Ижтимоий тармоқларда аҳолининг йўллардаги чуқурларни ўзлари тўлдираётгани тасвирланган видеолар тарқалмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги аҳолидан носоз йўлларни ўз ташаббуслари орқали таъмирламасликни сўради. Бундай усул муаммони ҳал ўрнига баъзи ҳолларда вазиятни янада мураккаблаштириши айтилди.
Қайд этилишича, шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва туман ҳокимликлари томонидан йўл қопламасини таъмирлаш бўйича режали ва кенг кўламли ишларни олиб борилмоқда. Бу ишларга фрезерлаш, тозалаш, асфальт ётқизиш ва уни махсус техникалар ёрдамида зичлаш киради.
Ушбу тадбирлар белгиланган технологик талаблар асосида, сифатли материаллардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, ишлар пайтида хавфсизликни таъминлаш учун ЙҲХББ ходимларини жалб этган ҳолда амалга оширилмоқда.
Чуқурчага совуқ аралашма тўлдириб, қўл остидаги воситалар билан зичлаш усули тўлиқ таъмирлаш ҳисобланмайди. Бундай усул муаммони ҳал қилмасдан қолмай, балки баъзи ҳолларда вазиятни янада мураккаблаштириши, транспорт ҳаракатига ва таъмирлаш ташаббускорларининг ўзларига қўшимча хавф туғдириши мумкин.
"Таъмирлаш ташаббускорларини йўлларни ўзбошимчалик билан ямашдан тийилишга ва тоқатли бўлишга чақирамиз. Барча зарур таъмирлаш ишлари тасдиқланган жадвал асосида ва техник меъёрларга риоя қилган ҳолда бажарилмоқда.
Биз фаол фуқаролик позицияси учун шаҳарликларга миннатдорчилик билдирамиз. Ушбу ғайратни янада самарали йўналтиришга ундаймиз — Халқ назорати порталига мурожаатлар юборинг, нотўғри таъмирлаш ҳолатларини суратлар билан қайд этинг ва ижрони кузатиб боринг. Фаоллигингиз шаҳаримизни янада яхшилашга ёрдам беради," дейилади ҳокимлик ахборотида.