Шу кунларда Тошкент вилояти маркази Нурафшон шаҳрининг иқтисодий ривожида тарихий янгиланиш жараёнлари кечмоқдаки, бу ислоҳотлар ободлик ва фаровонликнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётир. Нурафшон 2017 йилдан буён Тошкент вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади. Шаҳарнинг бош режаси “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК томонидан 2018 йилда ишлаб чиқилган.
— Тўлиқ ақлли технологияларга асосланадиган ушбу шаҳар уч босқичда барпо этилмоқда. — дейди Нурафшон шаҳри бош архитектори Хайрулла Хўжамқулов. — Давлатимиз раҳбари тавсиясига кўра, биринчи босқичда жами 1792 квартирали тўққиз ва ўн икки қаватли уйлар қурилиши бошлаб юборилган. 360 ўринли боғча, 1200 ўринли мактаб, маданий-маиший объектлар, дам олиш ҳудудлари тезкорлик билан қурилмоқда. Шаҳарнинг марказий Тошкент йўли кўчаси ҳам янгидан барпо этилди. Кўча бўйидаги бир қаватли эски иморатлар ўрнида етти ҳамда саккиз қаватли уйлар, сервис шохобчалари, саломатлик марказлари, гипермаркетлар қурилиши жадаллаштирилмоқда. Ҳар бир бино олдида автомобиль тўхташ жойи бўлиши кўзда тутилган. Тўрт йўлакли магистрал автомобиль йўли билан бирга ички йўл ҳам қуриляпти. Велосипед ва пиёдалар йўлакчаларига жой ажратилган. Ирригация тармоқлари учун янги турдаги ёпиқ лотоклар ўрнатилиб, кўча бўйлари кўкаламзорлаштирилмоқда. Шаҳримизда “smart city” (ақлли шаҳарча) жорий йилда сингапурлик инвесторлар томонидан қурилиши келишиб олинган. Лойиҳалаш жорий йилнинг биринчи чорагида якунланиши билан қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Лўнда қилиб айтганда, гўзал бир шаҳар бунёд бўлмоқда.
Дарҳақиқат, ушбу ҳудудда умумий қиймати 782 миллиард 500 миллион сўмлик 41 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Ўзбекистондаги илк “smart city” қурилиши учун Тошкент йўли кўчасида 213 та объект бузилиб, жой эгаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 24 миллиард сўм товон пули тўлаб берилди. Шаҳарнинг марказий кўчасида 172 та бино ва иншоот барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 78 та объектда қурилиш кетяпти. Ушбу объектларда канализация тизими, ичимлик сув, газ ва электр энергияси тизими бутунлай янгиланмоқда. Канализация ва ичимлик сув тизими учун ҳукуматимиз томонидан 141 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, 4 минг куб сувни тозалайдиган иншоот қурилади.
Нурафшон шаҳрини юртимиздаги илк ақлли шаҳарга айлантиришга оид концепцияга мувофиқ, кентда маъмурий бинолар, замонавий турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, ёшлар ижодиёт марказлари, кутубхоналар, мактаблар, кўп тармоқли шифохоналар бунёд этилмоқда. Савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, истироҳат боғлари, яшил майдонлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун хиёбонлар, йўллар қуриляпти. Умумий майдони 217 гектардан иборат бўлган Тўйтепа шаҳарчаси ўрнида вужудга келган Нурафшон шаҳрининг жами майдони бугунги кунда қарийб 16 баравар кенгайди. “Ақлли шаҳар” (smart city) томон борар эканмиз, йўлда тўхтаб, янги қуриб битказилган турар жойларни ҳам бирров кўздан кечиришни унутмадик.
Етти қаватли уй “Саноатқурилишбанк”нинг Тошкент вилояти минтақавий филиали ходимлари учун қурилган. 72 та хонадондан иборат мазкур турар жой биноси замонавий архитектура ечимлари асосида бунёд этилган. Бинонинг иситиш тизими энг замонавий стандартлардан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган бўлиб, энергияни максимал даражада тежайди. Нурафшоннинг Бобур ва Тошкент йўли кўчалари бўйлаб юрар эканмиз, ҳали бузилмаган эски уйларни янги қурилаётган уйлар билан солиштириш имкони туғилди.
Эҳ-е, тафовут жуда ҳам катта. Бир тасаввур қилиб кўринг-а, томлари эскириб, деворлари нураб кетаётган эски уйлар қаёқда-ю, етти қаватли, улуғвор, сарбаланд билан ажралиб турадиган замонавий бинолар қаёқда. Қурилаётган иншоотлар бекаму кўст битса, Нурафшон юртимизнинг энг нурафшон ва обод шаҳарлардан бири бўлиши, шубҳасиз. Шаҳар бўйлаб юрар эканмиз, мовий ойналари товланиб турган кўркам бино эътиборимизни тортди. Бу бино - Ёшлар маркази. Нурафшоннинг келажаги буюк, истиқболи ёрқин ёшлари учун ҳавас қилса арзийдиган муносиб бир иншоот барпо этилибди.
Истиқболли лойиҳалар
— Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1-3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларга биноан, шаҳардаги ичимлик сув тизимини яхшилаш мақсадида “Наврўз” ва “Эвалак” маҳаллаларида 2 та вертикал насос станцияси қурилди, — дейди шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Шерзод Усмонов. — “Қумариқ”, “Деҳқонобод” ва “Оппоқ” маҳаллаларидаги 2 та насос ҳам таъмирланди. Янгидан 25 километр ичимлик сув қувурлари тортилди. Шаҳар электр таъминоти тизимида 47,5 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал, 60,3 километр тармоқлар жорий, 11 та трансформатор пункти мукаммал, 26 таси жорий таъмирланди. Йўлларга тунги ёритгичлар ўрнатилди. Жорий йилда “Нурафшон”, “Обод турмуш” маҳаллаларида пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, қуёшдан қувват олувчи нур диодли ёритиш ускуналари ўрнатиш режалаштирилган. “Обод маҳалла” дастури доирасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди. Пандемия туфайли жорий йилда ушбу дастур молиялаштирилмаган бўлса-да, “Тошкент вилояти минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК томонидан маҳаллий бюджетнинг 1,3 миллиард сўм маблағи ҳисобидан шаҳарнинг 3,1 километр ички кўчаларини асфальт қилиш белгиланган. Жумладан, 797 миллион сўм маблағ ҳисобига 2,6 километр узунликдаги 5 та ички йўл жорий таъмирланади.
Тошкент йўли кўчаси бўйлаб биноларни жойлаштириш таклиф лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳада йўл ўқидан 54 метр масофада қурилиш чизиғи бўйлаб 172 та объект жойлаштирилган. 2020 йилда 14 та объект фойдаланишга топширилди. Ишлаб чиқариш ҳудудида яна 14 та объектда қурилиш ишлари давом этмоқда.
Шаҳардаги бунёдкорлик жараёнлари, аҳолига яратилаётган қулайликлар, амалга оширилаётган ишлар билан танишар эканмиз, мазкур маскан тобора улуғворлик касб этаётганига, иқтисодиёт тармоқларининг эса жаҳон андозаларига мос тарзда изчиллик билан ривожланаётганига яна бир бор амин бўлдик.
Агар бу истиқболли лойиҳалар тўлиқ қуриб битказилса, Нурафшон ўз номига муносиб нурлар таратувчи, гўзаллик улашувчи обод ва гўзал ҳудуд бўлиши, шубҳасиздир.
Тирбандликнинг олдини олиш мақсадида шаҳарнинг кириш қисмидан “Smart сity” марказига борадиган янги 4 километрли кўча қурилиши жараёнлари билан танишдик. Кўчада 9 та банкнинг бинолари ҳам бунёд этилди. Бир-икки йил мобайнида 96 та ана шундай иншоот қурилади. Ҳозирги кунда етти қаватли 14 та турар жой биноси, Адлия, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари, Ёшлар маркази, “Қишлоққурилишбанк” ва “Ҳамкорбанк” каби кўплаб ташкилотларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Кўчадаги автомобиль қатновига қулайлик яратиш мақсадида асосий йўл кенгайтирилмоқда. Ўз навбатида, бузилишга тушган, эскирган хонадонлар бузилиши муносабати билан аҳолига шаҳарнинг бошқа ҳудудидан жой ажратилган. Бу жараёнлар босқичма босқич амалга оширилмоқда.
Қарор ва ижро
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 8 февраль куни Нурафшон шаҳрида “Оила мактаби” биноси очилди.
— Оила - муқаддас маскан. “Оила мактаби” бинонинг очилиши жуда ҳам қувончли воқеадир, — дейди “Дегантепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хадича Саматова. — Бу маскан келажакда нурафшонликларнинг оила маънавияти ва оила тарбияси соҳасидаги билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Турмуш қуришга шайланаётган йигит-қизларга оилада одоб-ахлоққа доир қоидаларни тўғри ўргатиш, маслаҳат бериш, катталар тажрибасига таяниш, оила аъзоларининг маънавий-руҳий муносабатларида ҳам катта ўрин тутади.
Ҳа, агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада, юртда тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Маҳалла, юрт мустаҳкам бўлса, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради. Оилалари мустаҳкам бўлган, равнақ топган мамлакат қудратли ва фаровон бўлади.
Ҳа, Нурафшон келажак шаҳри. Юқорида таъкидлаганимиздек, бугун бу ерда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қай бир маҳалласи ва гўшасига борманг, қалби эзгуликка лиммо-лим кишиларнинг қувончига гувоҳ бўласиз. Бинобарин, қайси соҳани олманг, фидойи, меҳнатсевар замондошларимиз азму шижоати билан гуллаб-яшнамоқда, равнақ топмоқда.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири