алоҳида қайд этиб ўтди.

    Бу борада маҳаллий Кенгаш депутатларидан ҳам катта масъулият талаб этилиши қайд этилди.

    Тадбир давомида бошқа маърузачилар ҳам Мурожаатноманинг аҳамияти, айниқса, жойларда ислоҳотларнинг муваффақиятли боришида маҳаллий Кенгашларнинг ўрни муҳимлиги, Мурожаатномада вакиллик органлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ҳам ўзига хос вазифалар белгиланганини алоҳида тушунтириб берди.

    Семинар сўнггида Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишида маҳаллий Кенгашлар фаол бўлиши лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди. Бу борада зарур тавсия ва таклифлар билдирилди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates