Президент томонидан 2024 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-953-сон Қонун имзоланди.
Қонун илғор хорижий тажриба ва халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга қаратилган.
Хусусан, фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини берганлик учун жавобгарликни белгилаш орқали фуқароларнинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатлари кучайтирилмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга сайлов комиссиясининг ёки референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоси томонидан фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини берганлиги – БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Шунингдек, Қонун билан сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиш учун Давлат бюджети ҳисобидан уларга ажратилган маблағлар бўйича молиявий ҳисоботларни тақдим этиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Хусусан, сиёсий партияларга сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари бўйича Марказий сайлов комиссиясига оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик – мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.