“Чимён” халқаро умуммавсумий курорти қурилишини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 8 август 2023 5201

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Республиканинг туризм салоҳиятини янада ошириш, инновацион туризм инфратузилмаларини яратиш ва уларга инвестицияларнинг жалб қилинишини ташкил этиш, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Чимён” халқаро умуммавсумий курортини қуриш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

    1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида 2021 йил 10 майда “Чимён” халқаро умуммавсумий курортини қуриш лойиҳаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа)ни амалга ошириш учун Молиявий протокол ҳамда ушбу протокол бўйича 2022 йил 22 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида 47,9 миллион евро миқдоридаги қарз маблағларини жалб қилиш юзасидан Амалга оширув келишуви имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида тузилган Амалга оширув келишувига белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.

    2. Лойиҳа доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ томонидан 20 миллион АҚШ доллари миқдорида тақдим этиладиган кредитнинг гаров таъминоти сифатида “Белдирсой-Чимён-Нанай” халқаро умуммавсумий курортини қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича лойиҳа офиси” давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа офиси) томонидан сотиб олинадиган ускуналар белгилансин.

    3. Лойиҳа ҳудуди чегарасигача ташқи муҳандислик тармоқлари ва инфратузилма объектларини барпо этиш ишларини бажаришда:

    “Ўзсувтаъминот” АЖнинг “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” УК – сув таъминоти ва оқова сув тармоқларини қуриш;

    “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ – электр энергияси билан таъминлаш;

    Автомобиль йўллари қўмитаси – Лойиҳа ҳудудидаги давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлини қуриш (йўл бўйида ташқи ёритиш воситаларини ўрнатиш ҳамда ободонлаштиришни инобатга олган ҳолда), Лойиҳа доирасида 2 515 м баландликдаги ўрта-станциясигача вақтинчалик йўл ўтказиш;

    “Ўзбектелеком” АК – телекоммуникация тармоқларини тортиш ва ўрнатиш ишларини бажариш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.

    Буюртмачи этиб белгиланган ташкилотлар икки ой муддатда лойиҳа ташкилотларини ўрнатилган тартибда ўтказиладиган танлов (тендер) савдолари орқали аниқлаб, улар томонидан лойиҳалаштириш ишларининг бошланишини таъминласин.

    4. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзсувтаъминот” АЖ, “Ўзбектелеком” АК Лойиҳа ҳудуди чегарасигача ташқи муҳандислик тармоқлари ва инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича амалга ошириладиган қурилиш-муҳандислик ишларининг 2024 йил Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилишини, шунингдек, мазкур дастур доирасида ҳудудларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин.

    5. Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича тўлиқ ёки қисман халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан олинадиган товарларга божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    Ҳосил бўладиган қўшилган қиймат солиғи суммаси тезлаштирилган тартибда қоплансин (қайтариб берилсин).

    6. Лойиҳани амалга ошириш доирасида Лойиҳа офиси билан тузилган шартномалар доирасида транспорт ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига кириш йиғимларидан ва Ўзбекистон Республикасининг умумфойдаланиладиган автомобиль йўлларида оғир юкли ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун тўловлардан озод этилсин.

    7. Лойиҳани амалга ошириш доирасида Лойиҳа офиси, бош пудратчи ва лойиҳа ташкилотларига Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарлар, жиҳозлар ва ускуналарни “божхона омбори” божхона режимига расмийлаштирган ҳолда пудратчи ташкилотларнинг омборларига жойлаштиришга рухсат берилсин.

    8. Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2024 йил 31 декабрга қадар:

    Лойиҳа офисига, истисно тариқасида, муҳандислик-коммуникация ва инфратузилма объектларидан ташқари қисми учун қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда (параллель лойиҳалаштирган ҳолда) бажаришга рухсат берилсин;

    жалб қилинган пудратчи ташкилот, шунингдек, Франция компанияларининг Консорциуми аъзоси бўлган “Patriarche”
    компанияси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лойиҳалаштириш фаолиятини амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг ваколатли органлари, ташкилотлари, жамиятлари ва бирлашмалари томонидан берилган рухсат берувчи ҳужжатлар (лицензиялар)га асосан амалга ошириши инобатга олинсин.

    9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–102-сон қарорига 2-иловадан 592 ва 606-позициялар чиқариб ташлансин.

    10. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш
    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.Мирзиёев

    Тошкент шаҳри,

    2023 йил 8 август

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates