Мустақиллик декларацияси қабул қилинганига 30 йил тўлди

    Мамлакатимизда 20 июн 2020 30901

    1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган. Жорий йилнинг 20 июнь санасида ушбу тарихий ҳужжат қабул қилинганига 30 йил тўлади.

    Бу ҳужжатнинг тарихий аҳамияти энг аввало, мамлакатимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, эркин тафаккур асосида яшаш, фикрлаш, миллий ва умумбашарий қадриятларга таяниб иш кўриш каби жиҳатлар билан изоҳланади. Мустақиллик декларациясида мамлакатимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган давлатчилик, фан-таълим ва маданий тараққиёт борасидаги бой тажриба ва анъаналари ўз аксини топган. Мазкур ҳужжатнинг мураккаб шароитларда қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш сари ташланган қатъий ва муҳим қадами бўлди.

    Шу маънода, Мустақиллик декларацияси нафақат ҳуқуқий, балки жамият ва давлат ҳаёти ҳамда Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бугунги муносиб ҳаётини ва эртанги тақдирини белгилаб берувчи сиёсий ҳужжатдир.

    Мустақилликнинг ўтган даври мобайнида мамлакат ички сиёсий тизимида давлат ҳокимияти идоралари фаолияти демократик тартиб-қоида
    ва анъаналар асосида қайта ташкил қилинди. Хусусан, қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятлари ташкил топди. Мамлакатда сиёсий плюрализмга асосланган кўппартиявийлик тизими шакллантирилди, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти йўлга қўйилди.

    Бугун Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ва тўла ҳуқуқли аъзосидир. Ҳозирда Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕҲХТ ва ИҲТ каби нуфузли халқаро тузилмалар фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда.

    Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятидаги энг асосий вазифаси –
    давлатимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашдир. Бу борада Ўзбекистон изчил тинчликпарвар сиёсатини юритиб келмоқда. Бундай сиёсат ўзаро очиқ ва конструктив мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларини ҳамда мамлакатимиз атрофида “фаровонлик камари”ни яратиш ва мустаҳкамлашни ўзида акс эттиради. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан кенг ва фаол ҳамкорлиги бунга мисол бўла олади.

    Тарихан мамлакатимиз жаҳон цивилизациясининг стратегик муҳим нуқтасида жойлашган. Бундай жойлашув асрлар давомида мамлакатимиз халқида бағрикенглик, юксак маънавий қадриятлар, турли миллат ва элатлар тақдирига бефарқ бўлмаслик, аксинча ўзаро ҳамкорликда ривожланиш моделини шакллантирган.

    Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларда мустақилликка эришди. Бугунги кунда амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳияти мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, сиёсий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жамият ҳаётини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, унинг изчиллиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.

    Иқтисодий соҳада замонавий ривожланиш тенденцияларига мос рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, жаҳон иқтисодиёти конъюнктурасига мослашиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш каби устувор йўналишларни кўрсатиш мумкин.

    Ижтимоий соҳада аҳолини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, хусусан, кам таъминланган оилаларни муҳофаза қилиш, бепул тиббий хизматдан фойдаланиш ва таълим олиш масалаларини мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишлари сифатида эътироф этиш мумкин.

    Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, мустақиллик декларациясининг тарихий аҳамиятини яна бир бор эътироф этган ҳолда, унинг замирида мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз тақдирига ва мамлакат келажагига нисбатан юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда ёндашиши лозимлиги ғояси ётади.

    Аброр ЮСУПОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates