Онлайн тўлов — қулайликлари кўп, бироқ...

    Бугун миллионлаб одамлар онлайн тўлов тизимларидан фаол фойдаланмоқда. Бунга, аввало, онлайн тўловлар жорий этилиши кенг йўл очиб берди. Ҳозир деярли ҳар бир оилада пластик карта бор. Улар орқали нафақат савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган терминаллар, балки фойдаланувчининг шахсий смартфони ёки компьютерлар ёрдамида турли онлайн тўловлар, пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти мавжуд.

    Хавфсизлик масаласи

    Мутахассислар юртимизда фаолият юритаётган онлайн тўлов усулларини мутлақо хавфсиз деб эътироф этади. Чунки фойдаланувчи ҳақида киритилган барча ахборот шифрланган кўринишда сақланади ва алоқа каналлари орқали юборилади.

    Аммо хавфсизлик фақатгина техник жиҳатларга боғлиқ эмас. Бунда инсон омили ҳам муҳим ўрин тутади. Онлайн карталар ва электрон тўлов тизимлари ривожи билан ушбу йўналишдаги фирибгарлик ва ўғирлик ҳолати ҳам авж оляпти. Жаҳон тажрибасида бу жиддий муаммога айланиб улгурган.

    Банкоматдан муайян миқдорда пул ечганда картадаги ҳамма сумма йўқолиб қолиши, нотаниш онлайн дўкондан арзон маҳсулот сотиб олиб, катта пул йўқотиш, ўзини банк ходими деб таништириб, пластик карта маълумотларини билиб олиш ёки картангиз қулфланиб қолгани ҳақида СМС юбориб, уни очиш учун карта маълумотларини ўғирлаш каби бир қанча усуллардан фойдаланаётган фирибгарлар ҳар йили миллиардлаб пул ўзлаштиряпти. Вақт ўтиши билан фирибгарликнинг янги усуллари пайдо бўляпти.

    Банклар ва онлайн тўлов тизимида хавфсизлик кучайтирилишига қарамай, фойдаланувчиларнинг эҳтиётсизлиги туфайли фирибгарлар ўз мақсадига осонгина эришяпти.

    Мамлакатимизда онлайн пластик карталар ёки электрон ҳамёнлардан қандай ва қанча миқдорда ўғирликлар содир бўлаётгани ҳақида аниқ статистик маълумотлар мавжуд эмас, бироқ ижтимоий тармоқларда шу тўғридаги хабарларга кўзимиз тушиб туради.

    Турли банкларнинг пластик карталаридан ўзаро пул ўтказмалари йўлга қўйилиши интернет орқали пул ишлаш имконини кескин оширди. Бу бир жиҳатдан кўплаб инсонлар учун қўшимча даромад йўлини очди. Мисол учун, сиз — дастурчисиз. Уйда ўтирган ҳолда хорижий компаниялар буюртмалари бўйича дастурий кодлар ёзасиз ва даромад топасиз. Меҳнатингиз учун тўланган WMZ (АҚШ долларининг Webmoney Transfer тизимидаги электрон титул бирлиги)ни истасангиз, хорижий электрон дўконлардан маҳсулот харид қилишга ишлатасиз, истасангиз, сотиб, сўмга айлантириб оласиз. Бунинг учун интернет тизимида, ижтимоий тармоқларда исталганча эълонларга дуч келасиз. Аксар фирибгарликлар айнан шу палладан бошланади.

    Электрон пул алмашишга мўлжалланган сайтларда 1 WMZнинг сотилиши ва сотиб олиниши ўртасидаги фарқ каттагина: 8 минг сўмдан сотиб олиш, 9 минг сўмгача сотиш ҳақида эълонлар жойлаштирилган. Яъни ўртадаги одам 1 WMZдан 1000 сўмгача ишлаб олади. Бу худди валюта олди-сотдисининг “қора бозори”га ўхшайди. Фақат онлайн кўринишдагиси.

    Ушбу айирбошлашларда аксар ҳолларда WMZ сотиб олиш ва сотишни таклиф қилаётганлар билан шахсан учрашилмайди, жараён онлайн амалга ошади. Айирбошлашда онлайн тўлов тизимидан фойдаланилади. Бу айланмаларда аниқ назорат йўқлиги сабаб фирибгарликдан ҳеч ким сизни суғурталамаган. WMZ харид қилишдаёқ фирибгар қармоғига илиниб қолишингиз мумкин. Уёғига турли шакллардаги алдовларга дуч келаверасиз.

    Интернетдан мўмай даромад?

    Бугунги кунга келиб, аксарият замондошларимиз, айниқса, ёшлар интернетдан эркин фойдаланади. Бунинг хавфли томони, ёшларнинг муайян қисми онлайн ўйинларга қизиқади, бу эса пулли. Дейлик, бир соатлик ўйин — 2 WMZ. Электрон пул сотувчилар ёшларнинг шу нозик жойидан ушлаб, уларга WMZ сотиб олиш ва онлайн ўйинни таклиф қилади. Аммо болада бунча пул нима қилсин? У қармоққа илингач, фирибгарлар унга ота-онасининг пластик картасидан қандай қилиб тўловни амалга оширишигача онлайн ўргатади. Телефонга тўлов ҳақида келган СМСни ўчириш кераклигини ҳам унутишмайди. Чунки “ишнинг миси” чиқиб қолмасин, дейди-да. Интернетдан осон пул топиш — дарҳол қизиқтириб қўядиган алдамчи таклиф. Аниқроғи — ишонувчан одамларни фирибгарлар қармоғига илинтирадиган хўрак. Ёшлар ўртасида жуда оммалашган ижтимоий тармоқларда пул топишни таклиф этаётган “уддабурон”лар қисқа вақт ичида ўз пулларини бир неча баробар кўпайтирганини “реклама” қилади. Шу ўринда барчамиз ўзимизга савол беришимиз керак: шунча зўр пул топаётган экан, нега жимгина шу ишини давом эттиравермайди? Нега бошқаларга бу усулни шунчаки ўргатмоқчи, бундан унга нима манфаат?

    Демак, бу ерда фақатгина унинг манфаати бор. Унга ишониб, у айтган электрон манзилга пул ўтказиб берганлар бир муддатдан кейин пулига қўшиб фирибгарни ҳам топа олмайди.

    Осон пул топишга қаратилган бу каби таклифлар шунчалик хилма-хилки, бунда нафақат фирибгарликдан азият чекиш ва моддий зарар кўриш, балки ёшларнинг турли онлайн ўйинлар, яъни қиморга ружу қўйиши каби аянчли ҳолатлар юзага келади. Шунинг учун ҳам тармоқдаги ҳар қандай таклифларга ишонувчан бўлмаслик, айниқса, ёшларнинг қандай онлайн тизимлардан фойдаланаётгани, мессенжер ёки ижтимоий тармоқларда кимлар билан мулоқотдалигини назорат қилиб туриш керак. Онлайн дўконлардан харид қилиш, пластик карталарни турли тизимлардан рўйхатдан ўтказиш, умуман, электрон тўловлар билан боғлиқ барча ҳолатларда эҳтиёткор бўлиш зарур.

    Мабодо картангиздан пул ечиб олинганини сезсангиз, биринчи навбатда, картани блоклаш чорасини кўринг. Сўнг эса тегишли банкка мурожаат қилиш лозим.

    Кафиллик масъулияти

    Онлайн тўловларда юзага келаётган яна бир муаммо банк томонидан ажратилган кредит кафил ҳисоб рақамидан ечиб олинишида кўзга ташланяпти.

    Охирги йилларда кредит бозорининг эркинлашуви жисмоний шахслар учун ҳам ўз фаолиятини молиялаштиришнинг кенг имкониятларини яратди. Одамлар автомобиль, уй-жой ёки шунчаки истеъмол учун кредит олишга киришди. Бу, албатта, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшиламоқда, эҳтиёжини қондиришга хизмат қилмоқда. Шунга мувофиқ, жисмоний шахсларнинг қарз юки ҳам ошиб бормоқда.

    Шунингдек, бу кредитга оид фуқаролик низолари кўпайишига олиб келмоқда ва суд амалиётида ҳам ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда кредит ундириш билан боғлиқ низолар энг кўп кўрилган фуқаролик иш турига айланиб улгурган.

    Шу ўринда савол туғилади: банк кафилдан қарзни қачон ва қандай ундира олади?

    Кўпчилик ўйлайдики, банк аввал қарздордан кредит қарздорлигини талаб қилади, у тўлай олмасагина кафилдан сўрайди. Лекин доим ҳам ундай эмас. Кафилликда кафилнинг жавобгарлиги субсидиар ёки солидар тарзда белгиланиши мумкин (шартномада белгиланади). Яъни субсидиар жавобгарлик белгиланганда банк аввал қарздордан қарзни ундириш чораларини кўриши, имкони бўлмагандагина кафилдан қарзни тўлашни талаб қилиши мумкин. Солидар жавобгарлик белгиланган тақдирда (бу энг кўп қўлланиладиган ҳолат) банк бирданига қарздор ва кафилдан қарзни тўлашни талаб қилади (суд тартибида). Кўриниб турганидек, банклар ўзи учун қулай шаклни танлайди, деярли доим кафилга солидар жавобгарлик юкловчи шартларни белгилайди. Яъни қарздор вақтида қарзини тўламаса, банк кафилдан ҳам қарзни тўлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам кафил кредит қарзи бўйича тўлиқ жавобгар бўлади.

    Кўпчилик ҳолатларда банклар қулайроқ ундириш механизмини қўллайди, яъни кафилнинг банк картаси (ҳисоб рақами)дан кредит қарзини дарҳол ундириб олишга келишиб олади. Бунда кредит тўлови вақтида қарздор қарзини тўламаган бўлса, тўғридан-тўғри кафилнинг ҳисоб рақамидан қарз ечиб олинади.

    Кафил шахс кредит маблағи ажратган кредит ташкилоти олдида қарз олувчи билан баравар улушда жавоб беради, жумладан, кафил кредит ташкилотига қарздорнинг ўз вақтида тўланмаган кредитининг асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизни тўлашдан ташқари, ушбу кредитни ундириб олиш билан боғлиқ суд харажатларини ва қарздор ўз мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармагани туфайли кредит ташкилотига етказилган бошқа зарарларни ҳам тўлайди. Шунинг учун кафил бўлишга рози бўлишдан олдин у нимани ўз ичига олиши ва эҳтимолий хатарлар ҳақида яхшилаб ўйлаб кўриш керак.

    Зумрад ҒОЙИБНАЗАРОВА,

    иқтисодиёт фанлари доктори, профессор