Ўтда ёнмас, сувда чўкмас мерос

    Фикр 20 январ 2021 16173

    Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим — ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!

    Президентимизнинг ушбу сўзлари ёшларга қарата айтилган бўлса-да, аслида ҳар биримиз, ҳар бир авлод учун ўта керак ва фойдали ҳикматдир. Хавфсизлик кенгашининг ўтган ҳафта бошидаги йиғилишида ҳам айнан шу омил диққат марказида бўлди, десак адашмаймиз. Ҳарбий билимсиз — ҳарбий таълим йўқ, дея ўзига хос тенглама яратиб берганининг ўзиёқ давлат ва миллат хавфсизлигини таъминлашда илмфаннинг ўрни ҳар қачондагидан кўра кучлироқ ва зарурроқ аҳамият касб этаётганининг тасдиғидир, албатта.

    Чиндан ҳам, айниқса, бугун бирон соҳа рўшнолигини илм-фан ютуқларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Мудофаа тизимини эса гапирмаса ҳам бўлади. Негаки, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари айнан шу тармоқда туғилиб, сўнг вақти соати келиб оммалашиши анъанасини ҳали ҳеч ким бекор қилганича йўқ, қилолмайди ҳам деб ишонамиз. Узоққа бормасдан, компьютерлар тармоғининг бутунжаҳон тизими — интернет 1969 йили АҚШ Мудофаа вазирлиги буюртмасига биноан яратилган ARPANET нинг меваси эканини эслашнинг ўзи етарли.

    Ўзгача бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки хавфсизлик, халқчил айтганда эса тинчлик-хотиржамлик масаласи барча замон ва халқлар учун доимо биринчи ўринда турган. Шунинг учун ҳам давлат ва жамиятнинг энг сара, кўп имконлари — одам, маблағ, билим, касб-кор ва бошқалар мазкур йўналишга сафарбар қилинган.

    Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган, фақат куч тузилмалари эмас, балки марказий ва маҳаллий ҳокимиятнинг деярли барча йўналишдаги идоралари, жамоат ташкилотлари қатнашувидаги йиғилиши анъанага айланди. Бу ҳам бежиз эмас, деб ўйлаймиз. Негаки, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш бу умуммиллий масаладир. Қолаверса, ўтган тўрт ярим йиллик вақт Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга Амир Темур бобомиз каби кенгашиб иш кўриш хос эканлигини намоён этди. Одамларни бирлаштириш, каттадан-кичикнинг давлат ва жамият тақдирига дахлдор масалаларда ўз сўзини айта олишида тенг шароит яратиш ва миллат олдида турган азалий муаммоларни ҳал этишга отлантиришда мазкур фазилат тенгсиз кучга эга.

    Янги Ўзбекистон тарихий босқичига қадам қўйилган илк кунлардан буён миллий етакчимиз томонидан алоҳида ва узлуксиз эътибор берилаётган масала маънавият ва маърифат бўлгани ҳолда, бой ва ҳеч кимда йўқ тарихий-маданий меросимиз қадр-қимматини ўрнига қўйиш, уни чуқур ўрганиш, ундан таълим ва тарбиядек ўта зарур ва нозик соҳада унумли фойдаланишга алоҳида урғу бериб келинаётгани ҳам ҳақиқатдир. Кенгашнинг бу галги йиғилишида эса давлатимиз раҳбари ҳали ҳеч кимнинг хаёлига келмаган, келганда ҳам юрак ютиб кўтариб чиқиши амримаҳол мавзуни ўртага ташлади, унинг мағзини чақиб, турмушга татбиқ қилиш йўлларини ҳам кўрсатиб берди.

    Икки миллион йил бурун сўзлашишни эплай бошлаган кишилик тарихидаги пайғамбарлар орасида исмию жисми, наслу насаби, авлодию йўлдошлари, китобию ҳадислари, турмушу иши аниқ ва далил-исботли бирдан-бир саналмиш пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг турк тилини ўрганинг, чунки уларнинг (туркий халқларнинг) ҳукмронлиги узоқ давом этади айтганларини деб), تعلموا لسان الترك فان لهم ملكا طواال) бугун барча ҳам билавермайди. Мазкур ҳадисни XI асрда яшаб ижод қилган буюк олим Маҳмуд Кошғарий бухоролик ва нишопурлик ишончли уламолардан эшитиб ёзган. Улуғ тилшуноснинг ҳадис тўғри бўлмаган тақдирда ҳам ушбу тилни ўрганиш зарурлигини ақл тақозо қилади, дея қўшимча қилишидан қатъи назар, пайғамбаримиз замони ва ундан олдин ҳам туркий омил ўз довруғини ҳам Шарқда, ҳам Ғарбда таратиб бўлган эди.

    Талабалигимизда форсчада эшитиб, ёд олган илк мақоллардан бири “забони арабий мўшкел аст, забони форсий шакар аст, забони тўркий ҳўнар аст” бўлган. Яъни араб тили қийин, форс тили ширину шакар, турк тили эса сиёсат тили. Бизнинг эндиги тушунчамиздаги касб-кордан фарқли ўлароқ мазкур сўз ўрта асрларда, энг аввало, қобилият, ишнинг кўзини билиш, устозлик, маҳорат, фазилат маъноларига эга бўлган. Яъни туркий тил давлат ва ҳарб бошқаруви тилидир.

    Шу маънода, Яратган элчисининг туркий халқлар ва тили борасидаги қарашларида каттагина ҳақиқат бор, деб айта оламиз. Негаки, сўнгги 2000 йил ичида дунё сиёсий, иқтисодий, илм-фан ва маданий туриш-турмушида етакчилик қилган эллардан бири, маълум маънода, асосийси чиндан ҳам туркийлар бўлган. Сўнгги илмий изланишларга кўра, туркий ўғизлардан бўлмиш кушонийлар минтақамиздан ташқари ҳозирги Афғонистон, Покистон, Шимолий Ҳиндистонни бошқарган (I-IV асрлар), улардан кейин деярли худди шу кенгликда эфталийлар (IV-VI асрлар) ҳукмронлик қилган бўлса, араб халифалиги дунёга келиши арафасида (VI-VII асрлар) ашиналийлар (турк хоқонлари) Дўн дарёсидан Шимолий Ҳиндистонгача, Қора денгиз бўйларидан Тинч океанигача ястанган улкан кенгликни идора этган.

    Хитой ҳукмдорлари бўйнига йилига 100 000 парча ипак етказиб бериш шартини қўйган, Эрон сосонийларига 40 000 олтин динор ўлпон тайинлаган, Византиягача чўзилган савдо-сотиқ йўлини (Буюк ипак йўли) назорат қилган туркий сулолалар довруғи Араб ярим оролигача етиб бормаслиги мумкин эмасди.

    Расули акрамнинг башоратлари тўғри чиққан: IX асрдан XX аср йигирманчи йилларигача чиндан ҳам Ўрта денгиздан Хитойгача, Дунайдан Шимолий Ҳиндистонгача бўлган улкан ҳудудни асосан туркий сиёсий кучлар бошқарган. Улардан энг машҳурлари сирасида салжуқийлар, ануштегинийлар (хоразмшоҳлар), темурийлар, усмонийлар, шайбонийлар, сафавийларни тилга олишимиз мумкин. Олтин Ўрдада (асосан ҳозирги Россия ва Қозоғистон ерлари), Ҳалоку улусида (ҳозирги Эрон, Афғонистон, Ироқ, Озарбайжон, шунингдек, Сурия ва Туркиянинг бир бўлаги) ҳам туркий қатлам ва тил ўта кучли бўлгани инобатга олинса, сўз кетаётган мавзунинг моҳияти янада ойдинлашади.

    Жаҳон тарихида ўзига яраша машҳур давлат арбоблари, саркардалар кўплаб топилади. Уларнинг ўзаро ўхшаш жиҳатлари ҳам етарли. Бироқ улар орасида арбоблик, қўшинбошилик, салтанатчиликдаги буюклигидан ташқари бошқарувчилик маҳорати ҳақида битик яратган ягонаси бор. У — Амир Темур ва бу — “Темур тузуклари”!

    Чиндан ҳам бундай шараф на Александру Чингизхонга, на Кайзеру Наполеонга насиб этган. Яна Худо билади-ку, бироқ балки шунинг учун ҳам айримлар, “Тузуклар”ни Амир Темур ёзмаган, қабилидаги бўҳтонларни тарқатгандир. Ўзи, умуман олганда, нега бизнинг ўтмишимиз, улуғ аждодларимизга кўп тош отилган?

    Бу дунёнинг ишлари чигал ва оғир. Унинг қонуни битта: ўзинг учун ўзинг тириш. Яъни етук насл қолдир, уруғингни айнитма! Кимки — хоҳ шахс, хоҳ жамият — мазкур тузукка риоя қилса, ютган. Бўлмаса, рақобатга чидаш беролмай, ё йўқ, ё қарам, оёқости бўлган.

    Қарама-қаршиликда қўлланадиган энг таъсирчан қуроллардан бири эса мафкуравий бузғунчиликдир. Қисқаси, мўлжалдаги юрт тарихи, тили, адабиёти, санъати, динини ерга уриш орқали уларнинг эгаларида шахсий ва миллий ожизлик, тили қисиқлик, ўзига ишонмаслик, мутелик туғдирилади. Оқибати маълум: бундай авлод нажотни бегоналардан қидиради, шу тариқа қопқонга тушади...

    Шу маънода, Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ҳарбий мерос ва замонавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш бўйича ташаббусида ўта чуқур ҳикмат ва тарихий адолат бор, деб санаймиз. Негаки, юқорида урғу берилган омил — сўнг ги 2000 йил ичида Яқин ва Ўрта Шарқни бош қарган туркий хонадонларнинг келиб чиқиши Турон, ўзбек давлатчилиги билан боғлиқлиги, ўз-ўзидан, ҳарб иши борасидаги ушбу бой ва улкан бисотнинг эгаси борлигини тасдиқлайди. Милоддан олдинги VI асрда очиқ майдонда Курушни ер қақшатган Томир хотунга омад эмас, балки қаттиқ ватанпарварлик ва ҳарбий маҳорат қўл келганини ҳам қўшиб мулоҳаза қилсак, мазкур ҳикмат мағзини чаққан бўламиз. Шундай тенгсиз, ўрганса, мақтанса ва ғурурланса арзигулик миллий бойлигимиз мана энди юзага чиққани эса, ниҳоят тарихий адолатнинг қарор топганини англатади, албатта.

    Ушбу институтнинг бугуни ва келажаги порлоқлиги масаласида ҳам шубҳа қилмаса бўлади. Негаки, изланиш, ўрганиш, хулосалаш учун манба ва мавзуларнинг саноғи йўқ, десак ҳам бўлади. Уларнинг айримларини миллий етакчимиз тилга олинган кенгашда айтиб ҳам берди: Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух, Бобур ҳарбий меросини ўрганиш.

    Келинг, бир ҳақиқатни баралла айтиб, тан олайлик: тарихимиз бўйича билимларимиз ҳалигача анча юзаки. Қойиллатиб ўқимаган бўлсак, қаердан ҳам пишиқ бўлсин. Ўқиганларимиз ҳам юзаки. Қойиллатиб ўрганмаган бўлсак, қаердан ҳам пишиқ бўлсин.

    Жалолиддин Мангуберди ҳақида билганларимиз мана бундан нари ўтмайди: мўғулларга қарши курашган, Синд дарёси бўйида ҳарами ва болаларини сувга чўктириб, ўзи ҳам оти билан дарёга сакраган, Чингизхон, ўғлинг бўлса, шундай бўлсин, деган, вассалом.

    Амир Темур, Бобурга оид билимларимиз озроқ кўп бўлиши мумкин, лекин билағонлар гурунгида уялиб қолмайдиган даражада эмас. Шоҳрухни эса жуда кўпчилигимиз ёлчитиб танимаймиз. Амир Темурнинг ўғли, Улуғбекнинг отаси бўлганини биламиз, холос.

    Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Шоҳрух номини тилга олгани тарихчилар учун катта воқеа, деб санаймиз. Негаки, айнан Шоҳрух темурийлар хонадонининг Амир Темурдан кейинги энг забардаст, ёрқин, донишманд ва бунёдкор вакили саналади. Соҳибқирондан сўнг емирилиш йўлига тушган буюк салтанатнинг ўзагини — ҳозирги Ўрта Осиё, Ғарбий Хитой, Афғонистон, Покистон, Шимолий Ҳиндистон, Эрон, Кавказ, шунингдек, Ироқ ва Туркия нинг шарқий бўлакларини ўз ичига олган улкан кенгликни ўзбек давлати измида сақлаб қолган Шоҳрух бўлади. Ўлими юз берган 1447 йилга қадар, яъни қирқ икки йил мобайнида оқиллик, донишмандлик, қатъиятликка таянган ҳолда ички ва ташқи сиёсат юритган.

    “Ҳурматли” ғарблик олимлар худди Амир Темур, темурий-бобурийларнинг энг ёрқин вакили Акбарни саводсизга чиқаргани сингари, Шоҳрухни ҳам камситиш йўлини топган: тоат- ибодатга берилган эрининг ўрнига салтанатни хотини Гавҳаршодбегим бошқарган. Ваҳоланки, темурийлар даври билан боғланадиган Уйғониш даври пойдевори ҳақиқатан ҳам Амир Темур томонидан қўйилгани ҳолда, унинг иморатини айнан Шоҳрух яратган, дея оламиз. Унинг уринишлари билан туғилган сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий муҳит ўлароқ Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Лутфий, Саккокий, Жомий, Навоий, Бобур, Беҳзод, Султон Али Машҳадий сингари улуғ ижодкорлар етишиб чиққан, табиий ва аниқ фанлар, фалсафа, тарих, тил, адабиёт, шеърият, санъат, меъморчилик, ҳунармандчилик фақат Туронда эмас, ҳозирги Афғонистон, Эронга тўғри келадиган ўлкаларда ҳам гуллаб-яшнаган.

    Шоҳрухнинг ўғиллари Бойсунғур ва Иброҳим Султоннинг тарих, адабиёт, санъат, меъморчилик борасидаги истеъдодлари ҳамда ҳомийлик ишлари ҳақида ҳали кўпчилик бехабар.

    Тилга олинган улкан кенгликни ўз қўл остида бирлаштиришга эришган шахс давлатимизга еткачилик қилган кезлари ҳарбий салоҳиятимиз қандай бўлганини чамалаш қийинмас, деб ўйлаймиз. Лашкарга ҳокимият таянчи, давлат барқарорлигини таъминловчи, чегаралар ва мамлакат ҳудудининг қўриқчиси, душманларни енгувчи омил сифатида қараган Шоҳрух 1409 йили Улуғбекни Мовароуннаҳр ва Туркистон мулкига ҳоким этиб тайинлар экан, чегараларга иш кўрган ва тирикликнинг аччиқ-чучугини татиган, оқил ва қўрқмас кишиларни тайин қилиб, у ерлар қўрғонларининг мустаҳкамлиги борасида зарурий чоралар кўриш, сарҳадлардан доимо огоҳ бўлиш, эҳтиёткорликни эсдан чиқармаслик кераклигини қаттиқ тайинлагани маълум.

    Ҳарбий меросимизда ўз атамаларимиз етарли экани, фақат биз уларни билмаслигимизга урғу берган Олий Бош Қўмондонимиз “ура” ҳайқириғи аслида ғирт ўзбекча сўз эканини жуда тўғри асослаб берди. Чиндан ҳам боболаримиз уруш майдонига “ур, ур” чақириғи остида кирганлар. Мазкур одат узоқ йиллар Олтин Ўрдага қарам бўлган рус давлатига ҳам ўтган (ура). Ҳарбий “парад” ҳам худди шу йўл билан тарқаган. Бизда у кўрик дейилган ва қуйидагича ўтказилган.

    Олий бош қўмондон ҳарбий юриш эълон қилгач, тавочилар (қўшин тўпловчилар) бу ҳақида маҳаллий ҳоким ва уруғбошларига етказган. Улар эса илгари ўзларига юклатилган мажбурият — булжорда кўрсатилган қўшинни шай ҳолда буйруқда кўрсатилган ер ва вақтга етказиб олиб боришлари шарт бўлган.

    Ҳарбий кўрик, одатда, барча ёки асосий кучлар тўпланган пайт ва манзилда ташкил қилинган. Бундан мақсад, биринчидан, лашкарнинг аниқ сонини билиш, иккинчидан, жангда қўлланиладиган ҳар қандай қурол-яроғ, асбобу ускунанинг тайёрлигига ишонч ҳосил қилиш, учинчидан, озиқ-овқат ва ем-хашак таъминотини кўздан кечириш, тўртинчидан, жанговар тартибни тузиш.

    Бинобарин, ёсомиши атамаси билан ҳам аниқлаштирилган мазкур жараён тавочи беклар томонидан барча қўшинни саноқдан ўтказишдан бошланган ва бунга бир неча кунгача вақт сарфланган. 1420 йили амир Қора Юсуфга қарши отланган Шоҳрух ҳозирги Эрон ҳудудида ўтказган шундай тадбирда тавочилар икки юз минг отлиқ ва юз тумон (бир миллион) қора черик (пиёдалар ва бошқалар) тўпланганини аниқлаган.

    Сўнг бутун ҳарбий куч эрта тонгда катта кенгликда саф тортган. Қўшин аҳли совутларни кийиб, қалқон, қилич ва найзаларни қўлга олиб, отларга минган. Байроқлар баланд кўтарилиб, ноғоралар чалинган. Шоҳрух отга минган ҳолда лашкарни тумон-тумон, қўшун-қўшун кўздан кечиришни бошлаган. Ҳар бир ҳарбий бирикма, бўлинманинг қизил, сариқ, кўк (ҳаворанг), бинафша рангли байроғи бўлган. Олий бош қўмондон улар қаршисига борганида, ҳар бирининг бошлиқлари ва аскарлари найзаларини елкаларига кўтариб, бир оҳангда наъра тортиб, унга ўз садоқатларини билдирган.

    Мазкур тарихий гувоҳликдаги икки юз минг отлиқнинг ҳар бири совут кийган ҳолда бўлгани ҳамда қалқон, қилич ва найза билан қуролланганини диққатдан қочириб бўлмайди. Бундай таъминот ҳар қайси давлатнинг ҳам қўлидан келавермаган. Уларни юксак сифат даражасида ясаш, тинчлик пайтларида омборларда сақлаш зарурати инобатга олинса, бизда азалдан ҳарбий ишлаб чиқариш анъанаси бўлгани аёнлашади-қолади.

    Миллий етакчимиз ҳарбийларимиз ўртасида турли мусобақалар ўтказилиши ва бунда ўзимизнинг миллий тажрибамизни қўллаш зарурати ҳақида алоҳида тўхталди. Темурийлар даври тарихий манбаларига кўра, ёшлар ўртасида ёйдан ўқ узиш бўйича беллашувлар ўтказиб турилган экан. Машҳур тазкирачи Давлатшоҳ Самарқандий ҳайит байрами муносабати билан уюштирилган шундай мусобақада Шоҳрух томошабин, унинг ўғли Муҳаммад Жўкий эса қатнашчи бўлгани, у устунга осиб қўйилган қовоқ-нишонни биринчи уринишдаёқ иккига ажратиб юборгани ҳақида ёзиб қолдирган.

    Тилга олинганлар ўзимиз билганларимиздан бир шингил, холос. Билмаганларимизнинг эса чегараю саноғи йўқ. Энг муҳими, ўзаги билимга йўғрилган ушбу мерос ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Уни юзага чиқариш учун нималардан куч олишимиз кераклигини эса Президентимиз доимо таъкидлаб келмоқда: миллат ва юртни севиш, изланиш ва ўрганишдан тўхтамаслик, » Янги Ўзбекистонимизга садоқатли бўлиш!

    Азамат ЗИЁ,

    тарих фанлари доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates