Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 18 феврал 2022 6768

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида:

    1. 2022 йил 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилсин.

    2. Белгилансинки, 2022 йил 1 апрелданбошлаб:

    а) ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг (кейинги ўринларда – ўзгалар парваришига муҳтож болалар) парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови (кейинги ўринларда – парваришлаш нафақаси) жорий этилади.

    Бунда парваришлаш нафақасини тўлаш ва етказиб бериш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;

    б) парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

    3. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.К.Инаков) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А.Мусаев) билан биргаликда қуйидаги маълумотларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон шаклда тақдим этиб боришни таъминласин:

    2022 йил 1 апрелдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги маълумотларни;

    2022 йил 1 октябрдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотларни.

    4. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.К.Инаков), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.А.Мусаев) билан биргаликда 2022 йилнинг октябрь ойидан бошлаб 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинлаш тизимини жорий этсин.

    5. Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов):

    ушбу Фармонда белгиланган чора-тадбирлар билан боғлиқ харажатлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг қўшимча даромадлари ҳамда жамғармага республика бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган трансфертлар ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин;

    келгуси йилларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида мазкур Фармоннинг амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларни назарда тутсин;

    манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш
    ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    6. Молия вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу Фармоннинг мақсади, вазифалари ва бундан кутилаётган натижаларни оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил қилсин.

    7. Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    8. Ушбу Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А. Ишметов ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К.Инаков белгилансин.

    9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоровзиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 17 февраль

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates