Тўқимачилик саноати Ўзбекистоннинг нафақат иқтисодий ривожи, балки жаҳон бозоридаги ўрнини белгилаб берувчи асосий йўналишлардан бирига айланиб бормоқда. Узоқ йиллар давомида дунё бозорига фақат пахта хомашёси сотиб келган мамлакатимиз бугун пахтани қайта ишлашнинг тўлиқ занжирини яратди, “Made in Uzbekistan” бренди остидаги тайёр тўқимачилик маҳсулотлари кўплаб давлатларга кириб боряпти. Айниқса, ўзбек пахтасига қўйилган тақиқнинг 2022 йилда бекор қилиниши миллий тўқимачилик саноатимизда янги даврни бошлаб берди ва тармоққа жаҳоннинг машҳур брендлари катта қизиқиш билдирмоқда.
Ўтган ҳафта пойтахтимизда бўлиб ўтган “UzTextile Expo Spring — 2023” тўқимачилик ҳафталигида бунга яна бир карра гувоҳ бўлдик. Ҳафталик доирасида ўтказилган йирик форум ва тадбирларда 160 дан ортиқ хорижий компания вакиллари иштирок этиб, маҳсулотларини намойиш этиш баробарида миллий тўқимачилик бозоримиз билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Кенг мулоқот майдонида эришилган ҳамкорлик келишувлари, имзоланган йирик битимлар кўлами эса аввалги йиллардагидан анча юқори. Юртимиз ва хорижнинг масъул ташкилотлари ўртасида имзоланган 2023-2024 йилларда Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар режаси, яъни йўл харитаси шулар жумласидан.
Тўқимачилик ҳафталиги яна бир йирик меморандум — Ўзбекистоннинг расман “Better Work” дастурига қўшилишига доир ҳужжат имзоланишига ҳам йўл очди. Келишувлар асносида мазкур дастурни юртимизда татбиқ этиш бўйича лойиҳага старт берилди. Эндиликда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро молия корпорациясининг тикув-тўқимачилик саноатида муносиб меҳнат стандартлари ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Better Work” қўшма дастурининг расмий аъзоси сифатида жаҳон брендлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятига эга бўлмоқда.
Ушбу дастур дунё тўқимачилик саноатида ўз ўрни ва нуфузига эга. У давлатни машҳур бренд ва компаниялар учун юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотларининг барқарор ва масъулиятли ишлаб чиқарувчиси сифатида қабул қилиниши кафолати ҳисобланади. Биргина мисол, жорий йил 25 мартда машҳур “Disney” бренди Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган маҳсулот етказиб берувчи мамлакатлар рўйхатини эълон қилди. Аммо бунда мамлакатда “Better Work”нинг фаолият юритиши асосий талаб сифатида кўрсатилган.
Хўш, халқаро дастур унга аъзо мамлакатлар олдига қандай талаблар қўяди? Мазкур талаблар бир қанча бўлиб, аввало, шу соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир ишчининг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш лойиҳанинг бош мезонидир.
Бу унинг номидан ҳам маълум. Яъни “Better Work” инглизчадан таржима қилинганда “муносиб меҳнат” маъносини англатади. Тикув-тўқимачилик корхоналаридаги меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, корхоналарнинг рақобатбардошлигини ошириш ва иқтисодий ўсишга кўмаклашиш кабилар дастурнинг асосий мақсад-вазифалари қаторидан жой олган. Шу мақсадда дастур доирасида корхоналар, айниқса, аёллар учун меҳнат шароитларини яхшилаш, ходим ва бошқарув тизими ўртасида мулоқотни ўрнатиш, самарали бошқарув тизимлари, кадрлар малакасини ошириш, асосий миллий меҳнат стандартлари ва Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига риоя қилиш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Айни пайтда халқаро лойиҳа аъзолари қаторига Бангладеш, Вьетнам, Гаити, Миср, Индонезия каби давлатлар киради. Дастурнинг умумий қамрови 2,4 миллиондан ортиқ киши ишлайдиган 1,7 минг фабрикани ўз ичига олади. Ушбу ташаббуснинг ҳамкорлари эса тўқимачилик, трикотаж ва тикувчилик соҳасидаги йирик ва халқаро миқёсда тан олинган 40 дан ортиқ компаниядан иборат. Бунга мисол тариқасида H&M, С&A, Levi’s, GAP каби йирик брендлар номини келтириш мумкин.
Халқаро меҳнат ташкилотининг “Better Work” дастурига қўшилишнинг ўз талаблари бор. Талабгор давлат 10 та мезон асосида баҳоланиб, сўнг аъзоликка қабул қилиш бўйича хулоса берилади. Мезонлар қатъий ва халқаро аҳамиятга эга бўлиб, улар орасида соҳада меҳнат стандартларига мувофиқлик билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, мамлакатдаги ижтимоий ва сиёсий барқарорлик, халқаро харидорларнинг ушбу етказиб берувчи мамлакатга бўлган қизиқиши, дастурнинг молиявий ва институционал барқарорлиги учун имкониятлар мавжудлиги, саноат имкониятлари каби жиҳатлар жиддий эътиборга олинади.
Ўзбекистон дастурга қўшилиш учун қатор мажбуриятлар, хусусан, товон пули тўлаш, шартномалар тузиш шартлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, ходимларнинг соғлиғи ва иш вақти, касаба уюшмалари фаолияти эркинлигини таъминлашни ўз зиммасига олади.
Шу ўринда ушбу дастурга аъзолик бизга нима беради, деган савол туғилади. Юқорида таъкидланганидек, аввало, тўқимачилик соҳасидаги халқаро брендларнинг юртимиз билан ҳамкорлигини оширади. Жорий йилда тўқимачилик саноатимизда экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу йўлда “Better Work” дастури қўшимча имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Tufts университети томонидан дастур самарадорлиги мустақил баҳоланганида, у аъзо давлатлар учун қатор натижалар бериши аниқланди. Жумладан, корхоналарнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, рентабеллигини ошириб, буюртма портфели ўсишига туртки беради. Ишчилар учун иш шароитлари яхшиланиши, ортиқча иш вақти ва таъқиблар мавжуд эмаслиги, эркаклар ва аёллар ўртасида тенг меҳнат ҳақи, муносиб ижтимоий таъминот, юқори ойлик, самарали касаба уюшма механизмларини яратишга хизмат қилади.
Ушбу дастур лойиҳасини амалга ошириш инсон ҳуқуқлари бирламчи ўринга кўтарилган мамлакатимизда янада аҳамиятли кўринади. Боиси, дастурга қўшилиш орқали Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти ва муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш соҳасидаги тавсияларга биноан ўз халқаро мажбуриятларини қатъий бажариш вазифасини зиммасига олмоқда. Бу унинг жаҳон майдонида ушбу йўналишдаги обрўсини янада мустаҳкамлаши, бу орқали хорижлик ҳамкорлар ишончини оширишга хизмат қилади.
Қолаверса, дастурни амалга ошириш меҳнат муносабатлари соҳасидаги миллий қонунчиликнинг амалий қўлланилиши ҳамда такомиллашишини оширади, меҳнат шароитларини яхшилаш ва аҳоли даромадларининг ўсишига кўмаклашади. Миллий тикув-тўқимачилик саноатига энергия тежовчи технологияларни кенг татбиқ этиш, ишлаб чиқаришнинг экологияга таъсирини камайтириш билан бирга, меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга янада кенг йўл очади.
Гулруҳ НИЯЗМЕТОВА,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги
Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари