“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ аҳолига электр энергияси етказишда қандай ўрин тутади?

    Асосан четдан келтириладиган эҳтиёт қисмларини мамлакат ҳудудида ишлаб чиқариш ўзлаштирила бошланди.

    Ўзбекистон энергетикаси тарихи ҳақида гап кетганда, дастлаб ўтган асрнинг 20-йилларида Бўзсув каналида бор йўғи 1000 кВт қувватга эга бўлган биринчи гидроэлекрстанция қурилишини эслаймиз. Шундан бери ўтган бир асрдан ортиқ вақт халқимиз босиб ўтган, узоқ кечмишга бориб тақалувчи тарих олдида арзимасдек балки, лекин шу қисқа вақт оралиғида кескин даражада ўзгаришлар содир бўлдики, бугун ота-боболаримиз қачонлардир ўз хонадонларини қандай қилиб шамлару қора чироқлар билан ёритиб ўтирганларини тасаввуримизга сиғдира олмаймиз.

    Аммо халқ хўжалигининг тараққий этиши албатта энергетика тараққиёти билан узвий боғлиқ. Шунинг учун малакатимизда 1933 йилдан то 1946 йилгача жами саккизта 9 МВт дан 42 МВтгача қувватли ГЭС лар қуриб фойдаланишга топширилган. Уларнинг базасида катта тажрибага эга муҳандис-техник мутахассисларнинг бутун бир авлоди тарбияланиб камолга етган. Юқори малакали ишчи кадрлар жамоаси ташкил топиб, электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш бўйича бой тажриба тўпланган. Лекин бу тараққиёт ўзига яраша муаммоларни ҳам келтириб чиқарганки, уларни ҳал этмай туриб соҳа бир жойда депсиниб қолиши табиий ҳол эди.

    Зеро тобора ишлаб чиқариш қуввати ортиб бораётган станцияларнинг улкан қозон, турбина, агрегат ва трансформаторларини жорий ва капитал таъмирлашни чуқур билим ва тажрибасиз ҳал этиш мушкул эди. Шунинг учун ҳам таъмирлаш ишларига уларни ишлаб чиқарган заводларнинг мутахассисларини маслаҳатчи сифатида таклиф этишга тўғри келарди. Бу эса ўз-ўзидан таъмир ишлари билан махсус шуғулланувчи корхонанинг юзага келишига асос яратди. Ўзбекистонда ҳам энерготаъмирлаш ускуналари бўйича мутахассислар етишиб чиқа бошлади.

    Соҳа давр талабидан келиб чиқиб, таъмирнинг сифати ва таннархи билан боғлиқ буткул янгича ёндашувни талаб этди. Ана шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда 1966 йилда Тошкент шаҳрида “Ўзбекэнергоремонт” ихтисослашган корхонаси ташкил этилган.

    Албатта, мукаммал бир тузилмани яратиш бир-икки йиллик иш эмас. Бунга эришиш учун вақт, куч, ҳаракат ва ўзига яраша маблағ талаб этилар эди. Корхона 1968–1970 йилларда ўз бошқарув тузилмасини такомиллаштирди, янги цехлар, участкалар, бўлимлар, бюролар ва тажрибахоналар ташкил этилди. 1967 йил 1 январ ҳолатига кўра корхонада 84 нафар пайвандчилар бор эди. Уларнинг 18 нафари юқори малакали бўлиб, энг масъулиятли пайвандлаш ишлари уларга топширилар эди. Йил охирига келиб эса жами пайвандчиларнинг сони 136 нафарга етказилди. Юқори малакали пайвандчилар сони эса 20 нафарга етди.

    1977–1979 йиллар оралиғида эса корхонада яна бир муҳим иш амалга оширилди, ИЭС лар эҳтиёжини қопловчи эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 1979 йилнинг ўзида корхона томонидан 26 хил турдаги эҳтиёт қисмлар етказиб берила бошлаган. Ишлаб чиқаришнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган бригадаларга катта эътибор қаратила бошланди. Уларни ихтисослаштириш бошланди. Бундай бригадаларда иш самарадорлиги, таъмир сифати юқори даражага кўтарилди. Натижада Ўзбекистоннинг ўзида энерготаъмир ишларини бемалол, юқори сифат билан, арзон нарҳларда бажаришга қодир бўлган бирлашма барпо бўлди. Эндиликда энерготаъмир ишлари учун бошқа мамлакатлардан мутахассислар таклиф этишга ҳожат қолмаган эди.

    Мустақиллик йилларида...

    Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин, энерготизим зиммасига таъмирловчи корхоналар томонидан бажариладиган ишлар турини кенгайтириш ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган, импорт ўрнини босувчи маҳсулот турларини кўпайтириш энг муҳим вазифа сифатида белгиланди. Энергетик ускуналарнинг ишончли ишлашига бўлган юксак талабларни ҳисобга олиб, корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг барча стандартларга тўла мос келишига алоҳида аҳамият берила бошланди. Бу билан корхонада бажариладиган ишлар сифати талабчан буюртмачилар томонидан тан олинишига эришилди. Корхона мутахассисларининг сидқидилдан изланишлари туфайли 1995 йилга келиб, қувурларни учма-уч пайвандлаш ишлари йўлга қўйилди. Пайвандлашнинг ушбу тури тезкор ва юқори технологияга асосланган бўлиб, малакали иш сифатини кафолатлади. 1997 йилда регенератив ҳаво иситгичнинг иссиқ қатламига қўйиладиган пакетларни ясайдиган технологик линия яратилди. Натижада бутун Ўзбекистон энерготизимининг ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш имконини берди. Лекин бу ютуқлар малакатимизда энергетикага бўлган эҳтиёж ҳамда жаҳон миқёсида соҳада юз бераётган юксалишлар даражасида эмас эди.

    2001 йилда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг “Энергетика соҳасидаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш тўғрисида”ги Фармонига кўра корхона давлат тасарруфидан чиқарилиб, очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди. Вақт ўтиб таъмир ва ишлаб чиқариш ишлари ҳажмининг орта бориши асосида корхонанинг ишлаб чиқариш майдони орттирилиши янги-янги имкониятлар учун эшик очди. У бугунги кунда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида ишлаб чиқариш базасига ва республикамиздаги барча иссиқлик электр станциялари ва марказларида таъмирлаш ишларини олиб борувчи ишлаб чиқариш участкаларига эга бўлди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида асосан четдан келтириладиган эҳтиёт қисмларини мамлакат ҳудудида ишлаб чиқариш ўзлаштирила бошланди ва жорий йилнинг ўзида 14 та турдаги жами 14,174 млрд. сўмлик эҳтиёт қисмлар маҳаллий ишлаб чиқариш режалаштирилди. Йил охиригача бу кўрсаткични 50 тага етказиш имкониятлари ўрганилмоқда. Бунинг учун дастлабки босқичда 7 хил турдаги таъмирлаш дастгоҳларини Англия, Хитой, Корея ва Россия каби давлатлардан ҳарид қилиб олиш режелаштирилган.

    Шу йилда корхонанинг 2022 – 2023 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди ва унга асосан “Йўл харитаси” тузилиб, бу асосида ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

    — “O’zbekenergota’mir” AЖ жорий йилнинг 25 – 27 апрель санасида Россиянинг “Иннопром” компанияси томонидан ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Экспо Марказ кўргазмалар залида ўтказилган халқаро саноат кўргазмасида корхона Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Белоруссия каби давлатларнинг компаниялари билан бир қаторда иштирок этди ва бир нечта компания ва корхоналар билан бирга ишлаш учун музокаралар олиб борди, шунингдек меморандумлар ўтказиб, шартномалар тузишга эришди — дейди акционерлик жамиятининг бош директорининг ёрдамчиси Улуғбек Ниғмонов. — Бу бизга фаолиятимизни янада такомиллаштиришнинг янги имкониятларини яратди. Мана ўтган 2021 йилда 89 миллиард 62 миллион сўмлик таъмирлаш ишларини бажарганмиз. Янги очилаётган имкониятларимиз ёрдамида эса ҳозирги кунда буюртмачилар билан тузилган шартнома қиймати 132 млрд. сўмдан ошди. Янги давр хизматга янгича ёндошувни талаб этади, албатта. Биз ҳам 2026 йилгача бу кўрсаткичларни ички бозорнинг ўзида 444,8 миллион сўмгача кўтариш ниятидамиз. Бундан ташқари, электр двигателлари ва насосларни таъмирлаш бўйича Тожикистон ва Қирғизистон республикалари билан ҳукуматимиз даражасида ҳамкорлик мемарандумлари имзоланган.

    Ишлаб чиқариш соҳасидаги мутаҳассисларни қўшимча йўлатишлар бўйича ўқитиш ишлари ҳам йўлга қўйилган. Бунинг учун “SMS SYCTEMS” консалтинг фирмаси билан шартнома тузилган бўлиб, ҳар бир қўшимча мутахассислик олиш истагини билдирган ҳодимлар ўқишини ташкил этиш учун корхона томонидан йиллик режа асосида машғулотлар ташкил этилмоқ. Ўқиш сўнгида эса имтиҳон олиниб, маълум мутахассислик бўйича сертифат олишга эришган ходим, албатта, қўшимча мутахассисликка эга бўлган юқори малакали ходим сифатида меҳнатига яраша юқори маош олади. Бундан ташқари ишлаб чиқаришдаги ва таъмир ишларидаги сифат кўрсаткичлари ҳам ортади. Ҳозирги вақтда хотин-қизларни бошқарувга жалб қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси, саломатликни сақлаш ва сифат менежменти бўйича ўқишлар йўлга қўйилган.

    Ишчи ҳодимлар ҳамиша муносиб тақдирлаб борилади. Шунинг учун ҳам корхонада етук мутахассислар кўп йиллар мобайнида меҳнат қиладилар.

    — Корхонамиз замон талаблари билан қадамба-қадам одимлаш билан бирга жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Бу йил Президентимиз ташаббуси билан кўтарилган “Яшил макон” дастури бўйича жамоамиз ҳодимлари билан туманимизнинг “Оқ олтин” МФЙ ҳудуди ўзлаштирилиб чиқиндилардан тозаланди ва у ерга 12 235 туп мевали ва манзарали дархтлар экилди — деб сўзини якунлади Улуғбек Ниғмонов.

    Бир сўз билан айтганда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ меҳнаткашлари бир жамоа бўлиб корхонанинг халқимизга электр энаргиясини узлуксиз етказиб берилиши ва халқаро миқёсда юқори сифат самарадорлигига эга бўлиши учун биргаликда, бир маслак йўлида аниқ мақсад ва режалар билан меҳнат қилмоқдалар.

    Махлуба ҚОСИМОВА,

    журналист

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates