“National Logistics Corporation” компанияси Ўзбекистонда ваколатхонасини очмоқчи

    Транспорт 13 сентябр 2023 1022

    Жорий йил 12 сентябрда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Покистон Ислом Республикаси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида “National Logistics Corporation” транспорт-логистика компанияси раҳбари Фаррух Шаҳзод Рао билан учрашув бўлиб ўтди.

    Ушбу учрашув Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини ва келгусида транспорт ҳамда юк ташув лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама этиш мақсадида ташкиллаштирилди.

    Учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг фаолияти ва вазифалари, шунингдек, мамлакатимизда тадбиркорлар ва инвесторлар учун ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

    Ўз навбатида, чет эллик меҳмонлар “National Logistics Corporation” компанияси тўғрисида тақдимот ўтказиб, компания фаолияти ва афзалликлари ҳақида батафсил маълумотлар берди, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида компания ваколатхонасини очиш ниятини билдирди, деб хабар беради Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.