Мусулмонлар идораси Исоқжон домланинг чиқиши бўйича баёнот берди

    Ижтимоий ҳаёт 25 август 2023 2527

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси шу йил 25 август куни Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматов хатти-ҳаракатини кўриб чиқади.

    Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Исоқжон Бегматовнинг ижтимоий тармоқдаги чиқиши юзасидан расмий муносабат билдирди.

    Шу йил 24 август куни Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматовнинг солиқлар ва «кэшбэк» иловаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ўзбошимчалик ила қилган чиқиши кескин мунозараларга сабаб бўлди. Айниқса, савдо билан шуғулланганлик учун солиқ тўлаш, касса аппарати ишлатиш ва «кэшбэк» иловаларини жорий этиш ҳақидаги имом-хатибнинг чиқишига ҳақли эътирозлар билдирилди.

    Таъкидлаш керакки, И.Бегматовнинг мазкур қарашлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмайди, балки унинг ўзбошимчалик ила айтган шахсий фикридир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази томонидан ушбу фаолият тури батафсил ўрганилиб, «Кешбэк» каби иловалар орқали келиб тушадиган маблағ, мукофот ёки бонус жоизлиги ҳақида авваллари икки марта фатво берилган. Бунда ғарар (алдов) ва рибо аралашмаслиги шарт қилинган.

    Ҳақиқатан, солиқ иқтисодиёт асосларидан бири бўлиб, ижтимоий ҳимоя, хайрия ишлари, боғча, мактаб, мудофаа каби аҳоли учун зарур объектларни молиялаштириш, шунингдек, йўл, кўприк ва шифохона сингари кўпчиликка муҳим иншоотларни қуриш ҳамда пенсия, нафақалар солиқ тушумлари ҳисобидан амалга оширилади.

    Зеро, солиқлар ҳар бир замон ва маконда мавжуд бўлган. Ислом динида ихтиёрий хайрияларга ҳадя, садақа кабилар кирса, мажбурийлари қаторига закот, ушр, фитр садақа, фидя ва жизя кабилар киради. Ислом тарихида ҳам мана шундай йиғимлар ҳукумат ишларини юритиш, ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлаш, хавфсизликни таъминлаш, кўприк ва шу каби инсонларга манфаат келтирадиган иншоотларни барпо этишга сарфланган.

    Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини қонунчилик талабларига ҳурмат билан ёндошишга мунтазам чақиради. Жумладан, халқ манфаати ва мамлакат тараққиётини кўзлаб, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни доим қўллаб-қувватлайди.

    Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аввал ижрога йўналтирилган ҳужжатларда имом-домлалар амалдаги қонунчилик талабларига риоя этишлари, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашлари, меҳнат мажбуриятларига амал қилишлари ҳамда мунозарага сабаб бўлувчи чиқишлар қилмасликлари қатъий белгилаб қўйилган.

    Афсуски, Исоқжон Бегматов мазкур чиқишида меъёрий ҳужжатлар талабларини бузиб, ушбу йўналишдаги буйруқлар, ички тартиб қоидалар ҳамда меҳнат мажбуриятларига амал қилмагани маълум бўлди.

    Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси шу йил 25 август куни Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматов хатти-ҳаракатини кўриб чиқади, дейилади муносабатда.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates