Хусусан, Президенти маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакилларининг навбатдаги манзили Хоразм вилояти Хива тумани бўлди.
Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ҳамда ўрганишлар натижаси асосида бир қатор эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, керакли ёрдамлар кўрсатилди.
Мисол учун, “Истиқлол” маҳалласида “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи, боқувчисини йўқотган мурожжатчи Дилноза Худаёрова хонадонига борилиб, унга ўзини-ўзи иш билан банд қилиши ҳамда оиласига қўшимча даромад келтириши мақсадида тикув машинаси ва керакли анжомлар топширилди.
Бундан ташқари, маҳалладаги нуронийлар билан илиқ суҳбат қурилиб, аҳолини қийнаётган муаммолари тингланди ва уларнинг ечими бўйича мутасаддилар билан ҳамкорликда амалий ишлар режалари белгилаб олинди.
Шу ернинг ўзида “маҳалла еттилиги” аъзолари билан кенг муҳокамалар ўтказилиб, жойларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда Президентимиз белгилаб берган йўналишлар бўйича ишларни қатъий ташкиллаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди, масъуллар белгиланди.
Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги гуруҳ “Истиқлол” маҳалласида қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун амалий кўмак кўрсатилди. Маҳаллада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари ҳам ўтказилди.
Шунингдек, кекса ёшдаги нуронийлар дуоси билан хайрли ва савобли ишларни давом қилдирган ҳолда, ҳомийлар томонидан қурбонлик қилиниб, маҳаллада кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга тарқатилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этади.