Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

    Ҳужжатлар 1 июл 2021 9426

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, халқаро таълим стандартларини жорий этиш, тиббий хизматлар ҳажми ва сифатини ошириш, тиббиёт амалиёти, таълими ва илмий тадқиқотлари ўртасидаги интеграцияни таъминлаш, даволаш-ташхислаш жараёнига илғор ютуқларни ва инновацияларни татбиқ этиш мақсадида:

    1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг (кейинги ўринларда – Университет) Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалини (кейинги ўринларда – Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қўллаб-қувватлансин.

    2. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

    соғлиқни сақлаш тизими ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун муҳим илмий-амалий муаммоларни ҳал қилишга қодир юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш;

    тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга йўналтирилган замонавий таълим дастурлари ҳамда ўқитиш шаклларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини жорий қилиш, ўқув-педагогик салоҳиятни ривожлантиришни рағбатлантириш;

    тиббиёт ва тиббиёт илм-фани соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш;

    таълим ва фаннинг узлуксизлиги ҳамда узвийлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига мажбурий интеграциялашув ҳисобига мутахассислар, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

    таълим ва илмий фаолиятнинг тиббий ва фармацевтик фаолият билан чуқур интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;

    хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан таълим ҳамда тиббиёт илми соҳаларида узоқ муддатли муносабатларни мустаҳкамлаш.

    3. Белгилаб қўйилсинки:

    Филиал Университетнинг юридик шахс мақомига эга бўлган алоҳида таркибий бўлинмаси бўлиб, таълим, илмий, хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга;

    Филиалдаги таълим жараёни Россия Федерациясининг федерал таълим стандартларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида рус тилида олиб борилади;

    Филиал таълим фаолиятини 2022/2023 ўқув йилидан бошлайди;

    абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

    Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади;

    Филиал Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг қонунчилигига мувофиқ равишда фаолиятини амалга оширади.

    4. Қуйидагилар:

    Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалида кадрлар тайёрлашнинг асосий йўналишлари (мутахассисликлари) 1-иловага мувофиқ;

    Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали Васийлик кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    Қуйидагилар Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

    Филиалнинг тўлақонли фаолият юритиши билан боғлиқ ташкилий, молиявий, юридик, иқтисодий, таълим, методик, логистик ва бошқа масалаларни ҳал қилиш;

    ўқув жараёнини, талабаларнинг ўқув-педагогик амалиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, меҳнат бозорининг кейинги ривожини ҳисобга олган ҳолда, мутахассислар ва илмий-техник кадрлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилашда кўмаклашиш, ўқитишнинг сифатини режали асосда ошириб бориш, Филиал битирувчиларини ишга жойлаштириш;

    соҳанинг жадал ривожланишини таъминлаш учун хайрия, техник кўмак маблағлари (грантлар) ва бюджетдан ташқари бошқа маблағларни жалб этиш;

    Филиалнинг моддий-техник, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва ўқув материаллари билан жиҳозлаш, ижтимоий инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш;

    ҳар ўқув йилида таълим олувчилар сонини аниқлаш;

    Университет ва шу соҳага ихтисослашган бошқа етакчи хорижий олий таълим ташкилотларида амалиёт ўташ учун иқтидорли талабаларни
    ва ординатура тингловчиларини танлаб олиш, шунингдек, чет элда ўқиш учун махсус стипендиялар ташкил этиш;

    Филиал бинолари ва иншоотларини, шу жумладан, талабалар яшаш жойи ва ўқитувчилар учун меҳмонхона мажмуасини қуриш, реконструкция қилиш масалаларини мувофиқлаштириш, шунингдек, Филиални замонавий ўқув-лаборатория ва симуляция асбоб-ускуналари, компьютер ва оргтехника, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарлар, мебеллар ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозлаш;

    вазирлик ва идоралар томонидан Филиал фаолиятини ташкил этиш бўйича вазифаларнинг бажарилишини мунтазам мониторинг қилиш.

    5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Университетнинг 2021/2022 ўқув йилида 35 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг 3-иловага мувофиқ мутахассисликлар бўйича ординатура дастурларига мувофиқ Университетда таълим олишини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

    6. Маълумот учун қабул қилинсинки, Университет:

    Филиалнинг таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этади;

    Филиалда таълим беришга ва илмий фаолиятга хорижий ҳамда маҳаллий профессор-ўқитувчиларни жалб қилади;

    Филиал профессор-ўқитувчиларини доимий равишда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ишларни, шу жумладан, маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот марказларида масофавий ўқитиш орқали ташкил этади;

    Филиалнинг кутубхона фондини шакллантириш ҳамда уни замонавий ўқув, ўқув-услубий ва илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришда ёрдам кўрсатади.

    7. Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    8. Филиал Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 103-уй манзилида жойлашган Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси бино ва иншоотларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

    9. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий- амалий тиббиёт маркази ва Тошкент давлат стоматология институти ҳудудида янги ташкил этилаётган кўп тармоқли клиника Филиалнинг асосий клиник базалари (кейинги ўринларда – Филиалнинг клиник базалари) сифатида белгилансин.

    10. Белгилаб қўйилсинки:

    а) Филиалга йиллик қабул параметрлари тармоқ ва ҳудудлардаги тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, Университет билан келишилган ҳолда Васийлик кенгаши қарори билан тасдиқланади;

    б) мақсадли буюртма бўйича кадрларни тайёрлаш, жумладан, Филиал битирувчиларининг келгусида иш билан таъминланиши бўйича шартлар абитуриентлар ва манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, бошқа ташкилотлар ўртасидаги келишувларга мувофиқ аниқланади;

    в) давлат гранти асосида таҳсил олган Филиал битирувчилари Ўзбекистон Республикасининг давлат тиббиёт муассасаларида камида 5 йил ишлаш шарти билан ишга тақсимланади;

    г) Филиал фаолиятини молиялаштириш:

    Филиалга ўқишга қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган талабалар ва ординатура тингловчиларини давлат грантлари бўйича ўқитиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳар йили ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

    пуллик-шартнома асосида талабаларни ўқитишдан тушган маблағлар;

    Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мақсадли бадаллари ва хайрия ёрдамлари;

    халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грант маблағлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

    д) Университетдан жалб қилинадиган профессор-ўқитувчиларнинг хизмат сафари харажатларини тўлаш:

    30 кунгача бўлган қисқа муддатли хизмат сафарларида – Россия Федерацияси қонунчилиги бўйича олий таълим муассасалари ходимлари учун назарда тутилган меъёрлар бўйича;

    ўқув жараёни эҳтиёжларидан келиб чиқадиган узоқ муддатли хизмат сафарларида – тузиладиган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади;

    е) Филиал таъминоти учун бюджет ажратмалари 2021 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган маблағлар доирасида ажратилади, 2022 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

    11. Филиалга иккита енгил, жумладан, битта шахсан бириктирилган ва битта навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилсин.

    12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

    а) Университет ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

    Филиалга бинолар ва иншоотлар берилиб, Университет низомига тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, бир ой муддатда Филиалнинг таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқсин, келишсин ва тасдиқласин, шунингдек, Филиални белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

    Филиалда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркибини, шу жумладан, чет эллик мутахассисларни доимий равишда Филиалга жалб этиб борсин;

    б) Университет ва Филиалнинг таълим жараёнида иштирок этаётган профессор-ўқитувчилари таркиби ҳамда амалдаги мутахассислик сертификати ёки аккредитация тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган Университетнинг бошқа ходимларига Ўзбекистон Республикасида тиббий фаолиятни амалга оширишга белгиланган тартибда рухсатнома берилишини таъминласин;

    в) Филиалнинг клиник базаларида Филиал талабалари ва ординатура тингловчиларининг амалий машғулотларини бепул асосда ташкил этиш учун шартномалар тузган ҳолда керакли шарт-шароитларни яратсин ва, зарур ҳолларда, бошқа тиббий (илмий) ташкилотларни қўшимча клиник база сифатида Филиалга тақдим этсин;

    г) Филиалнинг клиник базалари бўлган тиббий (илмий) ташкилотлар раҳбарлари томонидан талабалар ва ординатура тингловчиларининг беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнига киришига рухсат берилиши ва уларнинг иштирокини таъминласин;

    д) Филиалда ўқишга қабул бошланганлиги ҳақида, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари иштирокида кенг кўламли ахборот кампанияси олиб борилишини таъминласин;

    е) сайёр қабул комиссияси ташкил этилишида ёрдам кўрсатсин.

    13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Филиал буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик бепул кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

    14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Филиал буюртманомаларига биноан Филиалнинг хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун давлат божи ундирилмасдан, белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш манзиллари бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда унинг муддати узайтирилишини таъминласин.

    15. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Филиал буюртманомаларига биноан республикага Филиал фаолиятини ташкил этишда иштирок этаётган чет эл фуқароларини жалб этишга белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, ушбу чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

    16. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган буюртманомалари бўйича тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Филиалнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, жумладан, талабалар яшаш жойи, ўқитувчилар учун меҳмонхона мажмуаси ва симуляцион марказ қуриш лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг 2022 ва кейинги йилларга мўлжалланган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфраструктурасини ривожлантириш дастурига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

    17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Филиалнинг дастлабки моддий-техник базасини яратиш мақсадида 2021 йилда зарур пул маблағларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун назарда тутилган лимитлардан тежаб қолинган маблағларни қайта тақсимлаш йўли билан ёки ўзлаштирилмаган маблағлар ҳисобидан ажратсин.

    18. Филиални капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ўқув ва илмий-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси ва оргтехника, дастурий таъминот, ўқув-лаборатория ва симуляцион жиҳозлар, илмий-методик адабиётлар, ўқитишнинг техник воситалари, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарлар, қурилиш материаллари ва моддий-техник ресурслар 2024 йил 1 июлга қадар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

    19. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    20. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М.Хаджибаев ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Х.Тошқулов белгилансин.

    Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А.Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2021 йил 1 июль

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates