Наманган Президент мактабида хушхабарларга бой йил бўлди

    Таълим 4 январ 2024 1033

    Аслида, биздаги хушхабарлар анъанавийдир. Ахир Президент мактаби деган юксак мақомга яраша фаолият юритилмоқда.

    Юртимиз дунё тан олган буюк алломалар бешиги эканидан доимо фахрланамиз. Бу эса аждодларимизга муносиб авлод бўлиш масъулиятини талаб этади. Улар осонгина илм-фандаги уйғониш даври байроқдорларига айланишмаган. Одамзод тафаккури жамланган жамики билимни ҳар жиҳатдан ўрганишган, янада бойитиш учун кеча-кундуз заҳмат чекишган. Бетакрор кашфиётлар яратишган. XXI аср ёшлари уларнинг чинакам ворислари, эзгу ишларининг давомчилари ҳисобланади.

    Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим тизимидан бошланиши айни ҳақиқат. Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили якунланди. Агар ўн икки ой мобайнида амалга оширганларимизга назар солсак, номдор таълим муассасамиз эришган натижалар чакки эмас. Ўтган ўқув йилидаги 24 нафар битирувчимизнинг энг аълочилари муддатидан аввал республикамиз ва чет элдаги нуфузли университетларга қабул қилинди. Қолганлари ҳам имтиёзли равишда талабалар сафига қўшилди.

    Аслида, биздаги хушхабарлар анъанавийдир. Ахир Президент мактаби деган юксак мақомга яраша фаолият юритиб келаётган шарафли касб мутахассислари кенг, ёруғ ва шинам хоналарда сўнгги русумдаги компьютерлар, бошқа ўқув жиҳозлари ёрдамида машғулотлар олиб боришмоқда. Улар билан ёнма-ён хорижлик устозлар аниқ ва ижтимоий-гуманитар фан асосларини ўғил-қизларимиз онгига чуқур сингдиришяпти.

    Жумладан, 11-синф ўқувчиси Ботирхон Абдураҳмоновнинг академик муваффақиятларини мамнуният билан тилга олсак арзийди. Битирувчимиз IELTSдан аллақачон 8 баллни тўплаган. AMC (Amerika matematik compotition) олимпиадаси олтин медали совриндори. Агентликнинг республика олимпиадасида биринчи ўринни қўлга киритган. Шахматнинг рапид ва блиц йўналишларида республика чемпионлари рўйхатида туради.

    CEAMO халқаро математика олимпиадасининг республика босқичидан Билолиддин Исмоилов, Аҳмаджон Одилов, Паризода Аҳаджонова, Шоҳжаҳон Шукуржонов, Муҳаммад Нишонов, Хосият Рустамжонова, Мунисабону Акбарова каби 6,9,10-синф ўқувчиларимиз ғалаба билан қайтишди. Энди Сингапур давлатида ўтказиладиган олимпиада финалига астойдил тайёрланишмоқда.

    Маълумки, ўтган йил 19-20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида “Иқлим ўзгариши ва болалар иштироки” мавзусида 24-халқаро болалар форуми чақирилди. У ерга мактабимиз ўқувчиси Гавҳаршодбегим Ҳомидова ҳам борди. Қизимиз фақат тингловчилик билан чегараланмади. Аксинча, фаоллик кўрсатиб, иқлим ўзгаришига тегишли умумий жараёнларда турли миллат ва маданиятларга мансуб болалар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган жўяли таклиф ва ташаббусларини ўртага ташлади.

    Фан олимпиадасининг вилоят босқичида ҳам бир гуруҳ ўқувчиларимиз фахрли ўринларни эгаллашди. Хусусан, Ҳусанбой Мансуралиев ва Орифжон Ҳусановлар информатика фанидан 1-ўринга лойиқлигини исботлаб, республика босқичига йўлланма олишди.

    Шогирдларимизнинг интеллектуал даражаси ўқитувчиларимиз кўнгилдагидек таълим бераётганини билдиради. Нодирбек Ҳабибуллаев, Саиджалол Ҳасанов, Ҳумоюн Ботиралиев, Абдуҳаким Ашурматов, Зарифжон Мирзажонов сингари педагоглар замонавий технологиялар воситасида қизиқарли, тушунарли, болаларнинг креативлик қобилиятини ўстирувчи дарсларни маҳорат билан уддалаб ва фарзандларимиз баркамоллигини таъминлаяпти.

    Улар орасида ташаббускорлиги ва ташкилотчилиги билан Аброржон домла Садриддинов алоҳида ажралиб туради. Кўп китоб ўқийди, атрофдагиларни ҳам ортидан эргаштиради. “Билим ихлосмандлари” клубининг энг яхши координатори саналади. Раҳбарлигидаги ўқувчилар гуруҳи “Заковат” ўйинларида мамлакатдаги Президент мактаблари ичида 1-ўринни ҳимоя қила олгани тасодифий эмас. Бу изчил изланиш, ақлни чархловчи китобларни муттасил ўқиш, мантиқий фикрлаш салоҳиятини мунтазам кенгайтиришга уриниш мевасидир, албатта.

    Мактабимиз ўқитувчи ҳамда ўқувчилари бир-бирлари билан ижобий рақобатни бирор лаҳза тўхтатмайди. Шунинг учун ҳар ойда қувонарли ютуқлар қайд этамиз. Масалан, тасвирий санъат муаллими Абдувоҳид Исоқов яқинда педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий унвонини олди. Битирувчи қизимиз Гўзалхон Ҳайдарова машҳур Гарвард университетининг муҳандислик йўналишига ўқишни нақд қилди, Давлатали Маллабоев Нью-Йорк университетининг 100 фоизли гранти соҳиби бўлди.

    Дарвоқе, таълимда янги услубларни жорий этиш ва ўқитиш сифатини баланд поғонага чиқаришда мактабда мақсадли бошқарувни йўлга қўйиш ғоят муҳимдир. Ноябрь ойи охири ҳамда декабрь бошларида “Директорлар учун мактабларни ривожлантириш дастури” доирасида Президент ва ижод мактаблари директорларидан иборат делегациянинг Буюк Британияга икки ҳафталик сафари ташкилланди. Халқаро семинар-тренингда қатор илғор тажрибаларни ўргандик. Дастурга мувофиқ Портемут университетида малакали тренерлар кўмагида касбий малакамизни оширдик. Семинар-тренингдаги таълим муҳитини яхшилаш, самарали бошқарув ва ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаш мавзусидаги машғулотлар жуда фойдали кечди. Аҳамиятлиси, Англия мактабларида директор сифатида амалиёт ўташимизга ҳам кенг имкониятлар яратилди. Шунингдек, “Park community school” билан танишдик. Ҳар биримиз таълим муассасаларимиз тараққиётига тааллуқли лойиҳамизни тақдимот қилдик, сертификатлар топширилди.

    Лондондаги яна бир манфаатли тадбирга вакилларимизни юбордик. Анжуман “Англия – Буюк Британия: Хорижий тилларни ўқитишдаги энг яхши мактаблар ўқувчиларининг таълим саёҳати” дея номланган. Қатнашчилар Темза, Трафалгар майдонини, Букенгем саройини, “Big Ben” ва Бридга шаҳридек диққатга сазовор жойларни айланишди. “Ardmor” тил ўқитиш мактаби, Кембриж, Оксфорд университетларига ташриф буюришди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган таълим тизимини жадал ривожлантириш юзасидан хайрли ният ва пухта режаларимизни туздик. Ана шу устувор вазифаларни сўзсиз бажариш эса Ватанимиз истиқболига ҳисса қўшишга қодир авлодни тарбиялаш, ғайрат-шижоат ва катта меҳнатни зиммамизга юклайди.

    Таъкидламоқчиманки, довруқли зиё масканимиз жамоаси мазкур талабни ҳамиша чуқур англаган ҳолда таълим мавқейини кўтаришнинг таъсирчан усулларидан унумли фойдаланаверади. Зеро, маълумотларга чанқоқ, жамият тақдирига дахлдор келажак бунёдкорлари иштиёқини, интилишу мукаммал ўзлаштиришларини кучайтириш қўллаб-қувватлашимизга, якдил саъй-ҳаракатларимизга бевосита боғлиқдир.

    Шуҳрат АЗИБОЕВ,

    Наманган шаҳридаги Президент мактаби директори

    Мазкур мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2024 йил 4 январдаги 2-сонида “БИЗДА ҲАР ДОИМ ХУШХАБАР БОР” сарлавҳаси билан чоп этилди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates