“Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-115-сон, 19.03.2025 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари Умуммиллий бирдамлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари деб қайта номланади.
Вазирлар Маҳкамаси Қўмита ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг янгиланган таркиби ва ҳудудий жамоатчилик кенгашларининг янгиланган (намунавий) таркибини давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар аъзолари, фан ва маданият намояндалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларидан иборат таркибда тасдиқлайди.
Қўмита ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланиб, Қўмитага юкланган вазифа ва мажбуриятларнинг бажарилишига кўмаклашади.
Қўмита “Ватандошлар” жамоат фонди, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларига доимий равишда ахборот, маслаҳат, ташкилий ва услубий жиҳатдан кўмаклашиб боради.