Ўзбекистон — Европа Иттифоқи: барқарор ва истиқболли ҳамкорлик

    Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилган.

    Жумладан, иқтисодий дипломатияни кучайтириш, Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик шаклларини қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида ўрин тутади. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, бугун Ўзбекистоннинг Германия ва Франция каби катта иқтисодий салоҳиятга эга Европа мамлакатлари, шунингдек, ЕИ билан савдо-иқтисодий алоқалари тобора кенгайиб бормоқда.

    Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги умумий савдо ҳажми қарийб 16 фоизга ўсгани ҳолда, 4,5 миллиард долларни ташкил қилган, бундай ўсишга Ўзбекистоннинг махсус GSP+ имтиёзлар тизимига киритилиши катта туртки бўлди. Ўзбекистоннинг мазкур тизимга киритилиши миллий экспортчи корхоналарга Европа бозорларига 6200 турдаги маҳсулотларни ҳеч қандай божхона тўловларисиз олиб кириш имконини беради. Лекин кузатишлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш борасида ишга солинмаган имкониятлар жуда катта.

    Ташкилот тарихи ва ҳамкорлик ривожи йўлига бир назар

    Етмиш йиллар олдин Иккинчи жаҳон уруши оқибатлари туфайли дунёнинг аксарият қитъалари каби европаликлар ҳам ўта ҳорғин, оилалар пароканда, миллионлаб инсонлар шунчаки кун кечириш манбаларидан маҳрум эди. Ҳукуматлар гўёки енгиб бўлмас қарз сиртмоғи билан муттасил курашиб келар, бир мамлакатнинг иккинчи мамлакат билан муносабатлари ўта зиддиятли эди. Буларнинг барчаси нафақат кўҳна қитъа, балки бутун дунёни қамраб олган инқироз натижаси эканини таъкидлаш лозим.

    1950 йил 9 майда Франция ташқи ишлар вазири Робер Шуман Германия Федератив Республикаси ва Францияни ўзларининг металлургия, темир ва кўмир саноатларини бирлаштиришга чақирган ҳолда, нутқ сўзлади.

    Роберт Шуман Европани бирдамликка етакловчи, аниқ натижаларга таянувчи, мамлакатлар ўртасида ҳеч қандай низоларга ўрин қолдирмайдиган Европани тасаввур қилган эди. Унинг фикрича, бўлғуси Европа ҳамжамияти ўз фуқароларининг фаровонлигини ошириш ва ўз чегараларидан ташқарида ҳам тинчлик ва ўзаро ҳамкорликни тарғиб қилувчи ҳамжамиятга айланиши лозим эди.

    Дастлаб металлургия, темир ва кўмир саноати бирлашмаси сифатида ташкил топган ва аъзолари атиги Бельгия, Ғарбий Германия, Франция, Италия, Люксембург ва Нидерландиядан иборат бўлган Европа кўмир ва пўлат бирлашмаси узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтиб, бугун барчамизга маълум бўлган ЕИга айланди. Бугунги кунда мазкур ташкилот аъзолари сони 27 тага етди. 2022 йилда ЕИнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 17 триллион доллар, аҳоли жон бошига тўғри келувчи ЯИМ ҳажми эса салкам 33 минг долларни ташкил қилди. 2022 йилда ташкилотга аъзо давлатларда иқтисодий ўсиш 1,2 фоиз даражасида қайд этилди. Бугунги кунда дунё ялпи ички маҳсулотининг 14,85 фоизи мазкур ташкилот улушига тўғри келади.

    Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари 1992 йил 15 апрелда ўзаро англашув Меморандуми имзолангандан сўнг ривож топа бошлади. Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги битим эса 1996 йил июнь ойида Флоренцияда имзоланган. Унинг доирасида “Ўзбекистон – ЕИ” форматида 6 та қўшма орган ташкил этилди. Булар – Ҳамкорлик кенгаши, Ҳамкорлик қўмитаси, Парламент ҳамкорлик қўмитаси, Савдо ва инвестициялар бўйича қуйи қўмита, Адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва алоқадор масалалар бўйича қуйи қўмита, Тараққиёт мақсадларида ҳамкорлик бўйича қуйи қўмиталардир. 1995 йилда Брюсселда Ўзбекистон элчихонаси очилган бўлса, 2011 йилдан буён Тошкентда ЕИнинг дипломатик ваколатхонаси фаолият кўрсатиб келмоқда.

    Умуман олганда, ўзаро муносабатларнинг тез ва барқарор ўсиб бориши 2016 йилдан кейинги даврга тўғри келади. Шу вақтдан мамлакатимиз дунё давлатлари учун ўз эшикларини очиб, глобал иқтисодиётга кириб борди. Коронавирус пандемиясига қарамай, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама муносабатлар фаол ривожланиб, ҳар томонлама самарали тус олди. Хусусан, 2019–2020 йилларда Европа мамлакатлари, жумладан, Австрия, Германия, Буюк Британия, Финляндия, Франция, Чехия, Швейцария, Венгрия, Италия, Туркия каби давлатлар ташқи ишлар вазирликлари билан 20 дан ортиқ сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди.

    Кейинги йилларда ЕИ билан олий даражадаги сиёсий мулоқот мисли кўрилмаган даражада фаоллашмоқда. 2017 йилнинг ноябридан 2018 йилнинг мартигача ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил вазифасини бажарувчи Ўзбекистонга икки марта ташриф буюрди. 2019 йил май ойида Европа Кенгаши президенти биринчи марта Ўзбекистонга амалий ташриф билан келди. Европа Кенгаши раҳбари Орол денгизи ҳавзасидаги экологик офатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади ва БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун кўп томонлама Траст фонди доирасида фаол ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

    2018 йилда Ўзбекистон ЕИ билан янги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни тузиш бўйича музокараларни бошлади. Янги битим иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, энергетика, транспорт, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ жойларини ривожлантириш, бандлик ва ижтимоий масалалар, шунингдек, илмий тадқиқотлар каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.

    Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ, ЕИ мамлакатлари билан савдода Ўзбекистон учун энг кўп қулайлик режими ўрнатилган.

    2022 йил июль ойида Ўзбекистон билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг тасдиқланиши ўзаро муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлиб, ҳамкорликни янада яхшилаш ва чуқурлаштириш, уни фаолиятнинг янги соҳаларига тарқатишга хизмат қилмоқда. 2022 йил 18 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган ЕИнинг Марказий Осиё билан ўзаро боғлиқлиги бўйича “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” мавзусидаги биринчи конференция Ўзбекистоннинг халқаро майдонда янги мавқега эга бўлгани, ўз иқтисодиёти ва экспорт йўналишларини диверсификация қилишга шайлигининг ёрқин намунасидир.

    Ушбу конференцияни ўтказиш ғояси 2021 йилда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бўлиб, мазкур тадбир Европа ва бутун Марказий Осиё минтақасидан 500 дан зиёд иштирокчилар, хусусий сектор вакиллари, халқаро молия институтлари ва албатта, ҳукуматларни бирлаштиришга муваффақ бўлди. Конференцияни ўтказишдан кўзланган мақсад – ЕИ ва Марказий Осиё мамлакатларига мавжуд салоҳиятни очиш, ҳам Марказий Осиё ичида, ҳам Марказий Осиё ва Европа ўртасида мустаҳкам алоқани йўлга қўйишга ёрдам берадиган усулларни биргаликда аниқлаш ва келишишдан иборат бўлди.

    Конференция ўзаро боғлиқликнинг учта соҳасига қаратилди: халқаро транспорт йўли, сув-энергетика йўналиши ва рақамли технологиялар. ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель кириш сўзида таъкидлаб ўтганидек, “умумий мақсад аниқ: минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни йўлга қўяр эканмиз, биз одамларни бирлаштирамиз ва уларнинг келажагига сармоя киритамиз”.

    Самарқанд конференцияси доирасида иккита йирик, биринчиси — сув ресурслари, энергетика ва иқлим ўзгариши бўйича ҳамкорлик қилиш, иккинчиси эса, рақамли ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ташаббуслари илгари сурилди.

    Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши ҳам айнан Ўзбекистонда — жорий йилнинг 17–18 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилгани ЕИнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши юқорилигидан далолат беради.

    Европа тикланиш ва тараққиёт банки хусусийлаштириш ва хусусий сектор учун кенг шароитлар яратиш, инфратузилма, тиббиёт, таълим, транспорт, экология каби давлат ихтиёридаги соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш, “яшил иқтисодиёт”, айниқса, “яшил энергия” соҳаларини жадал ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, янги агротехнологияларни жорий этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришда Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугунги кунга келиб, мазкур банк томонидан Ўзбекистонда қарийб 4 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилаётгани эътиборга молик.

    Катта бозор катта имкониятлар яратади

    Ўзбекистоннинг “GSP+” имтиёзли савдо тизимига қўшилиши натижасида ЕИ мамлакатлари билан товар айланмасида кескин ўсиш кўзга ташланди. Кези келганда таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон “GSP+” тизими бенефициари мақомини олиш учун ЕИнинг барча шартларини бажарди. Жумладан, 27 та халқаро конвенцияни ратификация қилди ва пировардида, 2021 йил 10 апрелдан бошлаб ЕИ ушбу тизим доирасида юртимиздан импорт қилинадиган товарларга имтиёзли тарифларни қўллашни бошлади. Натижада ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ортиб боряпти. Хусусан, 2023 йилнинг ўтган даврида ташкилотга аъзо мамлакатлар билан товар айланмаси 70 фоизга ўсди.

    Юқори технологияли соҳаларда ЕИнинг йирик компаниялари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар қиймати 20 миллиард доллардан ошади. Ўзбекистон умумий савдо айланмасининг 12 фоизга яқини, умумий экспортнинг эса 4 фоизи ва жами импортнинг 17 фоизи ЕИ ҳиссасига тўғри келади.

    Сўнгги беш йилдаги умумий иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 50,5 фоизга ўсиб, 2,6 миллиард доллардан 3,9 миллиард долларга етди, экспорт 39,2, импорт эса 52,6 фоизга ошди.

    Экспортнинг сезиларли даражада ўсиш тенденцияси 2022 йилда ҳам сақланиб қолди. ЕИ мамлакатлари орасида Германия (19,7 фоиз), Литва (13 фоиз), Италия (11,1 фоиз), Нидерландия (7,4 фоиз), Франция (7,2 фоиз), Польша (6,4 фоиз), Латвия (6 фоиз), Чехия (5,1 фоиз), Испания (4,1 фоиз), Венгрия (3 фоиз) ва Австрия (2,7 фоиз) умумий савдо айланмаси бўйича Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари ҳисобланади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда ташкилотнинг йирик давлати — Германия билан кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг жорий йил май ойида Германияга ташрифи доирасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва технологик шерикликни кенгайтириш бўйича 9 миллиард евролик янги савдо, молия ва инвестиция битимлари имзоланди.

    Бугунги кунда мамлакатимизда германиялик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 5 миллиард евродан зиёд 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Охирги йилларда Германия инвестициялари ҳажми 4 миллиард еврони ташкил қилди, қўшма корхоналар сони икки баробарга кўпайди. Ўзбекистонда “CLAAS”, “Knauf”, “Gunter Papenburg”, “Linde Group” ва “Falk-Porsche-Technik” каби Германия иқтисодиётининг “локомотивлари” муваффақиятли иш олиб бормоқда. Кейинги беш йил ичида икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2 марта ўсди ва бугунги кунда у 1,2 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

    Экспортимиз таркибида текстил маҳсулотлари, импорт таркибида авиатехника ва машина, асбоб-ускуналар юқори ўрин эгаллайди.

    Кейинги йилларда Ўзбекистон — Италия муносабатларида ҳам катта силжишлар кузатилмоқда. Хусусан, 2022 йил якунлари бўйича мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси 535,4 миллион еврога етди ва 32 фоизга ўсди. Ҳозирда Италия ЕИ мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг учинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Италиялик ишбилармонлар тоғ-кон, нефт-кимё, электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларига катта қизиқиш билдирмоқда. Ушбу давлат капитали иштирокидаги корхоналар сони кейинги йилларда икки марта ўсди, италияликлар инвестициялари 49,6 миллион долларни ташкил қилмоқда.

    Ўзбекистоннинг йирик ҳамкорларидан яна бири Франция ҳисобланади. Бугунги кунда француз капитали иштирокида 46 та корхона фаолият кўрсатмоқда, кейинги беш йилда уларнинг капитали иштирокидаги корхоналар 3,5 мартага кўпайди. Франция ривожланиш агентлиги билан 1 миллиард евро қийматига эга бўлган битим амал қилмоқда. Биргина 2021 йилда 297 миллион долларлик Франция инвестициялари ўзлаштирилган.

    Франциянинг “Total Eren” компанияси билан ҳамкорликда лойиҳа қиймати 100 миллион доллар бўлган 100 мегаватт қувватли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш, “Orano Mining” компанияси билан лойиҳа қиймати 345 миллион доллар бўлган истиқболли ҳудудларда уран қазиб олиш борасида геология-қидирув ишларини амалга ошириш, Сирдарё вилоятида “EDF” ширкати билан ҳамкорликда 1 минг 600 мегаватт қувватга эга бўлган буғ-газ электростанциясини қуриш, “SUEZ” компанияси иштирокида Сурхондарё вилоятини ичимлик сув билан таъминлаш каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Франция ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари виночилик, туризм инфратузилмаси, тўқимачилик, кимё, фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларининг истиқболларини юқори баҳолашмоқда.

    Худди шу каби ЕИнинг бошқа мамлакатлари билан ҳам ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Буни 2017 йилдан Европа инвестиция банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон билан ҳамкорликни тиклагани мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу европалик инвесторларнинг мамлакатимизда ишлашга қизиқиши юқори эканидан далолат. Шундай қилиб, Европа мамлакатлари капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони 2017 йилдан буён 2,4 баробар ошиб, 1 минг 52 тага етди, улардан 300 дан зиёди 100 фоиз Европа капиталига эга.

    Ҳамкорлик истиқболлари

    Ҳозир дунё иқтисодиётида глобал ноаниқлик сақланиб қолмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бундай шароитда барқарор ривожланаётган ва дунёнинг бошқа барча мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка очиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси жаҳон хўжалиги алоқалари ва муносабатларида тобора аҳамиятли роль ўйнай бошлади. Жараёнлар ривожи шуни кўрсатдики, минтақамиз давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам турли ташқи таъсирларга нисбатан барқарор эканлигини намоён қилди. Бугунги кунда Марказий Осиё дунё инвесторлари нигоҳида ижтимоий жиҳатдан барқарор, инвестицион жозибадорлик нуқтаи назаридан бир мунча қулай минтақа сифатида намоён бўлмоқда. Хусусан, ҳозир минтақада 70 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, минтақа географик жиҳатдан Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк вазифасини ўташи мумкинлиги, ушбу ҳудуд давлатларининг бой табиий ва минерал хомашё заҳираларига эгалиги катта қизиқиш уйғотади.

    Йирик халқаро иқтисодий ташкилотлар, хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки минтақа иқтисодиётининг истиқболлари борасида ижобий башоратларни бермоқда. Унга кўра, 2023 йилда минтақа иқтисодиёти ўртача 5,2 фоизга ўсади. Ўзбекистонда 2023 ва ундан кейинги йилларда ҳам ижобий ўсиш суръати сақланиб қолади, иқтисодий ўсиш суръати ўртача 6–6,5 фоиз атрофида бўлади.

    ЕИ билан Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари демократик институтларни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамиятини қарор топтириш; иқтисодиёт тузилмасини такомиллаштириш ва иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш; “яшил ўсиш” ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларига рақамли технологияларни изчил жорий этиш; таълим, фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш; савдо сиёсатини эркинлаштириш; жиноятчилик ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш; иқлим ўзгаришларига биргаликда қарши курашиш каби устувор йўналишларда амалга ошириб келинмоқда.

    2022 йил октябрь ойида Қозоғистонда “Деворлар эмас, аксинча, кўприклар қуриш лозим” шиори остида ўтказилган МО мамлакатлари раҳбарлари ва Европа Кенгаши президенти даражасидаги Марказий Осиё — Европа Иттифоқи биринчи саммити ҳамкорликнинг юқорида тилга олиб ўтилган устувор йўналишларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

    Ўйлаймизки, Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё — Европа Иттифоқи иккинчи саммити ҳам минтақа мамлакатлари, шу жумладан, мамлакатимиз тараққиётига катта ҳисса қўшади.

    Мамажон МАМАТОВ,

    иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates