Нуронийлар шукронаси

    QR-kod учун

    Ота, дуо қилинг Ўзбекистонни,

    Бардошни сиз босган издан ўргандик.

    Она, дуо қилинг Ўзбекистонни,

    Ватанни севишни сиздан ўргандик.

    Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”даги қарори юрт нуронийларига кўрсатилаётган эъзозу эҳтиромнинг юксак намунаси бўлди.

    Ўзбекистон нуронийлари – маънавиятимизнинг бақувват илдизлари, меҳр қўрғонлари, Ватанга муҳаббатнинг олтин китоблари.

    Ўзбекистон нуронийлари – Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, бугунги тинчликнинг қадрини ёшларга тушунтираётган уйғоқ дарёлар.

    Ўзбекистон нуронийлари – илм-фанимиз довруғини оламга ёйган устозлар, фан докторлари, академиклар ва камтарин донишмандлар.

    Ўзбекистон нуронийлари – улуғ ёшда ҳам боғу роғларидан, қиру адирларидан, бепоён далаларидан хабардор бўлиб турган улкан тажриба мактаблари, бободеҳқонлар, уста боғбонлар, маҳаллаларимиз оқсоқоллари, ҳожи оталар, ҳожи оналаримиз.

    Улар кўрган кунларни айтиб адо этиб бўладими? Уларнинг дарду ҳасратлари битилган достонларни куйлаган бахшиларнинг дардли овозларини юраклардан суғуриб ташлаб бўладими? Йўқ, асло! Бугун Ўзбекистонда кекса авлод вакиллари учун кўрсатилаётган ғамхўрликларни қайд этиб, уларнинг шукронасини эшитиб, ҳар лаҳза тўлқинланмай иложимиз йўқ.

    Биргина ўтган йили 965 нуроний бепул тиббий кўрикдан ўтказилди, 23 минги дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминланди, 21 нуроний санаторийларда соғломлаштирилди, 118 минг нуронийга бошқа турдаги моддий ёрдам кўрсатилди, 221 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва ёлғиз кексанинг уй-жойи таъмирлаб берилди, 1 миллиондан ортиқ нуроний учун мамлакатимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил қилинди.

    Инсон хотирасида яхши кунлар кўпроқ сақланса-да, барибир армонли ўтмишни ҳам юракдан узиб ташлаб бўлмас экан. Ҳа, ўша кунларни ҳам ёдимиздан чиқармаслигимиз, бугун билан таққослашимиз, шукрона қилишимиз керак.

    У замонлар катта шаҳарлару олис қишлоқларда почта идоралари олдида тўп-тўп бўлиб нафақа пулларини олиш учун навбатда турган нуронийларни кўриб ўксимаган дил бормикин? Яна келадиган пул барчага етмасди. Аслида пул ҳамма кексаларга зарур.

    Кимнингдир дори-дармони тугаган, ўша дориларсиз ҳаёти қил устида. Кимдир устига кийим олиши керак, бусиз ҳам сал совуқни ҳис этадиган нимжон тана япроқдек титраб турибди. Кимдир коммунал тўловлардан қарздор, ой охирлаши билан тўламасанг, ҳисоблагич аппарат нафақа кечикаётганини тушунмайди. Қарз йириклашган сайин оғир юк босиб келаверади. Адо бўлган асаб баттар чатнаб, юракларда оғриқ ортиб, қон босими ошиб кетади, уйқу қочиб, тунлари билан юриб чиққанлар қанча? Яшириб нима қиламиз, кимнингдир уйида озиқ-овқати қолмаган бўларди.

    Кекса одам кўп нарса емайди, аммо ўша камроқ луқма ҳам бозорда пулсиз берилмайди. Таниш дўконлардан қарздорлар ҳам асосан ишламайдиган нуронийлар эди.

    — Гоҳо май ойида олишимиз лозим бўлган нафақа пулини август ойида олар эдик. Биз-ку, фарзандларимиз, набираларимизга суянардик, қисмат тақозоси билан ёлғиз қолганларга жуда оғир бўлган, — дея эслайди Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи 88 ёшли Қиммат момо. — Биз сабр билан қани эди шундай кунлар келсаки, нафақаларимиз ошса, пенсияларимизни ўз вақтида, уйимизга келтириб беришса, деб орзу қилардик. Президентимизга раҳмат, унинг қарори билан пенсияларимиз ҳар йили ошмоқда, пулларимиз ўз вақтидан бир лаҳза ҳам кечикмай, пластик карталаримизга тушмоқда. Нақд пулда олишни хоҳловчиларнинг пенсияси эса 100 фоиз қўлларига тегмоқда. Ногиронлиги туфайли юра олмайдиган нуронийларнинг хонадонларига почта хизматчилари пулларни элтиб бермоқдалар.

    Ишлаш қобилияти бор, катта тажрибага эга устозлар, маҳоратли шогирдлар тайёрлаётган мураббийларнинг пенсиялари тўлиқ берилиб, ишлашга рухсат этилгани нуронийларнинг умрига умр қўшди.

    Нуроний ёшда ушалган орзу

    — Мен пенсия пулимдан ўқишларни яхши ўзлаштираётган 16 неварамга мукофот жамғармаси ташкил қилганман. Уларнинг 10 таси ҳозир ҳар ойда 400 минг сўмлик мукофотга сазовор бўлмоқда, келгуси ўқув йилида аълочи невараларим кўпайишини кутяпман, — дейди Навоий шаҳрида яшовчи онахон Роҳат Ғиёсова.

    Ўзим яшайдиган Манғит шаҳрида “Баркамол авлод” болалар мактабида директор лавозимида ишлайман. Ўқувчиларимга ҳар ойда янги нашр этилган адабиётлардан ўз ҳисобимдан совға қиламан, — дейди Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Хонимжон Ражабова. — Ўн беш йил “Амударё ҳақиқати” газетасида мухбир, бўлим муҳаррири ва бош муҳаррир, ўн саккиз йил Амударё тумани ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишладим. Ўзбекистоннинг барча жойларида шогирдларим борлигидан ҳамиша фахрдаман. Аммо битта орзуим амалга ошмай келар эди. У ҳам бўлса, шогирдларим орасида Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган қиз йўқлиги эди. Минг шукур, шу йил бу бахт насиб этди. Шогирдим 11-синф ўқувчиси Барно Самандарова шу мукофот билан тақдирланди.

    Дарҳақиқат, пенсия пулларидан ва қўшимча даромадларидан ўзлари битирган мактабга стипендиялар ташкил этган нуронийларимизнинг сони йилдан йилга ошаётгани таҳсинга лойиқ.

    Ҳа, Қорақалпоғистонда ҳам саҳроларни бўйсундирган, сабр ва бардошдан дарс бераётган, Устюрт кенгликларини тўзғитган қум бўронларини енгишни, Ватанни таъмасиз севишни, машаққатлар устидан ғалаба қилишни ёшларга ўргатаётган нуронийлар кўп. Нуронийларимиз маслаҳатлари, фаоллиги ҳар жабҳада бизга сув билан ҳаводек зарур.

    Уларнинг ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиб, ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар натижасида профилактик ҳисобда турган 155 мингга яқин ёшнинг соғлом турмиш тарзига қайтишига, 22 мингдан ортиқ оила ажралашининг олди олинишига, 3 мингдан ортиқ нотинч оиланинг яраштирилишига эришилди.

    Ватанпарварлик тушунчаси кишиларни ўз ватани тақдири билан боғлиқ ижтимоий ривожланиши, унинг дахлсизлиги ва мустақиллиги йўлида жон фидо қилган аждодларнинг маънавий меросини асраш, муқаддас ғояларига содиқ қолиш эканини ёшлар кексалардан ўрганмоқда.

    Республикамизда мавжуд маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси ҳисобланади. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида ишлаётган, катта ҳаётий тажрибага эга, замонавий фикрлайдиган фаол нуронийлар бириктирилиши айни муддао бўлди.

    “Нуроний ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида оилалардаги аҳиллик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида муаммоли оилаларнинг ҳар бирига “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари аъзолари бириктирилган.

    Шаҳарнинг катта ойиси

    Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида яшовчи, узоқ йиллар шаҳардаги педагогика коллежи директори лавозимида ишлаган “Меҳнат фахрийси” ва “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари соҳибаси, устоз педагог Клара Ҳакимова ҳозир 82 ёшда. Уни каттақўрғонликлар “Шаҳарнинг катта ойиси” деб атайдилар. Клара она Каттақўрғон шаҳридаги ҳар бир кўчаю гузарда яшаётган аҳолини аждоди кимлигинию авлдоди кимлигини жуда яхши билади. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида каттақўрғонча услубни яратган Клара Ҳакимованинг уйидаги иш столида бугун ўқув дарсликлари ўрнини маҳалласидаги уюшмаган, муаммоли ёшлар билан ишлаш дафтари туради. Ҳозир “катта ойи”нинг Зомин маҳалласида уюшмаган ва муаммоли ёшлар йўқ. Бунга у қандай эришди? Маҳалланинг ҳар бир хонадонидаги ютуқлар ва муаммолар, ёшларнинг нечтаси қаерда ўқиётганию қанчаси бу йил ОТМга киришга тайёргарлик кўраётганини яхши билади. Уюшмаган ёшларни шаҳардаги ҳунармандларга бириктирди.

    Бугунги кунда унинг тавсияси билан ишга жойлашган ёшларнинг биттаси хусусий сартарошхонасига, биттаси чилангарлик устахонасига эга. Олтита ёш институтда сиртқида ўқийди. Бир нафари сотувчига ёрдамчи, икки нафари шаҳардаги МТМда тарбиячига ёрдамчи, бир нафари қандолат цехида, икки нафари ресторанда фаолият юритмоқда. Уларнинг олтитаси ўқув контракт пулини ўзи тўлайди.

    “Зомин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси, хотин-қизлар фаоли Клара бувининг шогирди, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва профилактика нозири шогирдларининг фарзандларидир. Хуллас, ҳеч бири бувига бегона эмас.

    Яқинда шаҳардаги истироҳат боғида ўтган “Уч авлод учрашувида” каттақўрғонлик нуронийларнинг даврасида “Шаҳарнинг катта ойиси” – Клара Ҳакимованинг хизматлари алоҳида эътироф этилиб, шаҳар ҳокимининг “Ташаккурномаси” ва қимматбаҳо совғасига лойиқ кўрилди.

    Тарихий учрашув

    Каттақўрғон шаҳрининг Чинобод маҳалласида яшовчи нуроний Абдулла бобо Барноевни ҳамма танийди. У 2000 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё ва Узун туманларида давлат чегараларимизга таҳдид қилган халқаро террорчиларга қарши жанговар ҳаракатларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган сержант Улуғбек Барноевнинг отаси. Каттақўрғондаги Самарқанд шоҳкўчаси ҳозир Улуғбек Барноев номи билан аталади. Ҳар гал қаергадир борса, қайтиб келаётиб бобо йўл бошида, ўғлининг йирик сурати ёнида тўхтаб, у билан хаёлан саломлашади: “Салом, ўғлим, мен сени соғиндим. Чин дунёда яхши юрибсанми? Шаҳид кетган барча ўртоқларингга мендан салом айт. Биз ҳаққингизга дуолар қиламиз. Сизларга дуоларимиз етиб боряптими?” дейди.

    Кўчанинг сўлим ҳовлиларидан бирида Барноевлар оиласи яшайди. Абдулло бобо ҳовлида ўғлининг уй-музейни ташкил қилган. Музейдан ёшларнинг қадами узилмайди. Абдулло бобога ўғлининг вафотидан сўнг унинг кийимларини олиб келиб беришганида чўнтагидан битта хат чиқади. Хатда Улуғбекнинг чиройли ҳуснихати билан:

    “Орқага қайтиш йўқ, чекиниш йўқ! Орқада Ўзбекистон – Она Ватан бор”, деб ёзиб қўйилган эди.

    Ҳа, юртнинг мард ўғлонларининг мард ота-оналари бор. Мардлик ўзбекка отамерос, бобомеросдир. Абдулла бободек нуронийларнинг ёнидан ёшу қари танимий ўтиб кетишимиз мумкин эмас. Шодиёна кунларда уларни бир чеккада унут қолдиришимиз мумкин эмас.

    Президентимиз жорий йил Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида 2000 йилда Сариосиё ва Узун туманларида давлат чегараларида ватан ҳимояси учун кечган жанговар ҳаракатларда мардларча ҳалок бўлган йигитларимизнинг ота-оналари билан учрашди. Улар орасида Абдулла бобо Барноев ҳам бор эди.

    Бу тарихий учрашув ва суҳбат мард ўғлонлар хотирасига чексиз ҳурмат ва уларнинг ота-оналарига эҳтиром рамзи бўлиб қалбларга муҳрланиб қолади.

    Отамжоним уста Сулаймон бобо

    — Отамжонимни “уста Сулаймон бобо”, дер эдилар. У ҳаж ва умра зиёратига бориш армони билан ўтиб кетди. Отамнинг отаси мулла Ёдгор бобом ҳам бир умр Маккаю Мадинадек улуғ қадамжолар армонида ўтган. Момоларимиз-ку бундай муқаддас орзуларини овозини чиқариб айтишга қўрққан. Мана, бугун биз оилавий бўлиб ҳаж ва умра зиёратларида бўлдик, — дея севинч ёшларини яширмайди Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи онахон Санобар Сулаймонова. — Ҳозир Имом Бухорий зиёратгоҳига ҳар йили дунёнинг турли минтақаларидан минглаб зиёратчилар келади. Нуронийларимизнинг шукроналарига шукроналар қўшилди. Бу йил пайариқлик қори Юнус Шоҳмуродий Саудия Арабистонида ўтказилган Қуръон тиловати мусобақасида 1-ўринни эгаллаб, бош соврин соҳиби бўлди. Бу мусобақада 50 000 дан зиёд қори қатнашиб, 16 нафар юртдошимиз ярим финалга чиққани фахру ифтихор. Бу ҳам диний билимларни эгаллашда Ўзбекистонимизда фаолият юритаётган Халқаро ислом академиясининг фан докторлари, ҳадисшунослар, устоз мураббийлар, мударрислар дунёда олдинги ўринларда туришининг яна бир исботи.

    Ёнимиздаги афсоналар

    Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўтган “Уч авлод учрашуви”га таклиф этилган Ўзбекистон Қаҳрамонлари — таниқли олим, физика-математика фанлари доктори, академик Шавкат Аюпов ва Ўзбекистон фахрийларни ижтимойи қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси раиси, университетнинг собиқ талабаси Содиқжон Турдиев билан бўлган учрашувни университет ёшлари “Ёнимиздаги афсоналар ташрифи”, деб аташди.

    Иқтисодимизнинг бўлажак эгалари берган саволларидан кўриниб турибдики, энг аввало, улар шундай олижаноб инсонларга замондош бўлганидан ифтихорда. Яна муҳим жиҳатлар — ёшликни беҳуда ўтказмаслик, ўзликни ва дунёни англаш, мағлубиятларга таслим бўлмаслик, ҳалол меҳнат, изланиш, ўрганиш, илм-фанда фидойилик ва ғалаба.

    Ўзбекистон Қаҳрамонлари билан икки соатдан кўпроқ давом этган “Уч авлод учрашуви”ни мен “Ватанни севишни ўрганиш дарси” деб атаган бўлар эдим. Ҳа, айнан шундай – Ватанни севишни ўрганиш сабоқлари. Зеро, улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов айтганидек, “Инсон яхшилик қилишни ердан топиб олмайди. Яхшилик қилиш яхшилардан ўрганилади”.

    ***

    Яқинда Оҳангарон шаҳрида “Оила – меҳр ва бахт қўрғони” мавзусида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирга 50 йилдан ошиқ бирга яшаган нуроний онахон ва отахонлардан иборат ибратли оилалар таклиф этилди. Ўша куни шаҳар истироҳат боғида жойлашган амфитеатр янада ёғдуларга тўлиб кетди. Улар умр бўйи турли соҳаларда меҳнат қилган фахрийлар, ишлаб чиқариш илғорлари, кекса мураббийлар, таълим ва тиббиётимиз фидойилари экани саҳнадаги катта экранда кўриниб турди. Тадбир иштирокчилари 50 йиллик ҳаёт йўллари ҳақида гапириб берганларида амфитеатрга тўпланган ёшлар қалбида ҳавас ва ҳайрат учқунларини кўрдик.

    “Улар ҳар қандай синовларда тақдир кўргуликларига таслим бўлмаган. Энг оғир мусибатларни бир-бирига садоқат билан енгган меҳрли инсонлар. Улар ҳалол меҳнат билан болаларини ризқлантирган оталар, ибо-ҳаё билан қизларни тарбиялаган оналардир. Ҳеч бирини ҳаёт ташвишлари четлаб ўтмаган. Машаққатли меҳнати билан оиласини камбағаллик ботқоғидан олиб чиққан, камтаринлик билан эларо обрў топган оддий ва содда одамлар. Ҳар бирининг тилларида шукрона дуолари”, дейди биз билан суҳбатда “Нуроний” жамғармаси Оҳангарон шаҳри бўлими раиси, ҳоким маслаҳатчиси Шавкат Комилов.

    Мамлакатимизнинг шаҳар ва туманларида уюшқоқлик билан ўтаётган турли тадбирларда нуронийларимизнинг дуоларини эшитамиз. Уларнинг ажин босган қўлларига бугун анвойи гуллар ярашган. Озғин бармоқлари кўзларга тўтиё. Уларнинг пойига дунё гуллари поёндоз бўлса арзийди.

    Сўлғин лабларидан таралган шукроналар кумуш қўнғироқлардек виждонимизни уйғотиб юборади. Биз уйғоқмиз. Дунё эса ҳамиша уйғонганники бўлган ва шундай бўлиб қолади.

    Зулфия МЎМИНОВА,

    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates