Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов айни масала хусусидаги муаммолар, уларга ечим топиш юзасидан ўзининг жўяли таклифларини қуйидаги мақолада очиқ-ойдин баён қилди.
Давлат ва жамият ривожида ўқитувчиларнинг ўрни беқиёс. Таълим тизимини ислоҳ этиш стратегиясида малакали кадрлар тайёрлашга бевосита масъул бўлган профессор-ўқитувчиларнинг обрў-эътиборини кўтариш, уларнинг моддий-маиший ҳаётдаги муаммоларини бартараф этиш марказий ўринлардан бирини эгаллайди. Бу йўналишда салмоқли хайрли ишлар амалга оширилди.
Бундан беш йил муқаддам олий таълимда ишлаётган ўқитувчининг ойлик маоши бир миллион сўм атрофида бўлса, ҳозир беш миллион сўмдан ошади. Доцентларнинг маоши 7 миллион, фан доктори, профессорларнинг ойлик маоши 9 миллионни ташкил этмоқда. Уларга илмий салоҳиятига қараб давлат бюджети ҳисобидан 30-60 фоиз қўшимча ҳақ тўланаётгани, хорижий тилни билиши, жамоат ишларини бажариши учун тўланаётган устамалар ва илмий лойиҳалардан олаётган хизмат ҳақи қўшиб ҳисобланганда, доцентлар 12 миллиондан ошириб, профессорлар 20 миллиондан кўп маош олаётганлари сир эмас. Бугун профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши қўшни Марказий Осиё давлатлари ва Россия олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчиларга берилаётган ойликдан кўп бўлса кўпки, кам эмас. Профессор-ўқитувчиларимизнинг кундалик ҳаётидаги қатор муаммолар бартараф этилди.
Уй-жой, машина, кредитлар, фарзандларининг контрактлари тўлови масаласида солиқ имтиёзлари кабилар профессор-ўқитувчиларимизнинг турмуш юкидан халос бўлиб, тамомила вақтини ўз устида ишлаш, талабаларнинг етук мутахассис бўлиб етишишида бор имкониятини ишга солиши учун яратилган эди. Мақсад олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижросига олий таълим муассасасида фаолият кўрсатаётган педагоглар жамоасини тўлиқ сафарбар этилишига умид боғланганди.
Видеоселекторда Президентимиз томонидан ўтган йилларда қўлга киритилган ютуқлар билан бирга камчиликлар атрофлича таҳлил этилди. Тўғри, олий таълим муассасалари сони 67 тадан 127 тага етказилди, 26 та хорижий университетнинг филиали ташкил этилди. Қабул квоталари йилдан йилга ошириб борилмоқда. Давлат олий таълим муассасаларининг жаҳон таълим тизимига интеграциясини тезлаштириш мақсадида халқаро стандартларни жорий қилиш ишлари жадаллаштирилди. Миллий таълим рейтинги яратилиб, ОТМлар ўртасида рақобат шакллантирилди. Илгари Вазирлар Маҳкамасида бўлган ваколатлар Олий таълим вазирлигига ўтказилди.
Бироқ бу ижобий янгиликларнинг самарасини таълим сифати, айниқса, олий таълим муассасалари ичидаги сифат ўзгаришларига таъсири ҳақида ижобий фикр билдириш қийин. Республикада мавжуд 815 та таълим йўналишининг 50 фоизида дарсликлар талабга жавоб бермайди. Республика олий таълими тизимида ўттиз мингдан ортиқ профессор-ўқитувчи фаолият юритаётган бўлса, бор-йўғи етти фоизи ўз мақолалари билан халқаро миқёсга чиққан. Ўқитиш тизими бозор талабларига жавоб бермайди, соҳа тармоқларида мутахассислар етишмайди. Мутахассислар тақчиллиги шароитида уларнинг билим ва малакасини иш берувчилар талабларига мос равишда ошириш ишлари ҳам ночор аҳволда экани кишини ташвишга солади. Бу муаммолар профессор-ўқитувчилар орасида хорижий тилларни билиш даражаси ва илмий салоҳиятнинг пастлиги, олий таълим муассасаси ичида рақобатнинг йўқлиги, ректор ва университет кенгашининг ўқув-илмий ҳамда ташкилий-бошқарув масалаларида мустақил қарор қила олмаслиги билан изоҳланади.
Давлатимиз томонидан олий таълим муассасалари бошқарув кенгашининг ролини ошириш орқали ўқув юкламалари ҳажмини ҳисоблашнинг вақт меъёрларини, таълим йўналишлари, ўқув режалар, фан дастурларини тасдиқлаш, таълим шаклларини белгилаш бўйича ректорларга мустақиллик берилди. Бундан қандай мақсад кўзланмоқда? Аввало, олий таълим муассасасида ички рақобатни шакллантириш; профессор-ўқитувчиларнинг онги ва тафаккурини ўтган 25 йилда чуқур илдиз отган лоқайдлик, масъулиятсизлик, боқимандачилик кайфиятидан тозалаш ва уларнинг давлат ва жамият олдидаги юксак бурчларини англашларига эришиш; университет жамоасини ислоҳотларнинг фидоий ижрочисига айлантириш; ректорнинг қўл-оёғини қарамлик кишанларидан халос қилиш ва таълим сифатини ошириш бўйича изланишга ундаш; таълимни ишлаб чиқаришга боғлаш орқали замонавий талабларга мос етук кадрларни тайёрлашнинг ечимлари устида ишлаш учун шароит яратишдир. Ушбу мақсад ва вазифаларнинг ижроси асос-эътибори билан педагог-ўқитувчиларнинг фидойилик ва ташаббускорлик, ватанпарварлик ва масъулиятлилик, креативлик ва билимдонлик фазилатларини талаб даражасига кўтариш, янги ишга қабул қилинаётган мутахассисларнинг ана шу мезонлар асосида тўғри танланишига боғлиқ. Савияси баланд мутахассис сифатли маҳсулот ишлаб чиқаради. Яхши уруғ ношуд деҳқон қўлига тушса, унинг унишидан умид қилмаса ҳам бўлади. Талаба учун қанча шароит яратилмасин, унга етарли билим берилмаса, ўқитувчининг билими талабани қониқтирмаса, унинг фанга бўлган қизиқиши сусаяди, иқтидор алангаси сўнади. Шундай экан, олий таълим ислоҳотларининг бугунги босқичида эътиборимиз марказида туриши лозим бўлган энг муҳим йўналиш — таълим сифатини яхшилашнинг шартларидан бири бўлган педагог кадрларни танлаш тизимини тўғри йўлга қўйишдир.
Шу ўринда олий ўқув юртларида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг салоҳиятини ошириш, педагогларнинг янги авлодини тезроқ тайёрлаш ва уларни ишга қабул қилишнинг шаффоф ва очиқ механизмлари қандай бўлиши ҳақида гапириш ўринли.
Мактаб битирувчиларини биз қабул қилиб оляпмизми, уни қандай парваришлаш, қандай етилтириш, эртага кимга узатишни қабул қилаётган пайтдаёқ аниқ тасаввур қилишимиз керак. Педагог-ўқитувчини ҳам саралаш зарур. У билимга ташна талабанинг чанқоғини қондира олиши, уни ўз касбининг моҳир устаси бўлиши учун тўғри йўналтириши ва тарбиялаши, унинг меҳрини қозона олиши лозим. Моҳир деҳқон сара уруғни топиб экар экан, уни кимга ва қаерда, қачон сотишнинг ҳам аниқ мўлжалини олади-ку?!
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан кафедралар ва тармоқлар ўртасида интеграцияни таъминлаш, кафедралар ролини кучайтириш, илмий-инновацион марказлар ташкил қилиш орқали иш берувчиларнинг бўлажак кадрлар тарбиясига талабалик курсисидан эътибор қаратиши, қўшма илмий лойиҳалар ва хўжалик шартномалари доирасида университет профессор-ўқитувчилари билан биргаликда талабаларни жалб қилган ҳолда илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориши юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Биз ўқитувчиларнинг салоҳиятини қанчалик тез юксалтира олсак, давлатимиз раҳбари илгари сураётган “боғча – мактаб – олий таълим – докторантура – ишлаб чиқариш – тижоратлаштириш” циклини юқори сифат кўрсаткичлари билан шунчалик тез поёнига етказган бўламиз. Мактабгача таълимда жуда катта ислоҳотлар ўтказилмоқда. Умумий ўрта таълимда ҳам охирги йилларда туб ижобий ўзгаришлар юз берди. Олий таълимга қабул қамрови йилдан йилга оширилмоқда. Айни кўрсаткич 2021-2022 ўқув йилида 182 мингни ташкил этмоқда. Бу ўтган йилдагига нисбатан қабул қамрови 3 баробар кўпайди, дегани. Илгари ҳар йили 50-55 минг талаба қабул қилиниб, 2020 йилгача мамлакатимиздаги жами талабалар сони 240 мингдан ошмаган. Бу йил эса биринчи курснинг ўзида талабаларнинг 200 мингдан ошиши прогноз қилинмоқда. Агар йиллик қабул квотасини 25-30 фоизга ошириш маррасига етказиладиган бўлса, кейинги тўрт йилда жами талабалар сони ҳатто бир миллиондан ошиши мумкин. Шуни тасаввур қилишнинг ўзиёқ олий таълим муассасаси педагог-ўқитувчиларига талаб қанчалик ортиши ва уларнинг савияси даражаси ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Бугун олий таълимга келаётган ёшлар олдингилардан анча фарқ қилади. Уларнинг компьютер технологиялари асосларидан яхши хабардорлиги, хорижий тилларни мукаммал ўзлаштираётгани, дунёқарашининг кенглиги, сиёсий ва ижтимоий масалаларда ўз фикрини билдиришга ошиқаётгани ёшларнинг ижтимоий тармоқларда чиқишларидан, танловларда фаол иштирокидан ҳам маълум бўлмоқда.
Биз, олий таълим муассасалари раҳбарлари ушбу ёшларни талабаликка қабул қилар эканмиз, ўзимизга савол беришимиз керак: “Бизнинг ўқитувчиларимиз уларни қониқтира олармикинлар, ўқитувчилар таркибини ўн баравар кўпайтиришга жиддий зарурат туғилаётган айни паллаларда билиб-билмай “эски сумка”сини кўтариб юрган ўқитувчиларни ишга олиб, талабаларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмаймизми? Халқнинг, биринчи навбатда, талабалар ва ота-оналарнинг яна бир карра ҳафсаласини пир қилиб қўймаймизми…?” Бугунги кунда профессор-ўқитувчиларнинг неча фоизи юксак педагоглик сифатларини ўзида сақлаб қолган? Ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларимизнинг инсоний фазилат ва савияси давр талабига жавоб бермаслиги бот-бот танқид қилинмоқда. Илгари бизнинг юзимизга шу камчиликлар рўй-рост айтилса, юз баҳона топар эдик: ойлик кам, таълимга эътибор йўқ, таълим коррупция ботқоғига ботган, ўқитувчилар ўз устида ишлаши учун кутубхоналарда адабиётлар йўқ, ўқитувчи мажбурий суратда дала ишларига жалб қилинади, қоғозбозлик ҳаддан зиёд ва ҳоказо. Энди нимани баҳона қиламиз? Президентимизнинг ғамхўрлиги ва яратилган шароитлар натижасида баҳонага ўрин қолмади ҳисоб. Олий таълим муассасаси раҳбарлари бугунги рақобат муҳитида илмий салоҳиятни ўстириш, профессор-ўқитувчиларнинг касбий компетенциясини кучайтириш устида жиддий изланмоқда.
Бироқ, сир эмас, профессор-ўқитувчиларнинг аксарияти мукофот ваъда қилсанг, мақола ёзиб беради, бўлмаса йўқ. Йил якунида моддий рағбатлантираман десанг, конфренцияларда қатнашади. Доцент илмий унвонини олишинг керак, деб муддат қўйсанг, аранг мақола ёки ўқув қўлланма ёзишга киришади. Аммо тадбирда қатнашиш, жамоат ишларини бажариш, дарсдан ташқари ректоратнинг бирор топшириғини бажариш мажбурий меҳнатга йўйилади. Қайсидир раҳбар уларни амаллаб йўлга солар, сал бўшроқ ёки тажрибасизроқ раҳбар бўладиган бўлса, худди жанг майдонида ёлғиз қолган қўмондон ҳолига тушади. Шунинг учун ҳам Президентимизнинг ректорлар ва проректорлар мактабини ташкил қилиб, уларни ўқитиш кераклиги ҳақидаги фикрларини тўғри, деб ҳисоблайман. Бироқ тан олиш керакки, эски иш тизимидан мутлақо янги бир иш тизимига ўтиш шахс онгида, тафаккур ва мафкурасида катта ўзгаришлар ясалишини тақозо этади. Шу маънода ҳам давлатимиз раҳбари кафедралар ўртасида рақобат муҳитини вужудга келтириш профессор-ўқитувчиларнинг таълим жараёни ва илмий фаолиятга муносабатини ижобий томонга ўзгартиришини таъкидлади.
Кафедраларнинг бошқарувдаги ролини кучайтириш, университет педагог-ўқитувчилари ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтириш, назаримда, олий ўқув юртининг ривожланишига жиддий тўсқинлик қилаётган, ишга қабул қилиш ва бўшатиш бўйича Меҳнат кодексида белгиланган эски тартибларни ислоҳ этишдан бошланиши керак. Бунда қуйидагиларга эътибор бериш лозим деб ўйлайман.
Биринчидан, профессор-ўқитувчиларни ишга қабул қилишда бир йиллик меҳнат шартномасини тузиш амалиётига ўтиш керак. Иккинчидан, кафедра мудирини танлов асосида беш йиллик танлов асосида сайлаб олиш амалиётини бекор қилиш лозим. Учинчидан, деканларни тўрт йиллик меҳнат шартномаси асосида тайинлаш, шу муддат ичида ўзининг раҳбарлик қобилиятини тўлиқ намоён этган деканнинг муддати ректор буйруғи билан муайян муддатга чўзилиши мумкин. Ушбу жиҳатларнинг ислоҳ этилиши бугунгача давом этаётган айрим кафедра мудирларининг “мансаб абадий” деб қарашлари, профессор-ўқитувчиларнинг жон куйдирса-куйдирмаса бу даргоҳдан ҳеч ким кетказа олмайди, деган ақидаларидан воз кечишига олиб келади.
Талаблар ҳам даврга қараб ўзгариб бораверади. Бу табиий. Бугун Президентимиз қўйган вазифалар кадрларни ишга олиш жараёни шаффоф тарзда, биринчи навбатда, уларнинг ўз компетенциясини комиссия олдида намойиш этиши, илғор технологиялар воситасида очиқ дарс ўтиб бериши ва, албатта, инсонийлик фазилатлари ва касбий билимлари бўйича комиссия суҳбатидан ўтиш орқали аниқланишини тақозо этади. Олдимизда турган долзарб вазифалардан бири ўқитувчиларнинг ёш авлодини шакллантиришдир. Очиғини айтадиган бўлсак, олий таълимга кириб келаётган иқтидорли ёшларга бас келадиган креатив фикрли ўқитувчилар ҳам асосан ёшлардир. Олий таълимда стажёр-ўқитувчи деган мақом бор. Ҳали таълимда ишлаб кўрмаган ёки эндигина магистратурани битирган ёш кадр ишга олингандан сўнг бир йил стажёр-ўқитувчи бўлиб ишлайди. Улар кафедра муҳитига ўрганиши, аудиторияда маъруза қилиши, дарс ўтиши, аудиторияни бошқариш малакасига эга бўлиши, фан дастурларини тузиши, юклама ва ўқув жараёни билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларда белгиланган нормалар моҳиятини тушуниб етишигача бир йил ўтиб кетади.
Менимча, бу амалиётдан воз кечиш керак. Стажёр-ўқитувчиликка бўлғуси номзод магистратура талабалари орасидан танланиши ва магистратура босқичида ўқитувчиликка ишга олиниб, етарли амалий кўникма ва малака олишига шароит яратмоқ даркор. Бунинг учун магистратура талабаларига 2-курсдан бошлаб профессорларнинг амалий ва семинар дарсларини ўтишига рухсат бериш керак. Бу шу давр мобайнида кафедра муҳитини ўрганиши, юклама соатлари ва кафедранинг меъёрий-ҳужжатларидан тўла хабардор бўлиши, кейинги йил ўзига ажратилажак фан бўйича силлабусларни яратишига имкон беради. Бундай магистрларни таҳсилдан сўнг кафедрада ишга олиб қолиш ва маъруза ўқишга рухсат бериш мақсадга мувофиқ.
Шу ўринда магистратурадан кейин тўғридан-тўғри докторантурага киришга рухсат берилгани тажрибада ўзини оқлади, деб айта олмайман. Балки кейинги беш йилликда бу ўзини оқлар. Университетимиз мисолида айтишим мумкинки, ўтган йил магистратурадан кейин тўғри докторантурага ошиққан талабгорларнинг кўпчилиги ҳали илмий тадқиқот ҳақида чуқур тасаввурга ҳам эга бўлмаган, очиғи, мақсади магистратурадаги “талабалик сурури”ни докторантурада ҳам давом эттириш бўлган ёшлардан иборат бўлди. Бундай муносабат халқимиз онгида ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган “давлат пулини туя қилиш”, боқимандачилик кайфияти асоратларидан биридир. Уларнинг илм қилиш учун берилган имтиёзлардан ўз нафсини қондиришга ҳаракат қилиш йўлида фойдаланиши бировнинг ҳақини ейиш каби оғир гуноҳ ва айни чоғда, давлат сиёсатига хиёнат эканини тушуниб етгунларига қадар кутиб туришга тўғри келади. Чунки бу туришда уларнинг давлат ҳисобидан моддий таъминланиб туриб, уч йил тугул ўн йил ичида ҳам диссертация ёзишига кўзимиз етмайди. Жуда катта илмий ютуқларга эришган айрим магистрларни университет кенгаши ўша йилиёқ докторантурага киришга тавсия қилса, бу бошқа гап. Шуни ҳам айтиш керакки, бугунги даврда магистратура босқичидан сўнг бир ёки икки йиллик илмий стажировка ўтагандан кейин докторантурага кириш тажрибаси амалда қўлланмоқда ва бу энг тўғри йўлдир.
Дарҳақиқат, бугун ёшларнинг илм эгаллаши, ўз устида самарали ишлаши борасида энг тўғри йўлни танлаш олийгоҳлар истиқболини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Мақола шу маънода ҳам кўплаб соҳа ходимларини чуқур ўйга толдиради. Умид қиламизки, Ш.Сирожиддинов томонидан билдирилган олий таълим билан боғлиқ юқоридаги мулоҳазалар мутасаддиларни ҳам бу борада чуқурроқ ўйлашга ундайди.
Муножат Мўминова









