Онкология ва гематология соҳасидаги муаммоларга муносиб ечим

    Соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасида ислоҳ қилиш кун тартибидаги муҳим масалалардан. Ўн йиллар мобайнида тиббиёт соҳасида йиғилиб қолган қатор муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар амалиётга жорий этилмоқда.

    Тан олиш керак, онкология ва гематология соҳаси ўз ҳолига ташлаб қўйилган эди. Натижада илғор тажрибалар амалиётга жорий этилмади. Зарур дори-дармон ва жиҳозлар тақчиллиги юзага келди ва беморларнинг соғайиб кетиш кўрсаткичи пасайиб кетди. Бу ҳолат юзасидан давлатимиз раҳбари бир неча бор танқидий муносабат билдирди. Соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилса-да, бироқ вазиятни янада яхшилаш учун комплекс, илмий ёндашувга эҳтиёж бор эди

    Президентимиз Рамазон ҳайити кунларида Республика ихтисослаштирилган гематология ва онкология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан танишди. Оғир касалликдан азият чекаётган болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди, у ердаги шарт-шароит билан танишди. Масъулларга бу борада қилиниши лозим бўлган вазифалар бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Қарорда айни шу масалалар ўз ифодасини топган.

    Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни самарали даволаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.

    Қарорнинг муҳим ва тарихий қисми болалар гематоонкологияси ва онкологиясига бағишланган. Дунё бўйича болаларда йилига 200 мингдан ортиқ гематологик ва онкологик ташхис қўйилади. Ривожланган мамлакатларда эса бу хасталикдан ўлиш кўрсаткичи 20 фоизни ташкил этади. Ўзбекистон бу борада 30 йил орқада қолган эди.

    Президент қарорида республикамизда айнан болалар гематологияси ва онкологияси соҳасини тубдан ўзгартириш тўғрисидаги муҳим топшириқлар таъкидлаб ўтилган. 2022 йил 1 январдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, мустақил марказ сифатида фаолият юритиши соҳанинг жаҳон стандартларига мос бўлишидаги муҳим қадамдир.

    Ҳужжатда икки ой муддатда болалар гематологияси, онкология ва клиник иммунология соҳасини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш топшириғи ҳам берилган. Ушбу концепцияда болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологиясини алоҳида соҳа сифатида ривожлантириш, болаларни даволашда мультидициплинар ёндашувни, кимётерапия учун зарур бўлган энг замонавий дори-дармонлар таъминотини ҳамда иммунногенетик ва цитогенетик текширувларни йўлга қўйиш, бемор болаларнинг стационар даволаниши жараёнида ота-оналар учун шароит яратиш каби кўплаб жараёнларни таъминлаш назарда тутилган.

    Юқоридагиларни амалга ошириш орқали болалар ўртасида гемато-онкологик касалликлар бўйича шифо топиш имконияти 80, баъзи касаллик турлари бўйича эса 100 фоизга етишига эришилади.

    Қарорда ҳар бир туман(шаҳар)даги кўп тармоқли марказий поликлиникалар таркибидаги “Аёллар маслаҳатхонаси бўлими” негизида “онко-назорат” кабинетларини ташкил этиш, уларни тўлиқ жиҳозлаш ва кадрлар билан таъминлаш топшириғи берилган. Бу тузилма аёлларда дунё бўйича энг юқори ўлим кўрсаткичига сабаб бўлаётган онкологик касалликларни о ммавий скрининг орқали эрта аниқлаш йўли билан даволаш самарасини бир неча маротаба оширишга хизмат қилади.

    Шунингдек, ҳар битта вилоятга мобиль маммографик ускуна харид қилиниши белгиланган. Бу эса кўкрак сути бези саратони касаллигини илк давридаёқ аниқлаш ва беморнинг тузалишини 90 фоиз таъминлаш имконини беради.

    Мутахассисларнинг фикрича, гематология ва онкология соҳасида ташхис, лаборатория, даволаш ва интенсив муолажа бўлимлари яхлит бир мажмуада бўлиши керак. Бироқ амалдаги тиббиёт марказлари бу талабларга жавоб бермайди. Бино ва жиҳозлар эскирган ва бир қатор муаммоларга сабаб бўлиб келаётган эди. Қарорда тегишли ташкилотларга 2021 йил 1 сентябрга қадар янги биноларни замонавий талаблар асосида, хусусан, катталар ва болалар учун алоҳида жарроҳлик, жонлантириш, интенсив терапия, трансфузиология ва трансплантология бўлимлари, шунингдек, радио диагностика ва радио даволаш бўлимлари, бактериологик лаборатория, махсус овқат тайёрлаш бўлинмасини, болаларга таълим олиш имкониятини яратишни назарда тутган ҳолда, қурилиш ва тиббий техникалар билан жиҳозланиши юзасидан аниқ вазифалар юклатилган.

    Суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш амалиётини биринчи босқичда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида ўтказиш учун шароит яратилади.

    Қарорга кўра, мамлакатимизда ўзак ҳужайралари трансплантациясини йўлга қўйиш режалаштирилган. Жаҳон стандартлари бўйича алоҳида махсус жиҳозлар билан жиҳозланган транс плантация бўлимлари ташкил қилинади. Бундан ташқари, янги йўналишлардан бири юқори технологик ҳужайра, ген ва молекула даражасида ташхис қўювчи махсус юқори технологик лабораториялар ташкил қилиниши ҳамда трансплантация учун ғоят муҳим ҳисобланган трансфизуология хизматини янада ривожлантириш, қон ва ўзак ҳужайралари банки яратиш масалалари кўзда тутилгани эътиборга молик.

    Элмира БОСИТХОНОВА,

    соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари,

    Олий Мажлис Сенати аъзоси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates