Ўзбек тўқимачилари Европанинг энг йирик савдо уйлари тармоғи билан ҳамкорлик қилади

    Мамлакатимиз корхоналарининг хорижий брендлар ишлаб чиқариш занжирига қўшилиши бўйича етакчи компаниялар ва ритейлерлар билан ҳамкорлик ўрнатиш тадбирлари доирасида Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси томонидан “El Сorte Ingles” компанияси ва “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди.

    Унда Испания томонидан “El Сorte Ingles” компанияси вакили Педро Казеро Санчес-Атиенса (Pedro Casero Sanchez-Atienza) ва “Gedepsa” консалтинг промоутер компанияси раҳбари Алехандро Пастрана Молеро (Alejandro Pastrana Molero), мамлакатимиз томонидан “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров ҳамда уюшма мутасаддилари иштирок этишди.

    Видеомулоқот мобайнида “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси раиси И.Ҳайдаров компания вакилини Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасидаги салоҳияти тўғрисидаги тақдимотни хорижлик касбдошлари эътиборига ҳавола қилди. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳаси тубдан ўзгаргани, пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот яратиш кластер тизими асосида амалга оширилаётганини ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди.

    Шунингдек, барча жараён кластер компаниялари томонидан олиб борилиши натижасида мазкур соҳа бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида фаолият олиб бораётганлиги ва ҳхозирги кунда мамлакатда етиштириладиган 1 миллион тонна пахта тўласинча Ўзбекистонда қайта ишланаётгани таъкидланди. Ўзбек компаниялари ўз маҳсулотлари учун Европа Иттифоқи бозорида талаб этиладиган энг нуфузли ҳалқаро сертификатларга эга бўлаётгани ва бундай компаниялар сони кундан кунга ортиб бораётгани маълум қилинди.

    Шу ўринда 2021 йилнинг 9 апрелида Ўзбекистон Европа Иттифоқига қатор маҳсулотларни имтиёзли шартларда етказиб бериш имконини берувчи GSP+ дастурига аъзо бўлгани Европа Иттифоқи мамлакатларига текстиль маҳсулотларини экспорт қилишда божхона тўловлари йўқлиги ва мамлакат ҳукумати томонидан юқори қўшимча қийматга эга товарларнинг экспортида транспорт харажатларини 50 фоиз қоплаб берилиши Ўзбекистон билан тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳозирги кунда жуда долзарб эканлиги қайд этилди. Бундан ташқари, 2011 йилда халқаро Cotton Campaign коалицияси томонидан пахта етиштиришда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиб келинганлиги сабабли Ўзбекистон пахтасига қўйилган бойкот жорий йилнинг 10 март куни олиб ташлаганини ҳам алоҳида таъкидланди.

    Буларнинг барчаси бугунги кунда “El Сorte Ingles” компанияси томонидан унга тегишли бўлган брендлар учун мамлакатимизнинг текстиль соҳасидаги кенг имкониятлари ва фабрикаларимизнинг халқаро андозаларга тўлиқ жавоб бера оладиган тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишини йўлга қўйиш бўйича жуда яхши имконият бераётганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

    Музокаралар жараёнида “El Сorte Ingles” компанияси вакили П.Казеро мамлакатимиздаги барча ижобий ўзгаришларни, жадал олиб борилаётган ислоҳотларни, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этди. Ўз навбатида, компания ҳозирги кунда ўзбек текстиль фабрикаларининг тақдимот материаллари билан танишаётгани ва қатор йўналишларда, жумладан, трикотаж, уй текстили ва ички кийимлар бўйича буюртмаларни Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларига тақдим этиш масаласи компания мутахасислари томонидан ўрганиб чиқилаётгани маълум қилинди.

    Шу билан бирга, “Gedepsa” компанияси раҳбари А.Пастрана жорий йил 27-29 апрель кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "UzTextileExpo Spring 2022" халқаро кўргазмада иштирок этгани ва мазкур тадбир мобайнида Ўзбекистоннинг етакчи компаниялари билан учрашгани ҳолда уларнинг маҳсулотлари билан ҳам танишганини айтди. А.Пастрананинг билдиришича, ўзбек ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари юқори сифати ва, энг муҳими, ўзининг кафотлатланган хом-ашё базаси борлиги уларга жуда ҳам катта рақобатбардошлик ва узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш жозибадорлигини беради.

    Музокаралар натижасида томонлар экспертлар даражасида маълумотлар алмашувини йўлга қўйишга ва яқин кунларда хорижий компания вакилларидан иборат делегацияни Ўзбекистонга сафарини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

    Маълумот тариқасида қайд этиш жоизки, “El Corte Inglés” компанияси 1940 йили Испания савдо уйлари тармоғиним ташкил этган. У Европада энг катта ва жаҳонда тўртинчи ўриндаги универсал савдо тармоғи ҳисобланади. El Corte Inglés компаниясининг 92 савдо мажмуалари мавжуд бўлиб, 89 таси Испанияда, 2 таси Португалияда, 1 таси эса Италияда жойлашган. Компаниянинг 81 минг нафар ишчиси бор. Унинг 2020 йилдаги айланмаси 10,4 млрд еврони, соф фойдаси эса 142 млн еврони ташкил этган.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates